Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиевнинг Yuz.uz‘га маълум қилишича, Латвияда Ўзбекистон фуқароларига визалар беришни вақтинча тўхтатиш масаласи кўтарилгани ҳақида хабарлар тарқалиши билан Ўзбекистон томонидан тегишли дипломатик чоралар кўрилган.

Жумладан, Ўзбекистоннинг Ригадаги Элчихонаси томонидан Латвия Бош вазири офиси раҳбарияти, Ташқи ишлар ва Иқтисодиёт вазирликлари, шунингдек, Президент Администрацияси вакиллари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказилган. Шунингдек, ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Латвиянинг Ўзбекистондаги Элчихонаси билан мулоқотлар олиб борган.

Музокаралар давомида Латвия томонига таклиф этилаётган чораларнинг икки томонлама муносабатларга эҳтимолий таъсири юзасидан Ўзбекистоннинг позицияси етказилган. Кўрилган чоралар натижасида Латвия томони мавжуд ҳолатга ўзгартириш киритишга эҳтиёж йўқлигини маълум қилган.

Шу билан бирга, Ташқи ишлар вазирлиги хорижда бўлиб турган ёки хорижга чиқишни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилди.

Вазирлик фуқароларни борган мамлакат қонунчилигига қатъий риоя қилиш, миллий урф-одат ва анъаналарни ҳурмат қилиш ҳамда ўз хатти-ҳаракатларига масъулият билан ёндашишга чақирди.

«Айрим шахсларнинг қонунбузарликка йўл қўйиши нафақат уларнинг ўзларига, балки хорижда қонуний асосда ўқиб, ишлаб, саёҳат ёки истиқомат қилиб юрган бошқа фуқароларимизга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин», — деди Омонулла Файзиев.

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатлар изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.