Мазкур оғир пандемия шароитида жорий этилган карантин тартиб-қоидалари ва унга амал қилиш тартиби аҳолининг саломатлигини асраш мақсадида қатъий назоратга олинган. Таҳликали вазиятда аҳолининг дори-дармонга эҳтиёж ва талаби юқори бўлган айни пайтда, баъзи бир дориларнинг қора бозорларда юқори нархда қўлма-қўл сотилаётганлик ҳолати ҳам учраб турибди.
1996 йил Навоий вилояти Кармана туманида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта-махсус, ҳозирда Кармана тумани “Каловат” МФЙда истиқомат қилувчи, Навоий шаҳридаги дорихоналарнинг бирида фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро К.Н. билдирилган ишонч ва зиммасидаги масъулиятни суиистеъмол қилди.
У таниши – 1997 йил Навоий шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта-махсус, айни пайтда Навоий шаҳридаги “Гулистон” массивида яшовчи фуқаро Ҳ.М. билан жиноий тил бириктириб, мамлакатимизда эълон қилинган “Covid-19” пандемияси даврида харидоргир бўлган ва ҳозирги кунда дорихонадан ташқарида сотиши тақиқланган дори воситаларини қора бозорда сотиш билан шуғулланган.
Навоий вилояти ИИБ ЖҚБ ходимлари ҳамда Департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси тезкор бўлим ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир давомида, қоидабузарлар Навоий шаҳри, “И.Каримов” кўчаси ёнида харидорга 2 дона қутида 40 дона “Эргоферон” ҳамда 2 дона қутида 40 дона “Рутан” дори воситаларини 500000 сўм пул эвазига сотаётган вақтда қўлга олиниб, тегишли ашёвий далиллар расмийлаштириб олинди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Афсуски, бугунги кескин вазиятда тиббиёт ходимларининг ўрни нечоғлик муҳим аҳамият касб этаётганлиги, уларнинг машаққатли меҳнати сабаб беморлар шифо топаётганлиги барчага аён.
Шунингдек, дорихоналарда кеча-кундуз аҳолига беминнат хизмат қилаётган фармацевтика ходимларининг ҳам бунда меҳнати эътирофга лойиқ бўлган айни пайтда, таассуфки, ўз вазифасидан кўра мўмай даромад топишни мақсад қилган қўштирноқ ичидаги “саломатлик ҳимоячилари”нинг борлиги ачинарли ҳол.
Таъмагирлик, нафсни жиловлай билмаслик оқибатида келиб чиққан ушбу қоидабузарлик ҳолатига эндиликда қонун доирасида баҳо берилади.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати