Ўзбекистон ва Озарбайжон. Ўзбек ва озар халқлари. Дини, тили бир, урфу одатлари, анъаналари ўхшаш бу икки миллат бир ота-она фарзандлари – ака-ука, оға-инилар кабидир. Илдизлари мустаҳкам бу дўсту қардошлик муносабатлари узоқ ўтмиш – ҳазрат боболаримиз замонларидан келаётган анъанадир.
“Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,
Низомий панжасига панжа урмоқ.
Керак шер олдида шер жанги,
Магар шер бўлмаса бори паланги...”
Бу – Низомий Ганжавий “Панж ганж”идан руҳ олиб, ўлмас “Хамса”ни яратган Алишер Навоий бобомиз эътирофидир. ўз асарларида Мавлоно Низомий Ганжавийни устоз дея эътироф этган. Бундан ташқари, “Насойим ул-муҳаббат”, “Мажолис ун-нафоис”, “Муҳокамат ул-луғатайн" асарларида Низомий билан бирга Хоқоний, Шайх Ширвоний, Абу Аббос Сухравардий, Абу Абдуллоҳ Хоқоний Сўфий, Шайх Табризий, Қосим Анварий сингари озарбайжон шоир ва олимларининг номларини ҳам ҳурмат билан тилга олади.
Ўтган аср аввалида Бокуда таваллуд топган Мақсуд Шайхзода тақдир тақозоси билан Тошкентга келиб қолади. Шўро мафкураси тазйиқи билан юртини тарк этган шоир кейинги ҳаётини Ўзбекистон билан боғлайди. У “Мирзо Улуғбек”, “Жалолиддин Мангуберди”, “Тошкентнома” каби асарлари билан ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшади. Ғафур Ғулом, Зулфия, Миртемир каби шоирларимизни озарлар қадрлагани каби ўзбеклар ҳам Сулаймон Рустам, Расул Ризо, Самад Вурғунларни ўз ижодкорларидек эътироф этишади. Ҳар икки халқнинг ижодкорлари ўз асарларида икки элни, икки юртни тараннум этишган. Таъкидлаш керак, атоқли шоир, таржимон Усмон Қўчқор ҳам озарбойжон адабиётидан кўплаб асарларни ўзбек тилига ўгириб кетгани алоҳида эътирофга лойиқ. Бугунги кунда ўзбек ижодкорлари – Жамол Камол, Хуршид Даврон, Маматқул Ҳазратқулов, Йўлдош Эшбек, Бобохон Шариф, Тоҳир Қаҳҳор, Карим Баҳриев, Хосият Рустамова, Шаҳло Қосимова, Гулбаҳор Ашурова, Раҳмат Бобожонлар, озар ижодкорлари – Рамиз Асқар, Яшар Қосимов, Акиф Бағиров, Алмаз Улви, Феруз Мустафо, Салим Бабулла ўғли, Акбар Қўшали, Шоҳиста Комронли сингари таржимон-адиблар устозларнинг хайрли анъаналарини давом эттиришмоқда. Шу кунларда Озарбайжондаги машҳур Жаъфар Жабборли номидаги Озарбайжон давлат драма театрининг 140-мавсуми Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли адиб Қўчқор Норқобилнинг “Беш бева ва бир бошлиқ” мусиқали комедияси билан очилди. Бу дўстлик, адабий алоқалар айни пайтда янада юксак босқичга кўтарилаётганидан далолатдир.
Шу сингари ўй-хаёллар билан самолётимиз Бокуга қўнганини сезмай ҳам қолибман. Сафардошлар – Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази раҳбари Самир Аббосов, адабиётшунос, таржимон Бобохон Шарипов билан ҳамроҳликда кўчага чиқар эканмиз, енгилгина шабада эсар, фарзандини эркалаётган меҳрибон она мисоли юз-кўз, сочларимизни сийпалар эди. Ҳали тонг ёришиб улгурмаган, осмонда битта-иккита юлдуз ҳам кўриниб турибди. Ойнинг хира ёғдуси кишига нафис кайфият бағишлайди. Бизни қарши олган қардошларимизнинг ўғуз лаҳжасидаги инжа лутфлари кўнглимизни нури зиёга чулғади. Шаҳар марказидаги қаҳвахоналардан бирида нонушта қилдик. Энди уловларга ўтириб Шушага қараб йўл оламиз. Мақсадимиз, “Шоирлар мажлиси”нинг очилиш тадбирини ўтказмоқ...
