Ўзбекистон –Афғонистон иқтисодий, маданий алоқлари янада кучаймоқда. Бунинг маъанавий ва маданий ҳаётдаги исботи сифатида яқинда (7–8 апрель, 2021 йил) Афғонистон Ислом Республикасининг Ҳирот шаҳрида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган анжуманни келтириб ўтиш мумкин. Унда ҳукумат вакиллари, навоийшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар иштирок этди.
Аслида, Алишер Навоий мақбараси мажмуасида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиб чиқиш вазифаси Президентимизнинг 2020 йил 19 октябрдаги “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган эди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида ўзбекистонлик мутахассислар афғонистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда мақбара мажмуасини анъанавий меъморчилик, санъат ва безак элементларидан фойдаланган ҳолда таъмирлаш ва тиклаш бўйича ишларни амалга оширади. Мазкур тарихий ҳужжат биз навоийшунос олимларнинг йиллар давомида амалга оширилиши орзуга айланган мақсадларимиз учун кенг йўл очди.
Куни кеча тақдим этилган лойиҳада мақбаранинг кириш ва қолган йўлакларига Ҳазрат Навоийнинг ҳикматли сўзлари битилган китоб кўринишидаги белгилар қўйилиши ҳамда декоратив ўтиргичлар ўрнатилиши ҳам белгиланган. Шунингдек, боғнинг кириш қисмида саккиз бурчакли масжид бунёд этилади. Кириш пештоғидан ҳовли қисмининг чап ва ўнг томонида ёпиқ услубда айвонлар барпо этилади. Мақбаранинг ташқи кўринишига безак берилади. Гумбаз, мақбара олди ва ён қисмлари майолика элементлари билан ишланади. Мажмуа ҳудуди кўкаламзорлаштирилади.
Ҳа, Алишер Навоийнинг маънавий боғи шу кунгача кўнгилларни шод этиб келган бўлса, энди мутафаккир бобомиз мақбараси ва унинг атрофидаги боғ ҳам зиёратга келганлар қалбини яшнатади, эзгу мақсадлар сари чорлайди.
Президентимиз қарорида “Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси, Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда хорижий давлатларда сақланаётган Алишер Навоий қаламига мансуб ва у яшаган даврга оид қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини мамлакатимизга олиб келиш чораларини кўрсин”, дея таъкидлаб ўтилган. Шу йўналишда факсимиле нашрларни амалга ошириш ишлари биз фаолият юритаётган Маданият вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказида ҳам олиб борилмоқда. Навоий девонларидан бирининг факсимиле нашрини тайёрлаб, чоп этиш устида ишлаяпмиз.
Асосий вазифаларимиздан бири Навоий меросини хорижий тилларга таржима қилиб, уни дунёга танитиш ҳамда буюк мутафаккир ижоди бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар билан шу соҳа олимларини таништиришдан иборат.
Хорижда, хусусан, Ғарбда Навоий ижоди бўйича муайян тадқиқотлар икки асрдан давом этиб келади. Китобхонларга уларнинг асл мазмунини етказиш, шунингдек, илмий манбаларни нашр этиш бўйича кенг кўламли иш олиб бораяпмиз. Зеро, буюк шоир ва мутафаккир ижодий мероси боқийдир.
Афтондил ЭРКИНОВ,
филология фанлари доктори