Ижтимоий тармоқлар орқали жорий йилнинг 12 апрель куни “Навоийда мактабдаги жанжалдан сўнг ўқувчи қиз ўз жонига қасд қилди 17 ёшли ўқувчи бир дона игнани ютиб, кетидан кўп миқдорда дори ичгани, айни пайтда кома ҳолатида экани айтилмоқда” номли хабар тарқатилган.
Навоий вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, Хатирчи туманидаги умумий ўрта таълим мактабларининг бирида ўқиётган С.А жорий йилнинг 07 апрель куни соат 14:10 ларда яшаш ҳовлисида кўп миқдорда дори истеъмол қилган. Оқибатда соғлиғи ёмонлашиб, туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига олиб келинган.
Беморнинг аҳволи оғирлашганлиги учун, у Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Навоий филиалининг “Жонлантириш” бўлимига кўчирилган. Бемор кома ҳолатида бўлиб, шифокорлар томонидан унга даво муолажалари олиб борилмоқда.
Хатирчи туман прокуратураси томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.