Шуша Бокудан уч юз етмиш, тўрт юз чақирим масофада жойлашган манзил экан. Озарбайжонлик шоирлар, адабиётшунослар, маданият ва санъат аҳли билан уловга ўтириб, қайдасан Шуша дея йўлга отландик. Баҳор кунлари эмасми, осмон кўм-кўк, атроф ям-яшил, йўл бўйида саф тортган дарахтлар япроқлари шамолда майин тебраниб, гўё қўл силкитиб бизни қарши олаётгандай тасаввур уйғотади. Машина ойнасидан атрофни кузатаман: ҳамма хотиржам, биров хизматига, биров яна бир юмушига кетаётир. Шушага боргунга қадар, ҳаммаёқ гўзал, ҳаммаёқ обод. Қорабоғ ҳудудига ўтар эканмиз. Руҳимиз маҳзун тортди. Қулаган деворлар, вайрона уйлар, бузилган масжидлар, ёқиб юборилган иншоотлар... соғ-омон бинонинг ўзи йўқ. На мактаб, на масжид, на бир уй. Ҳаммасида отинг ўчгур урушнинг аянчли асорати... эвоҳ, бу ажал коми қанча-қанча навқирон йигитларни ўз домига тортган экан. Буни ўйлаганинг сари жонинг ҳам, юрагинг, ҳатто ўйларинг ҳам оғрийди, зирқирайди. Коинот гултожи деб аталгувчи инсоннинг бу қадар тубан, бу қадар шафқатсиз эканлиги кўз ўнгингда намоён бўлади-ю, руҳинг товонингга қадар чўкади. Бу вайроналар худди уйларнинг қабристонига ўхшайди. Ҳувуллаб ётибди. Бундай даҳшатли манзара қаршисида тинчлик нечоғли улуғ неъмат эканлигини ҳис этасан. Уни қадрлаш, асраш кераклигини чуқур англайсан. “Уруш номинг ўчсин дунёда”, деб нола чеккан шоирнинг сатрлари сенинг ҳам қалб сўзинг бўлиб юрагингда акс садо беради. Шукур, ҳозир бу жойларда уруш тўхтаган. Қурувчилар, йўлсозлар, муҳандислар, усталар тиним билмай ишлаётирлар. Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ томонидан 2023 йилда Шуша “Туркий дунё маданият пойтахти” деб эълон қилингани бу манзилларни яна ҳам обод бўлишига хизмат қилмоқда. Шу боис бу ерга адиблар, олимлар, санъаткорлар, турли соҳа вакиллари келишмоқда. Сайёҳлар келмоқда. Шуша аввалгидек қаддини ростламоқда. Яна бу жойларда назм ва наво кечалари уюштирилмоқда. Йўл-йўлакай мезбон дўстларимиз – Озарбайжон халқ шоири Наримон Ҳасанзода, Ёзувчилар бирлиги раиси ўринбосарлари, таниқли шоирлар Салим Бабулла ўғли, Илғор Фаҳмий, Саймон Аруз, ёш шоир Фуад Жаъфарзода ва бошқалар билан яқиндан танишиб ҳам олдик.
