1948 йилда ташкил этилган ушбу гигант корхона кон-карьер ва қурилиш соҳалари учун юклаш қуввати 30 тоннадан 450 тоннагача бўлган дунёдаги энг йирик самосваллар ва махсус техникаларни ишлаб чиқаради. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 2 минг бирлик техникага тенг бўлиб, маҳсулотлар 50 га яқин давлатга етказиб берилади.
Икки томонлама музокаралар чоғида Навоий вилоятидаги тоғ-кон саноати корхоналари ва «БЕЛАЗ» АЖ ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича бир қатор келишувларга эришилди.
Навоий вилояти делегациясининг Беларусь Республикасига амалий ташрифи доирасида чорвачилик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ва илғор тажрибаларни вилоят амалиётига жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Беларусь Республикасининг Минск вилояти Молодечно туманидаги давлат иштирокидаги йирик чорвачилик комплекси фаолияти ўрганилди.
Учрашув давомида чорва молларини парваришлаш, наслчилик ишларини йўлга қўйиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, замонавий технологиялардан фойдаланиш ҳамда маҳсулдорликни ошириш борасидаги тажрибалар муҳокама қилинди.
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бошчилигидаги делегациянинг Беларусь Республикасига ташрифи доирасида Минск вилояти ижроия қўмитаси раиси Алексей Кушнаренко билан учрашув ўтказилди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларининг янги босқичи, хусусан, ҳудудлар ўртасида саноат, инвестиция, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Минск вилоятининг машинасозлик, агросаноат ва чорвачилик соҳаларидаги илғор тажрибаси Навоий вилояти учун муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Делегация аъзолари Минск шаҳридаги «Минск трактор заводи» (МТЗ) фаолияти билан танишди.
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бошчилигидаги делегация Беларуснинг Гомель вилоятида ҳам бўлиб, қатор манфаатли шартномаларни расмийлаштирди.
Гомель вилояти ижроия қўмитаси раиси Иван Крупко ва Президент ёрдамчиси Юрий Валеватый билан учрашув ўтказилди. Мулоқотда савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 5 та устувор йўналиш (чорвачилик, «Навоий савдо уйи», маҳаллийлаштириш, кадрлар ва соғлиқни сақлаш) илгари сурилди.
Гомель вилояти ижроия қўмитасида икки томондан 12 нафардан масъул раҳбарлар, бошқарма бошлиқлари ва йирик корхона директорлари иштирокида музокаралар ўтказилди. Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш, СЭЗ «Гомель-Ратон» имкониятларидан фойдаланиш ва аниқ муддатларга эга қўшма «Йўл харитаси»ни шакллантириш бўйича топшириқлар берилди.
Ўзбекистоннинг Беларусдаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Нуриддин Мамажонов иштирокида 2026–2027 йилларга мўлжалланган «Йўл харитаси» ва муҳим битимлар имзоланди. Битимларга кўра, «Гомсельмаш» учун 20 дан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмларни Навоийда ишлаб чиқарилади, Гомель шаҳрида Навоийнинг 860 турдаги маҳсулотлари сотиладиган «Навоий савдо уйи» очилади, Навоий коллежларида Гомель стандартлари бўйича кадрлар тайёрланади ва 20 нафар навоийлик шифокор Беларусда малака оширади.
Соғлиқни сақлаш бошқармалари, онкология ва Кўп тармоқли тиббиёт марказлари ўртасида меморандумлар имзоланди. Кардиология, онкология ва трансплантология бўйича тажриба алмашиш ва қўшма «Тиббиёт ҳафталиклари»ни ўтказиш йўлга қўйилди.
Делегация «Гомсельмаш» АЖнинг ишлаб чиқариш жараёнлари ва қишлоқ хўжалиги техникалари билан танишди. Навоий машинасозлик корхоналарида энг харидоргир 20–30 турдаги бутловчи қисмлар учун техник аудит ўтказиш ва тажриба туркумини чиқаришга келишилди.
Шунингдек, Рогачёв туманидаги «Тихиничи» агрокомплексига ташриф буюрилди. 6 та йирик чорвачилик мажмуаси ва 19 минг гектар майдонга эга замонавий агрокомплекс тажрибаси ўрганилди. Белорус технологиялари асосида Навоийда наслдор чорвачиликни ривожлантириш ва озуқа базасини мустаҳкамлаш бўйича келишувларга эришилди.
Эришилган келишувлар вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.
Делегация ташрифи давом этмоқда