Бугун мамлакатнинг мустақиллиги унинг иқтисодий имкониятлари, илмий салоҳияти, технологик тараққиёти, инсон капитали, шунингдек, таълим тизими, бошқарув сифати ва жаҳон иқтисодиётида муносиб ўрин эгаллай олиши билан ҳам белгиланади. Шу нуқтаи назардан, истиқлолимизнинг муборак 35 йиллиги нишонланаётган айни кунлар биз учун янги саволларни ўртага қўяди.
Ўттиз
беш йилда қандай давлат барпо этдик? Қандай иқтисодий салоҳият яратилди? Таълим
тизими, илм-фаннинг жамият тараққиётидаги ўрни қай даражада ўзгарди? Инсон
капиталига муносабат қандай янгиланди? Ёшларнинг билим ва касбий имконияти қай
даражада кенгайди? Ўзбекистоннинг дунёдаги иқтисодий ва интеллектуал мавқеини
янада мустаҳкамлаш учун қайси вазифаларни ҳал этишимиз керак? Савол кўп, жавоб
ҳам бор. Асосийси, улар мустақилликни мазмунан англаш учун жуда муҳим.
Мустақиллик,
аввало, инсоннинг, жамиятнинг, давлатнинг ўз йўлини мустақил белгилаш
қобилиятидир. Биз ана шу имкониятни янги сифат босқичига олиб чиқиш вазифаси
билан юзма-юз турибмиз. Замонавий дунёда табиий ресурслар, географик мавқе ёки
ишлаб чиқариш қувватлари муҳим аҳамиятга эга. Аммо узоқ муддатли тараққиётнинг
асосий омили билим, малака ва ижодкорлик салоҳиятидир.
Соддароқ
қилиб айтганда, мамлакатлар ўртасидаги рақобат тобора кўпроқ инсон капитали,
билим ва технологиялар рақобатига айланмоқда. Илмий кашфиётлар, рақамли
технологиялар, сунъий интеллект, замонавий ишлаб чиқариш, инновацион иқтисодиёт
ва янги касблар давлатларнинг иқтисодий салоҳиятини белгилаб беряпти. Бундай шароитда
Ўзбекистон учун ҳам энг катта стратегик вазифалардан бири — рақобатбардош инсон
капиталини шакллантириш.
Таълим
тизимини модернизация қилиш, олий таълим қамровини кенгайтириш, илмий тадқиқот
фаолиятини рағбатлантириш, ёшларнинг хорижий тиллар ва замонавий
технологияларни эгаллаши учун имкониятларни кенгайтириш — буларнинг барчаси
мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёти учун хизмат қилади. Бироқ янги босқич
бошланмоқда. Энди масала таълимга кўпроқ ёшларни жалб қилиш билан бирга уларга
рақобатбардош билим бериш, илм-фанни реал иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт билан
боғлаш, университетларни билим ва инновация марказларига айлантиришдан иборат.
Ушбу
тенденцияни, жумладан, Фарғона вилоятининг кейинги йиллардаги тараққиёт
динамикаси мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Фарғона азалдан аҳолиси зич,
меҳнатсевар, тадбиркорлик салоҳияти юқори ва маданий-интеллектуал анъаналари
бой ҳудуд сифатида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаб
келган. Вилоят истиқболи учун мавжуд салоҳиятни замонавий технологиялар,
инновациялар, сифатли таълим ва юқори малакали кадрлар билан уйғунлаштириш
алоҳида аҳамият касб этади. Ҳудуддаги олий таълим муассасалари айни жараёнда
муҳим интеллектуал таянч бўлиши керак. Хусусан, Фарғона давлат университети
учун ҳам бу вазифа алоҳида масъулият юклайди.
Олий
таълим муассасаси фақат диплом берадиган ташкилот эмас. Замонавий университет
илм-фан, таълим, инновация, маданият ва жамият тараққиёти кесишадиган
интеллектуал макондир. Фарғона давлат университетининг кўп йиллик тарихи ва илмий-педагогик
салоҳияти бизга ана шу вазифаларни янада юқори даражада бажариш имконини
беради.
Университет
олдида турган асосий вазифа замонавий билимга эга, мустақил фикрлайдиган,
касбий жиҳатдан рақобатбардош, жамият олдидаги масъулиятини англайдиган ва ўз
соҳасида янги қиймат ярата оладиган мутахассисларни тайёрлашдир. Бунинг учун
ОТМда ўқитиш сифати биринчи ўринда туриши керак. Таълим жараёни замонавий
меҳнат бозори талабларига мослашиши, талабаларнинг тадқиқотчилик қобилияти
ривожлантирилиши, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти қўллаб-қувватланиши
зарур.
Айни
пайтда университетнинг жамиятдаги ўрнини ҳам кенгайтириш муҳим. Олийгоҳ ўз
ҳудудидаги иқтисодий, ижтимоий ва маданий жараёнларни илмий таҳлил қиладиган,
амалий таклифлар ишлаб чиқадиган, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлайдиган ва
ёшлар учун янги имкониятлар яратадиган марказ бўлиши лозим. Зотан, унинг
ҳақиқий нуфузи илмий мактаблари, профессорлари, инновациялари, халқаро
алоқалари ва жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссаси билан белгиланади.