Дарвоқе, бу гўша Мулла Воқиф Паноҳ, Мирмуҳсин Навваб, Хуршидбону Нотавондек улкан ижодкорлар етишиб чиққан юртдир. Хуршидбону Нотавон Қорабоғ ҳокими Иброҳимхоннинг набираси, Маҳдиқулихоннинг қизидир. Малика Хуршидбони ташаббуси билан “Мажлиси унс”, Мирмуҳсин Навваб саъйи-ҳаракати билан “Мажлиси фарамушон” номи билан мунтазам равишда мусиқа, мушоира кечалари ташкил этиб турилган. Воқиф Қорабоғ хонининг вазири, Хуршидбони хонлар авлоднинг вакили бўлибгина қолмай ўз даврининг энг пешқадам ижодкорларидан саналишган. Шу боис бўлса керак, Шушада адабиёт ва санъат тараққий этган. Муғом санъатининг жозибаси куй-навога ташна ҳар қандай кўнгилга завқ бағишлайди. Ғазалхонлик, шеърхонлик кечалари ҳам ўз даврида жуда баланд мақомда ўтган. Орадан кўп йиллар ўтиб улуғ аждодларнинг қутлуғ анъаналарини Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази яна ҳаётга қайтарди. Яна кўҳна ва навқирон Шуша шоиру санъат аҳлини ўз бағрига чорламоқда. 1872-1910 йиллар давомида шаклланган, ижод аҳлининг нафис анжумани сифатида русмга кирган бу қутлуғ анъана бугунги келиб қайта жонланибди.
“Мажлиси фаромушон”, яъни шоирлар мажлисининг очилиш маросимида ўзбек ва озар ижодкорлари қатнашишди. Денгиз сатҳидан салкам 1500 метр баландликда жойлашган, тоғлар оғушидаги гўзал шаҳар куйларга, қўшиқларга, шеърларга тўлди. Икки кун давом этган баҳру байт, айтишув кечалари унутилмас тассуротларга бой ўтди. Самир Аббосов, бугун ўзбек ва озар шоиру санъаткорлари ҳамкорлигида бўлиб ўтган анжуман бутун туркийгўй ижодкорларни қамраб оладиган катта лойиҳага айланади, деб айтди. Бу гўзал ният. Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ томонидан 2020 йилда Хива шаҳри “Туркий дунё маданият пойтахти”, деб эълон қилинган, шу муносабат билан 2021 йилнинг 12-15 октябрь кунлари Хива шаҳрида “Турк дунёси шоирлари учрашуви” тадбири бўлиб ўтган эди. Унда кўплаб туркий халқлар шоиру адиблари иштирок этди. Ишонамиз, албатта Шушада бошлаган шоирлар мажлиси ҳам ана шундай кенг миқёсдаги анжуманга айланади.
Анор муаллим сабоқлари...
Эртакларда ўқиганман: подшоҳлар дунё кезган сайёҳу савдогарларни ҳузурига чорлаб, уларнинг суҳбатини олар, ва айтар эканларки, бизга эшитганингдан эмас, кўрганингдан гапиргин, дейишар экан. Бобом тоғаю амакиларим ҳарбий хизматдан қайтган чоғларида ёки бирор сафардан қайтиб келишса, қани болаларим, кўп ўқиган мулло бўлади, кўпни кўрган доно бўлади, деган нақл бор, қани сўйланглар-чи, деб қўярдилар. Мен эртакларимиздаги ўша мазмуннию бобомнинг гапларини энди теран англаяпман. Демак, юрт кўриш киши тафаккурини тиниқлаштиради. Бундай натижа эса ўз-ўзидан маълум, сафар давомида бўлиб ўтган вақеалару гўзал суҳбатлардир. Шу маънода мен Ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг сафар қилишнинг беш фойдаси ҳақидаги ҳикматларни ўқиганман: Биринчиси, ғам-андуҳни кетказади; иккинчиси, тирикчилик сармояси ҳосил бўлади; учинчиси, илм ҳосил бўлади; тўртинчиси, одоб-ахлоқ мукаммаллашади; бешинчиси, улуғлар суҳбатида бўлинади.
Ҳар бир юртнинг улуғ кишилари бўлади. Анор муаллим нафақат озарбайжон адабиётсеварларининг, балки ўзбек китобхонларининг ҳам севимли ижодкори ҳисобланади. Унинг асарлари ўзбек тилига таржима қилинган. Такрор-такрор нашр этилади. Бу ҳам Озарбайжон халқ ёзувчиси Анорнинг ўзбек мухлислари қалбидан жой олганлигини англатади. Бокуга келган ижодкор, албатта, Анор муаллимнинг суҳбатини олишга ошиқади. Бизнинг ҳам сафарда кўзлаган мақсадларимиздан бири шу эди.
