Шу йилнинг 17–19 апрель кунлари Берлиндаги
Араб маданият уйида ўтказилган халқаро болалар китоб фестивали Ўзбекистон
болалар адабиёти учун ҳам муҳим воқеага айланди. Зеро, тадбирда Германиядаги
Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган миллий стендимиздан
Ўзбекистон болалар адабиётининг бой ва ранг-баранг намуналари кенг ўрин олди. Ўткир
Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» асари ҳамда Ойбек Остонов томонидан амалга
оширилган таржималар алоҳида эътиборни тортди. Замонавий болалар адабиётидан
эса Динара Муминова, Саида Рашидова, Феруза Назарова ҳамда Ситора Усманованинг
китоблари фестиваль кўргазмасига қўйилиб, халқаро китобхонлар эътиборига ҳавола
этилди.
Тадбирнинг энг
ёрқин жиҳатларидан бири — «Кўприк ва Дўстлик» номли икки тилда (ўзбек ва немис)
яратилган китоб тақдимоти бўлди. Ушбу тақдимот интерактив тарзда ташкил этилиб,
болаларда катта қизиқиш уйғотди. Дўстлик ғояси болалар қалбига тез етиб боргани
ҳолда, ота-оналар томонидан ҳам самимий ва илиқ кутиб олинди.
Фестиваль нафақат
китоблар намойиши, балки маданиятлар ўртасида мулоқотни мустаҳкамловчи майдонга
айланди. Унда янги дўстона алоқалар ўрнатилиб, келгусида болалар адабиёти ва
маданий лойиҳалар доирасида ҳамкорлик қилиш учун мустаҳкам замин яратилди.
Бундай халқаро
тадбирларда Ўзбекистоннинг фаол иштироки миллий адабиётимизни дунёга танитиш,
ёш авлод қалбида китобга меҳр уйғотиш ва дўстлик қадриятларини мустаҳкамлаш
йўлида муҳим аҳамият касб этади.
Ситора Усмонова,
Германиядаги ватандош.