Сана муносабати билан ташкил этилган “Навоий ва Шарқ Ренессанси” мавзусидаги симпозиумда ўзбек навоийшунослари билан бирга АҚШ, Россия, Туркия, Озарбайжон, Тожикистон каби хорижий мамлакатлардан ҳам атоқли олимлар қатнашди.
Унда шоир ҳаёти, юксак инсонпарварлик ғоялари ва илмий-адабий меросини нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш масалаларига эътибор қаратилди.
Анжуманни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид очиб берди.
– Навоийни билиш, уни англаш, асарларини чуқур таҳлилида бугунги халқаро анжуманнинг ҳам аҳамияти катта, деб ўйлайман, – дейди Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Бу каби эзгу ишларни амалга оширишда давлатимиз раҳбарининг “Буюк шоир ва мутафаккар Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорини ижросининг давом этаётганини билдиради.
Симпозиумда адабиётшунослар Жаббор Эшонқул, Иброҳим Ҳаққул, Шуҳрат Сирожиддинов, Нурбой Жабборов каби ўзбек олимлари ҳамда Яшар Косим, Танжу Сейхан, Ваҳит Турк, Татьяна Аникеева каби қатор хорижлик меҳмонларнинг Алишер Навоий адабий меросига бағишланган илмий маърузалари тингланди.
Конференция куннинг иккинчи ярмида ҳам давом этди. Унда Навоий асарларида фонетика, шоир асарларининг саҳнавий талқини, унинг шеъриятида комил инсон ғоялари каби қатор тадқиқот маърузалари эшитилди.
Шундан сўнг, Шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева “Алишер Навоий тадқиқотлари таҳлиллари” лойиҳаси доирасида чоп этилган “Ғаройибус-сиғар” асарининг таҳлиллари жам бўлган 7 жилдли китобни Ёзувчилар уюшмаси ва Навоий номидаги халқаро жамоат фондига совға қилди.
Зулайҳо Аҳмаджонова,
журналист