Мазкур қутлуғ айём муносабати билан “Навоийуран” давлат корхонаси тизимида ҳам байрам тадбирлари юқори савияда, пухта ташкилий ёндашув асосида ўтказилди.
Байрам муносабати билан корхонада “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” шиори остида кенг қамровли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, унга мувофиқ жойларда байрам сайиллари, маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, кўрик-танловлар ва ижодий учрашувлар ташкил этилди.
Дастлаб корхона бошқармаси ва Уран ишлаб чиқариш заводи ишчи-ходимлари иштирокида ташкил этилган байрам тадбири жамоа аъзоларига баҳорий кайфият ва кўтаринки руҳ улашди. Айёмни муносиб кутиб олиш мақсадида корхона ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.
Эрта тонгдан тадбир майдонига ташриф буюрган меҳмонлар ва ишчи-ходимлар баҳорий руҳда безатилган масканда Наврўзнинг бетакрор тароватини ҳис этдилар. Бошқарма ҳамда Уран ишлаб чиқариш заводи ҳамкорлигида ташкил этилган байрам сайлида миллий анъаналаримизга хос тарзда дошқозонларда сумалак тайёрланиб, китоб ва гул ярмаркалари ўтказилди.
Шунингдек, арқон тортиш, тош кўтариш, варрак учириш каби миллий халқ ўйинлари, шахмат-шашка мусобақалари ташкил этилди. Тадбир якунида ғолиблар касаба уюшмаси томонидан тайёрланган эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ушбу кўтаринки руҳда ўтказилган Наврўз байрами корхона жамоасини янада бирлаштириб, ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Зафарободда кенг қамровли байрам сайли
Янгиланиш, яшариш ва эзгулик тимсоли бўлган Наврўз байрами “Навоийуран” давлат корхонасининг асосий бўлинмаларидан бири жойлашган Зафаробод қўрғонида ҳам катта байрам сайли сифатида нишонланди.
Анъанага мувофиқ, бу йил ҳам байрам тадбирлари корхонанинг кўп минг сонли жамоаси ва маҳаллий аҳоли иштирокида оммавий сайил кўринишида ташкил этилди. “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” шиори остида ўтказилган тадбирларда “Зафаробод” кон бошқармаси 1-, 2-, 3-геотехнологик конлари, Уран геологияси маркази, Автобаза ҳамда “НКМК Жамғармаси” ДМнинг ҳудудий бўлинмаси фаол иштирок этди.
Байрам доирасида миллий ҳунармандчилик ва пазандачилик кўргазмалари, ярмаркалар, гала-концертлар, дорбозлар чиқишлари ва миллий спорт ўйинлари ташкил этилди. Шу билан бирга, корхона бўлинмалари ўртасида турли танловлар ўтказилиб, энг фаол ва ташаббускор жамоалар рағбатлантирилди.
Байрам майдони миллий нақшлар, гуллар ва сўзаналар билан безатилиб, ҳақиқий Наврўз муҳити яратилди. Дастурхонлардан ҳалиса, сумалак, кўк сомса, ширмой кулчалар каби миллий таомлар ўрин олди.
Айниқса, миллий қадриятларимизни намоён этувчи келинсалом, бешик солди, беточар, лачак боғлаш каби маросимлар байрамга ўзига хос мазмун бағишлади.
Бир вақтнинг ўзида турли ҳудудларда дорбозлар ўйинлари, халқ ўйинлари ва концерт дастурларининг намойиш этилиши тадбирни ҳақиқий умумхалқ сайлига айлантирди.
Тадбир доирасида кексалар дуо қилиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва ёшлар келажаги учун эзгу тилаклар билдирдилар.
Якунда “Энг яхши байрам сайлини ташкил этган бўлинма” танлови ғолиблари аниқланиб, корхона раҳбарияти ва касаба уюшмаси томонидан дипломлар ҳамда Тошкент, Бухоро, Шаҳрисабз ва Зомин шаҳарларига саёҳат сертификатлари топширилди.
Байрам тадбири “Ёшлик” маданият саройи ижодий жамоалари, фольклор-этнографик ансамбллар ҳамда эстрада хонандаси Ҳулкар Абдуллаеванинг гала-концерти билан якунланди.
Умумхалқ ҳашари – ободонлик ва ҳамжиҳатлик ифодаси
Жорий йилнинг 13–14 март кунлари мамлакатимиз бўйлаб “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди. Ушбу эзгу ташаббус Наврўз байрами ва муборак Рамазон ҳайитини муносиб кутиб олиш, ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилди.
Мазкур хайрли тадбирда “Навоийуран” давлат корхонаси тизимида фаолият юритаётган ишчи-ходимлар ҳам фаол иштирок этдилар. Хусусан, корхона бошқармаси, Уран ишлаб чиқариш заводи, “Зафаробод” кон бошқармаси, “Учқудуқ” ва “Нуробод” ишлаб чиқариш майдонларида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Ишчи-ходимлар томонидан ҳудудларни ёввойи ўтлардан тозалаш, манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиш, уларга агротехник ишлов бериш, ариқ ва зовурларни тозалаш каби ишлар амалга оширилди. Натижада ишлаб чиқариш объектлари ва атроф ҳудудларнинг санитар-экологик ҳолати сезиларли даражада яхшиланди.
Жумладан, ушбу кунларда корхона ҳудудларига 28 мингдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экилиб, яшил ҳудудлар кенгайтирилди.
Умумхалқ ҳашари нафақат ободонлик ишларини амалга ошириш, балки жамоада ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
“Навоийуран” ДК PR хизмати