Бундай қараш эътиборсизлик, “эрта-индин кўраман” қабилидаги беписандликни келтириб чиқаради. Айтайлик, раҳбар учун кичик туюлган муаммо мурожаат билан келган фуқаро учун “ҳаёт-мамот” масаласи бўлиши мумкин. Ҳар бир инсоннинг иши, турмушида ўзига яраша муаммолари бор. Уни ҳамжиҳатликда самарали ҳал этиш талаб этилади.
Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар бир ҳоким ҳудудидаги, вазирлар эса тармоғидаги имконият ва хавфларни олдиндан кўра билиб, проактив, яъни топшириқ кутмасдан, ўзи ташаббус кўрсатиб ишлашга ўтиши шарт. Энг муҳими, аҳоли ва бизнес билан мулоқотни янада кучайтириб, улар сўраётган масалаларни тезда ҳал қилиб бериш раҳбарларнинг асосий вазифаси бўлиши зарур. Ҳақиқатан, ўз ишига чин дилдан ёндашган ҳар қандай раҳбар ҳудудидаги муаммоларни юқоридан топшириқ кутиб ўтирмасдан бартараф этиш йўлларини қидириши керак.
Таҳлилимиз бўйича сўнгги пайтларда мурожаат қилувчилар сони бир оз камайди. Демак, инсонларнинг яхши, ҳаётдан рози бўлиб яшашида ҳиссамиз бор.
Имконият ўз-ўзидан яратилмайди
Нукус — янги имкониятлар, янги брендлар, янги иш ўринлари, замонавий тиббиёт ва таълим масканлари мўл шаҳар. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари, халқаро ҳамкорлик дастурлари, ижтимоий объектлар қурилиши — буларнинг барчаси инсон қадрини юксалтириш, унинг ҳаётини яхшилашга хизмат қилмоқда. Шу маънода, Нукусни Қорақалпоғистондаги ислоҳотлар маркази, трансформация ва тараққиётнинг реал ифодаси, десак муболаға бўлмайди.
Албатта, ҳар бир ислоҳот замирида инсон қадри туради. Инсон қадри эса, аввало, унинг шахсий уйига, ўз бошпанасига эга бўлиши билан ўлчанади. Шунинг учун ҳам уй-жой масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Нукус шаҳрида 3389 квартирали 63 та кўп қаватли турар жой қурилиши кўзда тутилган. Шу кунгача шаҳардаги Қумбиз овул ва Гулзор маҳаллаларида 84 хонадонли 2 та уй фойдаланишга топширилди. Энди эса эътибор Нукус — Чимбой гузари атрофига қаратилмоқда.
Қурилиш ишларига халқаро инвесторлар, жумладан, Хитой компаниялари ҳам жалб этилган. Улар иштирокида 10 та уй-жой қурилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 5 та объектда иш қизғин кечмоқда.
Шу билан бирга, аҳоли уй-жойлари ҳолатини яхшилаш, эскирган биноларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари ҳам кенг кўламда амалга оширилмоқда. Нукус шаҳрида 2926 та уй-жой таъмирлаш мақсадида қамраб олинган. Шундан шу кунгача 824 та уй таъмирланиб берилди, 448 тасининг томига янги шифер қопламалар ўрнатилди. 32 та турар жой эса бутунлай қайта қурилди.
Нукус шаҳрида қурилиш объектлари сони ортиб бораётган бугунги шароитда уларни сифатли материаллар билан таъминлаш масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Энди бу талабни четдан эмас, балки маҳаллий имкониятлар ҳисобидан қондириш мумкин.
Масалан, қурилиш саноати учун стратегик аҳамиятга эга янги корхона — базальт хомашёси асосида иссиқлик сақловчи материаллар ишлаб чиқарувчи завод иш бошлади. Лойиҳа доирасида йилига 40 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Ушбу саноат майдони учун 677 миллиард сўмдан зиёд инвестиция киритилди. Базальт асосидаги материаллар иссиқликни яхши сақлаши, экологик тозалиги ва барқарорлиги билан аҳамиятли. Шу боис, улар нафақат уй-жойлар, балки йирик саноат объектлари қурилишида ҳам кенг қўлланилиши кутилмоқда. Натижада 300 та иш ўрни яратилди ва июль ойидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Озарбайжонга экспорт қилина бошлади.
