Сафар давомида Ницца шаҳри мэри Кристиан Эстрози, «Nice Ecovallee» ривожланиш агентлиги директори ўринбосари Дамиен Тайхнер, «Paul Augier» номидаги меҳмонхона ва туризм олий мактаби президенти Денис Феро, «Côte d’Azur» Туризм институти директори Винсент Трикард ва Жанубий минтақа Халқаро туризм меҳмонхона жўжалиги кампуси директори Филип Виллемань билан учрашув ва музокаралар ўтказилди.

Ницца шаҳари мэри Кристиан Эстрози билан кечган мулоқотда у сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юқори баҳо берар экан, ушбу ўзгаришлар давлатимиз раҳбарининг шахсий ташаббуси билан бўлаётганини қайд этди.

- Барча соҳаларда Ўзбекистон билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишдан мафаатдормиз, - деди Ницца шаҳри мэри. - Жумладан, республиканинг қадимий шаҳарларидан бири бўлган, бутун дунёга машҳур Самарқанд шаҳри билан шерикчилик алоқаларини ўрнатишга анчадан буён қизиқиш билдириб келаяпман. Самарқанд билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун барча имкониятларни сафарбар этишга тайёрман. Менинг Ўзбекистонга бориш истагим ҳам йўқ эмас. Айниқса, кўҳна Самарқанд юраги бўлган Регистон майдонида ўтказиладиган «Шарқ тароналари» Халқаро мусиқа фестивалида иштирок этиш менинг орзуим.

 Бундан ташқари, 2021 йилда Ницца ЮНЕСКОнинг Бутунжахон мероси рўйхатига киритилди. Бу борада ҳам Самарқанд билан тажриба алмашишимиз мумкин.

Ўзбекистон дипломатларининг «Nice Ecovallee» ривожланиш агентлиги директори ўринбосари Дамиен Тайхнер билан учрашувида шаҳарсозлик масалалари бўйича фикр алмашилди.

Франция вакили Ницца шаҳрида амалга оширилаётган шаҳарсозлик ва янги инфраструктура лойиҳалари ҳақидаги маълумотларни шртоқлашди. Унинг айтишича, «Nice Ecovallee» лойиҳалари бу шаҳарсозликнинг ўзига хос янги модели бўлиб, экология ва иқтисодиётни уйғунлаштиришга қаратилган.

Дамиен Тайхнер Ўзбекистонда шаҳарсозлик ва уй-жой йўналиши жадал суръатларда ривожланаётганлигини инобатга олиб, «Nice Ecovallee» лойиҳаси тажрибасини Ўзбекистон шаҳарлари  маъмурияти ва қурилиш компаниялари билан бўлишишга тайёр эканлигини билдирди.

«Paul Augier» номидаги мехмонхона ва туризм олий мактаби президенти Денис Феро билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида туризм таълими соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Денис Феро «Paul Augier» мактаби Франциядаги туризм соҳасидаги энг қадимий давлат таълим муассасаларидан бири эканини маълум қилди.

- Бугунги кунда олий мактаб кулинария, кейтиринг ва умумий овқатланиш йўналишларида катта муваффақиятларга эришган, - деди олий мактаб президенти. - Сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда туризм соҳаси жадал суръатларда ривожлаётганидан хабардорман. Бу, ўз навбатида, кадрларга эҳтиёжни янада оширади. Биз ўзбек томони билан сайёҳлик соҳасида кадрлар тайёрлаш йўналишида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

«Côte d’Azur» Туризм институти директори Винсент Трикард ва Жанубий минтақа Халқаро туризм меҳмонхона хўжалиги кампуси директори Филип Виллемань ҳам туризм таълими соҳасида Марказий Осиё давлатлари билан лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирди. Хусусан, Франция томони Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети билан ҳамкорлик битими тузиш ташаббусини илгари сурди.

Учрашув натижасида талабалар ва ўқитувчилар алмашуви, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш,  конференциялар уюштириш, шунингдек,  «Côte d’Azur» Туризм институти ва Жанубий минтақа Халқаро туризм меҳмонхона хўжалиги кампуси директорларининг жорий йил июль ойида Ўзбекистонга амалий сафарини ташкил этишга келишиб олинди.