Маълумки, сўнгги йилларда жаҳон туризм индустриясининг янги йўналиши сифатида геотуризм оммалашиб бормоқда. Навоий вилояти саноатлашган ҳудудлиги боис, унда геотуризм ва саноат туризм йўналишларини ривожлантириш борасида Навоий кон металлургия комбинати давлат корхонаси тасарруфидаги олтин, руда ва бошқа минерал ресурслар қазиб олувчи конлардаги мавжуд инфратузилма объектлари ўрганилди. Келгусида Амантойтов ва Довгизтов конларини сайёҳлар ташриф буюрадиган туристик масканга айлантириш режалаштирилган.
Маълумот ўрнида, Амантойтов ва Довгизтов конлари марказий Қизилқум чўлининг руда майдони минтақасидаги конлар бўлиб, Навоий шаҳридан 180 километр шимолда, Зарафшон шаҳридан 40 километр шарқда жойлашган. Руда захираси кўлами, рудани қазиб олиш технологик шароитининг қулайлиги, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатининг юқорилиги ва бошқа хусусиятларига кўра дунёдаги ноёб конлар сирасига киради. Мазкур олтин қазиб олиш конида, ишлаб чиқариш жараёнига халал бермаган ҳолда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун эксклюзив ноу-хау ва саноат туризмининг янгича услубдаги йўналишини ташкил қилиш мақсад қилинган. Хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг хавфсизлиги таъминланган ҳолда олтин қазиб олиш конида тоғ жинсларини портлатиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини узоқ масофадан, панорама ойнали майдончаларда туриб кузатиш, шунингдек, мазкур ҳудудда улар учун енгил конструкцияли дам олиш масканлари ҳамда қўшимча хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш режалаштирилган, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.