Мен Анор муаллим билан 2018 йил Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтказилган ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини жаҳон миқёсида тарғиб этиш масалаларига бағишланган халқаро конференция баҳонасида учрашганман. Бу улуғ адибнинг ўзбек-озар адабий алоқарали, улуғ ижодкорлари ҳақидаги ёмби фикрлари мени кўп ҳайратлантирган эди.
Мана Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги биноси. Киришда Низомий ҳазратнинг гиламда тўқилган суврати... Худдики, сизни ҳазратнинг ўзлари қарши олаётгандек таассурот беради. Анор муаллимнинг хонасига кирамиз. Адибнинг иш столида Низомий ҳазратнинг, унинг шундоққина ёнида, нақшинкор лаганда Навоий бобонинг суврати. Жуда эътибор билан қарабман шекилли, салом-аликдан сўнг устоз, мен ишимни туркий халқларнинг ана шу икки улуғ сиймосига салом бериш билан бошлайман, деб лутф қилди. Тошкентдаги учрашувларни эслашдик. Ёзувчининг, мен дунё кезган одамман, бироқ бошқа бирор ерда Ўзбекистонда адиблар учун қуриб берилган ҳашаматли бино каби бир кошонани кўрган эмасман. Буни адабиётга эътибор дейдилар. Мен ўша вақтдаёқ озар матбуотида бу ҳақда чиқиш қилганман. Ўзбекистон Президенти томонидан қилинаётган хайрли ишлар ҳақида ҳавас қилиб ёзганман, деган мазмундаги сўзлари жуда ёқимли эшитилди. Анор муаллим ўзбекнинг кўплаб адибу шоирларини тилга олди. Уларнинг адабиёт ривожига қўшган ҳиссаларини эътироф этди.
Мен суҳбат асносида адибга айтдим. Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида 2019 йил 15 октябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммити бўлиб ўтган эди. Ўзбекистон Президенти маданий-гуманитар соҳалар аҳамиятига алоҳида тўхталиб, Кенгашга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан иборат “Туркий адабиёт хазинаси” номли китоблар туркумини нашр этишни таклиф қилди. Айни пайтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бу борада иш қизғин. Юз жилдик “Туркий адабиёт хазинаси” номли китоблар туркумининг ўн олти жилди озарбойжон адабиётига бағишланади.
Бу хушхабар адиб ва унинг атрофидаги шогирдларию дўстларини қувонтирди. Ушбу жилдларнинг тайёрлаш ишларига астойдил ёрдам беришга тайёр эканликларини маълум қилишди. Озарбайжон Ёзарлар бирлиги раисининг ўринбосари Салим Бабулла ўғли, озарбойжонда ҳам худди сизлардаги сингари юз жилдлик китоб ҳозирлаш зарурлигини ва бу туркий халқлар адабий алоқаларида муҳим аҳамият касб этишини айтди. Суҳбат сўнггида биз Анор муаллимга “Адиблар хиёбони” китоб-альбомини ҳадя қилдик. У киши бизга Низомий Ганжавийнинг “Хамса” китобини совға қилар экан, шундай мазмундаги сўзларни айтди, бизлар кўпроқ учрашиб туришимиз керак. Тошкентда, Бокуда, Хивада, Шушада, Шаҳрисабзу Самарқанда, Нахичевану Ганжада. Қанча кўп дийдор бўлса, бир-биримизни биламиз, таниймиз. Шубҳасиз, адабиёт ва санъат аҳлининг дўстлиги, халқлар, давлатлар дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Анор муаллимнинг бу сўзлари, Президентимизнинг адабий дўстлик –абадий дўстлик, деган фикрларини ёдга солди.
