Жорий йилнинг 1 май — 1 июль кунлари Навоий вилояти Экология бошқармасининг давлат инспекторлари томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган дарахт ва бута кўчатларнинг ҳолати юзасидан ҳудудларда ўрганиш ишлари ўтказилди. Бу ҳақида Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ўрганиш давомида Учқудуқ туманида 6 нафар, Кармана, Хатирчи, Конимех туманларида 5 нафардан, Қизилтепа туманида 4 нафар, Навоий ва Зарафшон шаҳарларида 3 нафардан, Нурота ва Навбаҳор туманларида 2 нафардан ҳамда Томди тумани 1 нафар масъул шахслар томонидан ҳудудларда 2022 йил куз ва 2023 йил баҳор мавсуми давомида экилган дарахт кўчатлари парваришига эътибор қилмаганлиги ва суғорилмаганлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан ҳудудлардаги 36 нафар масъул шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 79-моддаси 3-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 118 миллион 500 минг сўм миқдорда жарима белгиланди.