Вилоят ИИБ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор профилактик тадбирлари доирасида ижтимоий тармоқларда ўтказган мониторинг натижасида гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ бир қатор ҳолатларни аниқлаган.

Шундан сўнг Тезкор қидирув хизмати ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилган.

Дастлаб Telegram орқали гиёҳванд моддаларни «закладка» усулида истеъмолчиларга етказиб берган гуруҳ етакчилари қўлга олинган. Шундан кейин жиноят занжири бўйлаб гуруҳнинг бошқа аъзоларини аниқлашга қаратилган тадбирлар давом эттирилган.

Натижада гуруҳнинг 2 нафар омбор вакили, гиёҳвандлик моддаларини яшириб, манзил ва локациясини етказувчи 2 нафар шахс, 8 нафар наркокурьер ҳамда 11 нафар мижози қўлга олинган.

Тезкор тадбирлар давомида 1 килограммга яқин гашиш ва истеъмол қилиш учун тайёрланган қўлбола воситалар далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.