Адолат йўлини ёритган адабиёт
Адабиёт – энг улуғ неъмат. Инсонни инсон мақомида туришига боис ҳам у. Чунки адабиёт меҳр, муҳаббат, садоқат, оқибат аталмиш энг гўзал тушунча ва туйғулар билан киши қалбини тўйинтириб туради. Ҳар бир халқнинг ўзи қадрлайдиган, ифтихор билан тилга оладиган, жону жаҳони билан ўқийдиган асарлари бўлади. Бу асарлар ҳам битта муаллифга тегишли бўлмай, бутун бир халққа алоқадор бўлади. Яна шундай адабий обидалар борки, улар умумтуркий мерос сифатида қадрланади. “Китоби Дада Қўрқут” ёки “Қўрқут ота китоби”, “Гўрўғли” ёхуд “Кўрўғли”, “Алпомиш” ё “Алпамис” ва бошқалар. Ҳар бир туркий халқлар бу каби асарларни ўз халқларига тегишли оғзаки адабий хазина сифатида баҳолашади. Менимча, бу борада ҳар бир халқ ўзига тўғри.
Шундай китоблардан бири “Китоби Дада Қўрқут”. Ушбу китоб Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази лойиҳаси сифатида таржима қилиниб, Бокуда нашр этилди. Таржимон – Бобохон Шариф. Китобнинг тақдимоти Бокудаги халқаро муғом марказида бўлиб ўтди. Китобдан ҳар икки мамлакатнинг маданият вазирлари сўзбошиси ўрин олган. Бу эса китобнинг умумтуркий мерос сифатидаги фикрларимизни яна бирбор тасдиқлайди. Тақдимотда кенг жамоатчилик вакиллари, адабиёт ва санъат намояндалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжондаги фавқулотда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов ҳам иштирок этди.
Яна бир қувончли воқеа. Бокуда таржимон Бобохон Шарифнинг ўзбек-озар адабий алоқаларига бағишланган “Адолат йўлини ёритган адабиёт” китоби ҳам нашр этилибди. Озар тилида ёзилган ушбу китобда адабиётшунос ва таржимон Бобохон Шарифнинг ўзбек ва озар адабиёти хусусидаги мақолалари, икки халқ қадрлайдиган ижодкорлар ҳақидаги фикрлари, атоқли адиблар билан суҳбатлари ўрин олган. Назаримда, бу китоб икки халқ ижодкорларини янада яқиндан билишларига хизмат қилади. Китобнинг тақдимотига бағишланган анжуман Озарбайжон Миллий кутубхонасида бўлиб ўтди. Унда сўз олган Озарбайжон Миллий Мажлиси Маданият қўмитаси раиси, таниқли ижодкор Ганира Пашаева жумладан шундай деди: “Кейинги пайтларда хизмат сафарлари билан Ўзбекистонга кўп маротаба бўлишимга тўғри келди. Ўзбек халқининг озар адабиётига бўлган меҳрини кўриб жуда қувондим. Таржимонлар шоиру ёзувчиларимизнинг асарларини таржима қилиб, адабиёт ихлосмандларига тақдим қилмоқдалар. Адабиётшунос олимларнинг эса озарбойжон адиблари асарларини тадқиқ этаётганларини алоҳида таъкидлашим керак. Уларни китоб қилиш кераклиги хусусида ўйлаб юрар эдим. Чунки бунга эҳтиёж бор эди. Бобохон Шарифнинг ушбу китоби айни муддао бўлди...”
Юқорида таъкидлаганимиздек, икки халқ – ўзбек ва озар халқлари ўртасидаги адабий алоқалари кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бу анъаналарнинг давом этиши мутлақо табиийдир. Маълумки, ўтган йил Низомий Ганжавийнинг 880, Алишер Навоийнинг 580 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан Низомийнинг “Хамса”си Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол томонидан ўзбек тилига, Навоийнинг “Хамса”си атоқли навоийшунос олим Рамиз Асқар томонидан озар тилига таржима қилинди, нашр этилди, тақдимотлари бўлиб ўтди. Таъкидлаш керак, мунтазам равишда ўзбек ижодкорларининг асарлари Озарбайжон, озар ижодкорлари асарлари Ўзбекистон матбуотида таржима қилиб, эълон қилинмоқда. Буларни эслашдан мурод, Бобохон Шариф каби муаллифлар бундай эзгу ишларнинг тарғиботчилари ҳисобланишини таъкидлашдир. Ишончим комил, бу каби хайрли ишлар бардавом бўлади.
