15 октябрь куни Фарғонада мониторинг станцияси ўрнатилди. 9 октябрь куни эса Самарқандда шунга ўхшаш ускуналарни ўрнатиш ва созлаш ишлари якунланди. Келгусида бошқа аэропортлар яқинида ҳам станциялар ўрнатиш режалаштирилган.

Ускуналар аэропортларнинг санитария-ҳимоя зоналарида жойлаштирилиб, атмосфера ҳавоси ҳолатини кечаю кундуз кузатиш учун мўлжалланган.

Станциялар азот диоксиди, олтингугурт диоксиди, углерод оксиди, озон, аммиак ва водород сульфид каби ифлослантирувчи моддалар, шунингдек, PM2.5 ва PM10 майда заррачаларининг концентрациясини ўлчайди. Шу билан бирга, тизим ҳаво ҳарорати ва намлиги, атмосфера босими, шамол тезлиги ҳамда йўналишини қайд этади.

Ўлчов натижалари автоматик равишда Атроф табиий муҳит мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базасига узатилади. Бу аэропортлар яқинидаги ҳаво сифати ўзгаришларини кузатиш, экологик вазиятни баҳолаш ва зарур чораларни кўриш имконини беради.

Лойиҳа «Malkam Environmental Technologies» компанияси билан ҳамкорликда экологик соҳани трансформация қилишга қаратилган Президентнинг ПФ-81-сон Фармони ҳамда саноат корхоналарининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришга қаратилган Вазирлар Маҳкамасининг 783-сон қарори доирасида амалга оширилмоқда.

Станцияларни ўрнатиш «Uzbekistan Airports»нинг экологик назоратни кучайтириш ва аэропортлар фаолиятининг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш бўйича ишларининг бир қисми ҳисобланади, дейилади АЖ хабарида.