Бу «Узлуксиз таълим тизимида психологик хизмат соҳасини илмий асосда ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президентнинг 2026 йил 19 октябрдаги ПҚ–379-сон қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, янги тизим икки босқичда амалга оширилади. 2026/2027 ўқув йилидан мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида, 2027/2028 ўқув йилидан эса ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотларида жорий этилади.
Психологик диагностика Психология илмий-тадқиқот институти томонидан махсус электрон платформа орқали ташкил этилади. Бунда шахсга доир маълумотлар ҳамда диагностика натижасида аниқланган маълумотларнинг сир сақланиши таъминланади.
Диагностика натижалари сунъий интеллект технологиялари ёрдамида таҳлил қилиниб, педагог ва ўқувчилар уч гуруҳга ажратилади:
«психологик барқарор»;
«психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож»;
«фаол психологик қўллаб-қувватлаш зарур».
«Психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож» гуруҳига киритилганларга таълим ташкилоти психологи, «фаол психологик қўллаб-қувватлаш зарур» гуруҳига киритилганларга эса тегишли ҳудуд бўйича ментор психолог бириктирилади.
Қарорда психологларни рағбатлантириш чоралари ҳам белгиланган. Каскадли малака ошириш курсларига ўқитувчи сифатида жалб этилган психологларга ушбу даврда асосий иш жойидаги лавозим маошига нисбатан 20 фоиз миқдорида устама тўланади.
Ўқув йили давомида психологик барқарорликни таъминлашда юқори кўрсаткичларга эришган 150 нафар ментор психолог меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 20 баробари миқдорида бир марталик моддий рағбатлантирилади.
Шунингдек, таълим ташкилотларининг психологик хизмат ходимлари ҳар беш йилда камида бир марта малакасини ошириши шарт этиб белгиланган.
Қарорга мувофиқ, Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетининг Психология ўқув-илмий маркази негизида Психология илмий-тадқиқот институти ташкил этилади ва у Таълим ва илм-фан вазирлиги бўйсунувига ўтказилади.
Институтда 2027 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги лабораториялар фаолияти йўлга қўйилади:
Рақамли психология ва сунъий интеллект;
Таълим психологияси ва психологик хизмат;
Психологик саломатлик ва профилактика.