Тадбирни уюшма раисининг ўринбосари Фарида Афрўз очиб берди. Унда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, филология фанлари доктори Адҳамбек Алимбеков, “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари бош муҳаррири Сирожиддин Рауф ва бошқалар сўзга чиқди.
– Таниқли шоир Ашурали Боймурод мақолалари ва шеърлари билан ўқувчиларга яхши таниш. Матбуот саҳифаларида унинг юртимиз кўҳна тарихига, қадим ёдгорликларига оид қизиқарли, салмоқли мақолалари эълон қилинган, – деди Муҳаммад Али. – Улуғ аждодларимизга эҳтиром шоир ижодида ялт этиб кўзга ташланади. Навоий ва Бобур ижодини ўрганишга бўлган иштиёқ айниқса, унинг публицистик мақолаларида яққол сезилади. Ўқувчини Навоийни ўрганишга чорловчи даъватлар, шеърий оҳанглар асло ўқувчини бефарқ қолдирмайди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан Ашурали Боймурод ҳам бадиий, ҳам журналистлик фаолиятда бирдай фаол экани алоҳида таъкидланди.