Кармана тумани ҳудудида жойлашган  мазкур дала-ўқув майдонининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан шу кунга қадар Навоий гарнизони куч тузилмалари амалий машғулотларни Самарқанд вилояти Каттақўрғон дала-ўқув полигонида амалга ошириб келаётганликлари таъкидланиб, эндиликда мазкур дала-ўқув майдони барча бўлинмаларнинг назарий билим ва амалий кўникмаларини мунтазам ошириб, жисмоний ва жанговар тайёргарликларини мустаҳкамлашга, шунингдек, мазкур маскан Навоий ёшларининг ватанпарварлик руҳида камол топишларига хизмат қилишига ишонч билдиришди.

Шундан сўнг, меҳмонлар дала-ўқув майдонида бунёд этилган назорат ўтиш жойи, майдоннинг бошқарув пункти ва штаб биноси, ётоқхона, ошхона, ўқув синфлари, маиший хизмат кўрсатиш хоналари, тиббиёт пункти, техника воситаларининг турар жойи, оловли тўсиқлар йўлаги, жанговар қуроллардан ўқ отиш йўлаклари ва махсус ўқув машқлари ҳудуди, темир йўл вагони ва автобуслар макетлари ҳамда спорт шаҳарчаси билан яқиндан танишиб чиқишди.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, шу куннинг ўзида янги фаолият бошлаган дала-ўқув майдонида маҳаллий ёшлар ва вилоятдаги Миллий гвардияга бириктирилган мактаб ўқувчилари ўртасида мини футбол ва волейбол спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.

Тадбир доирасида, ёшлар учун ҳарбий хизматчилар томонидан қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар кўргазмаси ҳам ўтказилди.

Унда ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олишди. Кун якунида эса дала қўйнида гулҳан ёқишиб, унинг атрофида жўр бўлиб, қўшиқ куйлаган ҳолда маъданий хордиқ чиқаришди.

Миллий гвардия
ахборот хизмати