Мустақилликнинг
дастлабки йилларида дунёга келган авлод бугун мамлакат ҳаётининг фаол
иштирокчиларига айланган. Бу жуда муҳим тарихий ҳолат. Ўттиз беш йил аввал
мустақилликни қарор топтириш жараёнида иштирок этган авлод билан бугунги
ёшларнинг ҳаётий тажрибаси бир-биридан фарқ қилади. Учинчи минг йилликда
туғилган авлод очиқ ахборот маконида, рақамли технологиялар муҳитида, глобал
иқтисодий ва маданий алоқалар кучайган шароитда вояга етмоқда.
Демак,
уларнинг имконияти ҳам, улар олдидаги талаблар ҳам катта. Шу сабабли ёшларга
фақат билим бериш эмас, уларни мустақил фикрлаш, масъулиятли қарор қабул қилиш,
ўз соҳасида юқори натижа кўрсатиш ва дунё миқёсида рақобатлаша олишга тайёрлаш
зарур.
Шубҳасиз,
ҳар бир давр замона кишилари қаршисига ўз вазифаларини қўяди. Масалан,
мустақилликнинг дастлабки босқичида давлатчилик асосларини яратиш муҳим эди.
Кейинги даврда иқтисодий ва ижтимоий тизимларни такомиллаштириш, ислоҳотларни
амалга ошириш вазифаси устувор бўлди. Бугун эса сифат босқичига киряпмиз. Ушбу
босқичда давлат институтларининг самарадорлиги, таълим сифати, илм-фан
натижадорлиги, иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги, бошқарув маданияти, инсон
капитали ва инновацион салоҳият ҳал қилувчи ўрин тутади.
Шу
билан бирга, олдимиздаги вазифаларни ҳам аниқ белгилашимиз керак. Кейинги ўн
йилликлар биздан давлат бошқарувининг янги сифатини, иқтисодий тараққиётнинг
янги моделларини, таълим ва илм-фаннинг янги натижаларини талаб қилади. Шу
маънода, Фарғона давлат университети жамоаси учун бу байрам алоҳида мазмун касб
этади. Биз ОТМни мамлакат тараққиётининг умумий жараёнидан ташқарида тасаввур
қила олмаймиз. Негаки биз учун фақат яхши мутахассис тайёрлашнинг ўзи етарли
эмас. Янги билим яратадиган, янги ғояларни илгари сурадиган, илмий ва ижтимоий
муаммоларга ечим таклиф қиладиган, иқтисодиёт ва жамиятнинг реал эҳтиёжларига
жавоб берадиган интеллектуал муҳитни шакллантиришимиз зарур.
Олийгоҳ
илмий-педагогик салоҳияти, кўп тармоқли таълим йўналишлари ва катта жамоаси
билан бу вазифаларни бажариш учун зарур имкониятларга эга. Энди асосий масала —
имкониятларни янада юқори натижага айлантириш.
Давлатчилик
доимий равишда такомиллашиб боради. Иқтисодиёт янги талабларга мослашади.
Таълим бериш ва олиш жараёни, шакллари ўзгаради. Илм-фан янги вазифаларни қабул
қилади. Жамиятнинг эҳтиёжлари янгиланади. Демак, мустақилликнинг мазмуни ҳам
ҳар бир тарихий босқичда янги қирралар билан бойиб боради. Бизнингча, бугун
мустақилликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири мамлакатнинг инсон,
билим ва технологияга таянган тараққиёт моделини янада кучайтиришдир.
Бизга
келгуси даврда катта мақсадлар, аниқ стратегия ва профессионал ижро керак.
Билимли ёшлар, кучли университетлар, самарали илм-фан, рақобатбардош иқтисодиёт
ва ўз соҳасида юқори натижа кўрсата оладиган мутахассислар лозим. Энг муҳими,
ўз келажагини ўзи белгилай оладиган, имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқарадиган ва
тараққиёт учун масъулиятни ҳис қиладиган жамият қуриш йўлидан асло
оғишмаслигимиз шарт.
Бугунги
вазифа ана шу масъулиятни янги авлодлар зиммасига муносиб тарзда етказиш, уларга
сифатли таълим ва кенг имкониятлар бериш, мамлакатимизнинг интеллектуал ва
иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришдан иборат. Ҳозир ана шу ҳақиқатни яна
бир бор англаш, келажакка катта ишонч билан қараш ва кейинги тараққиёт босқичи
учун янги мақсадларни белгилашнинг айни вақти. Биз бу масъулиятни қанчалик
чуқур англасак, келажак шунчалик мазмунли, тараққиётимиз шунчалик самарали ва
авлодлар олдидаги бурчимиз муносиб адо этилган бўлади.
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори,
педагогика фанлари доктори, профессор