Шамоллар шаҳридаги зиёратлар завқи
Ўйлашимча, режадаги тадбирлар юксак даражада ўтди. Меҳмонхонага келдим. Сафардошларимдан бири Бобохон Шариф иш билан Туркияга кетадиган бўлди. Самир Аббосов яна уч-тўрт кунлик иши борлигини айтди. Мен эса эртага Тошкентга – она юртга қайтаман. Мезбонлар йўл олдидан шаҳар айланишни таклиф қилишди. Мен уларга Озар халқининг улуғлари ётган жойларни ҳам зиёрат қилишни, тарихий жойларни кўрсатишларини илтимос қилдим. Таклифим уларга маъқул келди. Тонгда учрашадиган бўлдик.
Меҳмонхона Ҳазарга яқин бўлгани учун тонгда денгиз бўйига бордим. Ҳазар бўйларида тонгни қарши олиш қанчалар ёқимли. Тинмай шамол эсади. Бу ҳам ёқимли, албатта. Бокунинг шамоллар шаҳри деганларича бор экан. Соҳил бўйидаги дарахтларнинг шивирлари, дарахт шохларига қўниб олган қушларнинг сайроқлари, сувнинг тинмай соҳилга урилиб шовқин солиши симфоник оркестр концертига қиёс бўлгулик. Бу манзилларда яшаган киши албатта ижодкор бўлади-да. Табиат гўзаллигига маҳлиё бўлиб соат ўн бўлганини билмай ҳам қолибман. Меҳмонхонага ошиқдим. Мени ёш шоир Фуад Жафарзода кутиб турган экан. Иккимиз дастлаб Фикрат, Самад Вурғун, Бахтиёр Ваҳобзода каби озар миллати ойдинлари ётган қабрларни зиёрат қилдик. Кейин Шаҳидлар хотираси майдонига бориб, ўтганларни ёд этдик. Низомий, Навоий ҳайкаллари пойларида суҳбатлар қилдик. Музейларни айландик. Китоб дўконларига бориб китоблар харид қилдик. Зиёрат ҳам саёҳат ҳам кўнгилдагидек бўлди.
Аэропортга етиб келганимиздан сўнг, Фуад озар чойи ва ширинликларини қўлимга тутқазди. Яна келинг, дея хайрлашди. Мен ҳам уни Тошкентга таклиф этдим.
Умуман олганда Озарбайжондаги сафар таассуротларга бой бўлди. Бу ҳақида яна батафсил ёзиш фурсати ҳам бўлиб қолар... Тошкентга келгунга қадар эса устоз Абдулла Орифнинг машҳур шеъридаги мана бу сатрлар хаёлимдан кетмади:
Хаёл оти билан кезгил ҳар ённи,
Топмассан бундайин хушбахт бир онни.
Муҳр этди дилларга тарих инчунин,
Қадим қондошликни — олий эҳсонни.
Эъзозлаб турибди кўтариб бошга,
Бу кун озар эли Ўзбекистонни.
...Ўзбекман, англамай қаёққа бордим,
Шу инжа озарий тилни, забонни.
Дўстлик бу — муҳаббат янглиғ фараҳким,
Билгай у на ҳадни ва на довонни.
Низомий болидан ҳалво пишурмиш
Навоий забт этиб туркий жаҳонни.
Бир лаҳза қўлидан қўйганми ўзбек,
Ўзинг айт, Фузулий битган девонни.
Мавжуд бўлмасайди оламда агар,
Ўйлаб топар эдим Озарбайжонни.
Ғайрат МАЖИД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари