Ва шу сукут ичида шундай сирлар борки, уларни фақат кўриб, ҳис қилиб англаш мумкин… Биз ҳам кўриб, хис қилиб англаш мақсадида табиат қўйнига саёҳат қилдик, сирли ва афсонавий, эртакмонанд манзилга етиб келдик. Бизни ўзига чорлаган бу ошён Нефрит кўли эди. Ҳақиқатдан кўл шунчалар гўзалки, унинг фируза рангига бир бор нигоҳ ташлаган инсоннинг табиатдан, гўзалликдан ҳайрати янада ортмай иложи йўқ.
Угом–Чотқол
давлат миллий табиат боғи ҳудуди Ўзбекистоннинг энг гўзал ва бетакрор
масканларидан бири. Бу ер нафақат табиий манзаралари, балки
бой биохилма-хиллиги билан ҳам ажралиб туради.
Ушбу ҳудуддаги машҳур жойлардан бири —
Ғазалкент атрофида жойлашган Бодомзор-Бўритоғ масканидир. Бу ер баҳор ойларида, айниқса, жонланиб, оилалар учун дам олишга
қулай масканга айланади.
Бироқ, Угом–Чотқол давлат миллий табиат боғи табиатни муҳофаза қилиш бўйича
катта инспектори Азимбой Юлдашевнинг таъкидлашича, дам олувчилар белгиланган
қоидаларга қатъий амал қилишлари шарт:
— Чиқиндиларни фақат белгиланган жойларга
ташлаш, ўрмон ҳудудида очиқ оловдан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш, шунингдек,
Қизил китобга киритилган ўсимликлар, жумладан, лолаларни узмаслик зарур.
Шунингдек, ҳудуддаги йирик сув
манбаларидан бири — Чорвоқ сув омбори Пском, Кўксув ва Чотқол дарёлари
сувларидан ташкил топган бўлиб, нафақат табиий, балки рекреацион аҳамиятга ҳам
эга. Бўстонлиқ
тумани, Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида жойлашган Ўрунғоч кўллари эса
табиатнинг яна бир ноёб мўъжизаси ҳисобланади. Сувининг беқиёс
тиниқлиги туфайли бу кўллар “Нефрит” номи билан машҳур. Улар икки қисмдан —
катта (юқори) ва кичик (пастки) кўллардан иборат.
Мутахассиснинг
таъкидлашича, кўл сатҳи одатда апрель ойи ўрталарида энг юқори даражага етади. Қизиғи
шундаки, бу кўлларда балиқ турлари учрамайди. Бу эса уларнинг ташқи сув
ҳавзаларидан табиий тўсиқлар билан ажралиб қолгани билан изоҳланади. Ёз
ойларига келиб, айниқса августда, кўл суви миқдори камаяди ва пастки кўл
вақтинча қуриб қолиши мумкин. Бу ҳолат табиий жараён бўлиб, асосан қор
сувларининг камайиши билан боғлиқ.
Кўл атрофи
ёввойи табиатга бой. Бу ерларда тулки, бўри, оқ тирноқли Тянь-Шань қўнғир
айиғи, Сибир тоғ эчкилари ҳамда ёввойи тўнғизлар учрайди. Улар табиат
мувозанатини сақлашда муҳим аҳамиятга эга.
Азимбой Юлдашевнинг
таъкидлашича, бундай ноёб табиат гўшаларини асраб-авайлаш ҳар бир инсоннинг
бурчи ҳисобланади:
— Табиат — бу келажак авлодга қоладиган
энг катта бойлик. Нефрит
кўли денгиз сатҳидан 1227 метр баландликда жойлашган. Кичик кўл сувининг
ҳарорати 7–8 даражадан ошмайди. Кўлнинг эни 78 метр, узунлиги 350 метр ва
чуқурлиги 10-12
метр атрофида. Бироқ
бу жойнинг ҳақиқий гўзаллиги рақамларда эмас. Бу ердаги асосий мўъжиза —
сувнинг мусаффолиги ва рангидир. Сув шунчалик тиниқки, унинг тубигача аниқ
кўриш мумкин. Шу билан бирга, у фируза — нефрит рангида товланиб туради.
Кўлни ҳосил
қиладиган булоқлар тоғлардаги қорларнинг эришидан озиқланади. Қорлар
эриб тугагач, сув манбалари камаяди ва сув аста-секин ер остига сизиб кетади.
Аммо баҳор келиши билан кўл яна ўз ҳаётини давом эттиради. Ўрунғоч ирмоғи водийсида жойлашган бу кўллар табиий
тош кўчиши натижасида ҳосил бўлган. Баланд тоғлар бағрида жойлашгани сабаб бу
ерга етиб бориш осон эмас. Аммо табиатнинг ушбу гўзаллиги барча қийинчиликларга
арзийди. Нефрит кўлларига ташриф буюриш учун энг қулай вақт — май–июль ойлари.
Бу даврда кўллар тўлиқ сув билан тўлади ва ўзининг энг гўзал қиёфасини намоён
этади.
Нефрит кўли — бу шунчаки манзара эмас. Бу
— инсон билан табиат ўртасидаги сукутли мулоқот. Бу ерда вақт секинлашади, фикрлар тинчланади, инсон
ўзини табиатнинг бир бўлаги сифатида ҳис қила бошлайди. Балки мўъжизавий кўлнинг
сири ҳам шундадир: у жавоб бермайди, балки сукунат ортидан савол йўллайди.
Зулхумор
АКБАРОВА