Республика Маънавият ва маърифат маркази Тупроққалъа туман бўлинмаси ташаббуси билан»Долзарб ўн кунлик» лойиҳаси доирасида ташкил этилган тақдимот тадбирида Бекзод Абдримов қаламига мансуб «Хоразмийлар изини излаб», «Султон Жалолиддин Хоразмшоҳ Покистонда», «Икки буюк саркарда ёхуд Жалолиддиндан Қутузгача» китоби ҳамда туманимиз ёш ижодкорлари қаламига мансуб «Беғубор болалик баҳори» шеърий китоблари тақдим этилди ва китобларнинг қисқача мазмуни китобсевар иштиокчиларга таништирилди.

Тақдимотда мактабларнинг Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар, ижодкор ўқувчилар ҳамда кенг жамоатчилик қатнашди.

Бекзод Абдиримов қаламига мансуб китоблар Хоразм вилоят ҳокимлиги ва Жалолиддин Мангуберди фонди томонидан нашрга тайёрланди. Китобларда узоқ йиллар ҳукм сурган хоразмийлар империяси тарихи, буюк аждодларимизнинг юртини ҳимоя қилиш йўлида кўрсатган жасорат ва ғалабалари ҳакида ҳикоя қилинади.

«Хоразмийлар изини излаб» номли китоб (VIII-XIII асрлар) Евроосиё ҳудудларида кечган сиёсий ва этник жараёнларда хоразмликларнинг ўрни номли илмий-публицистик-тарихий монографияси чин маънода тарихий-маънавий аҳамияти юксак асардир. «Султон Жалолиддин Хоразмшоҳ Покистонда» номли китоб Бекзод Абдиримов ва Васим Сажжад муаллифлигида ёзилган бўлиб, Ануштегин Хоразмшоҳ давлатининг сўнги ҳукмдори Жалолиддин Мангубердининг 1221-1224 йилларда Покистондаги ҳарбий фаолияти тарихига бағишланади. Шунингдек, Хоразм воҳаси ва унинг қисқача давлатчилик тарихи, Ануштегин Хоразмшоҳлар давлатининг пайдо бўлиши, Марказий Осиёга мўғилларнинг бостириб кириши каби воқеаларни ҳам ўз ичига олган. «Икки буюк саркарда ёхуд Жалолиддиндан Қутузгача» деб номланган китобда Жалолиддин Мангубердининг мўғулларга қарши олиб борган қаҳрамонона курашлари ўз аксини топган. Асар ўзбек тилида ўзига хос дизайн ва юқори полиграфик сифатда нашр этилган.

Хоразм вилояти Тупроққалъа тумани ёш умидли ижодкорларнинг «Беғубор болалик баҳори» номли китоби «Хоразм ёшлари» нашриёт-матбаа уйида чоп этилди.

Туман ҳокимининг маслаҳатчиси Гулноза Собирова ёш ижодкорлар қаламига мансуб «Беғубор болалик баҳори» китоби ва ёш ижодкорлар ижодининг ўзига хос жиҳатлари, китобдан жой олган шеърларнинг мазмун моҳияти, ёшлар тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида фикр юритди. Шундан сўнг китобдан ўрин олган ёш ижодкорларнинг ижод намуналардан ўқиб берди. Мактабда таҳсил олаётган ўқувчиларни ҳам ижодий тўгаракларга чорлаб, устозлар ижодини ўқишни тавсия қилди. Шунингдек, туманимизда умидли ижодкорлар етишиб келаётганидан фахрда эканлигини таъкидлади. Тақдимот якунида иштирокчиларга китоблар жамланмаси совға қилинди.

Фатима Сейдабдуллаева,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Тупроққалъа туман бўлинмаси бош мутахассиси.