Қорақалпоғистон қуёшли кунларининг кўплиги билан тоза энергия ишлаб чиқариш учун қулай ҳудуд. Энди бу афзаллик ишлаб чиқаришга айланмоқда. Нукус шаҳрида қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи биринчи завод — “Нукус электроаппарат” қўшма корхонаси йилига 150 мегаватт қувватга эга бўлган панеллар ишлаб чиқармоқда. Ишлаб чиқариш Хитой ускуналари ва Жанубий Корея технологияси асосида ташкил этилган. Айни пайтда 30 дан ортиқ мутахассис иш-ламоқда. Яқин келажакда улар сони 150 тага етади. Эътиборлиси, қуёш панеллари ишлаб чиқариш Ўзбекистонда биринчи бўлиб Қорақалпоғистонда йўлга қўйилмоқда.
Йирик бизнес ва туризм маскани
Нукус энди нафақат маъмурий ва маданий марказ, балки йирик бизнес ва туризм масканига айланяпти. Биргина мисол, шаҳримиз марказида қурилиши бошланган замонавий конгресс-холл мажмуаси 78 миллион долларлик инвестиция асосида барпо этилмоқда. Ушбу лойиҳа нафақат замонавий архитектура, балки шаҳар инфратузилмасини мутлақо янги босқичга олиб чиқадиган ғоялардан бири ҳисобланади.
Шаҳримизда хизмат кўрсатиш соҳасини янги босқичга олиб чиқадиган яна бир йирик лойиҳа — “Karakalpak Palace Premium” меҳмонхонаси қурилиши бошланди. Бу Қорақалпоғистондаги илк беш юлдузли меҳмонхона бўлиб, у нафақат юртдошларимиз, балки халқаро сайёҳлар ва инвесторлар учун ҳам юқори даражадаги сервисни тақдим этади.
Йирик сервис лойиҳаларидан яна бири “Эко бозор” мажмуасидир. 3 гектар майдонда барпо этилган ушбу бозорда 148 та савдо ўрни ташкил этилиши белгиланган бўлиб, 130 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Унда 225 нафар фуқаро доимий ва мавсумий иш билан таъминланиши кўзда тутилган.
“Long Water” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 1,5 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хориж инвестицияси ҳисобидан “Shilpiq” бренди лойиҳаси амалга оширилиб, бозорлар қадоқланган сифатли сув билан таъминланмоқда. Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида 50 га яқин иш ўрни яратилди.
Бугунги кунда Қорақалпоғистонда илгари бўлмаган йўналишлар ҳам пайдо бўлмоқда. Масалан, илк бор Нукус шаҳрида замонавий стандартларга жавоб берадиган “Monte”
музқаймоқлари ишлаб чиқариш корхонаси йўлга қўйилди. “Yuventa Nukus” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа асосида бозорларни сифатли сут маҳсулотлари билан таъминланишига эришилди.
Юрагимизга яқин мавзу
Ёшлар мавзуси юрагимга яқин. Негаки улар юрт келажаги. Ташаббус ва ғояларга бой бугунги авлод вакиллари. Шу боис, улар билан суҳбатлашиб, фикрлари билан қизиқаман.
Президентимиз эътибори ва жонкуярлиги туфайли, айниқса, қорақалпоғистонлик ёшлар олий таълим муассасаларида таълим олишидаги қўшимча квоталар, “Ёшлар дафтари”даги талабаларга контракт пулларининг тўлаб берилиши мўъжиза...
Ҳа, ҳозирги вақтда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган янгиликларнинг нафақат гувоҳи, балки иштирокчиси бўлмоқдамиз. Ҳар қадамда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари авж олган. Масалан, Нукус шаҳрида Таълимни баҳолаш агентлигининг 1000 ўринли янги биноси фойдаланишга топширилди. 18,3 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилган ушбу бинода абитуриентлар учун миллий ва халқаро тест синовларини юқори стандартларда ташкил этиш имконияти бор.
Шунингдек, рақамли технологиялар соҳасида етук кадрлар тайёрлаш мақсадида ташкил этилган Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Нукус филиали ҳам иш бошлади. 61 миллиард сўм-лик давлат инвестицияси ҳисобига барпо этилган ушбу таълим масканида АT соҳаси бўйича чуқур билим бериш учун барча шароитлар мавжуд.
Президентимиз ташаббуси ва топшириқлари асосида Қорақалпоғистонда спорт соҳасини ривожлантириш, ёшлар учун замонавий шароит яратиш йўлида амалий ишлар қилинмоқда. Жумладан, умумий қиймати 13 миллиард сўмдан зиёд маблағ асосида кураш маҳорати мактаби қурилиши олиб бориляпти. Мактаб таркибида 150 ўринли ётоқхона, стандарт спорт зали, стадион ва ошхона бўлади. Бугунги кунда ушбу қурилишнинг 94 фоизи якунланган. Шунингдек, 79,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилган гимнастика маркази қурилиши бошланган. Лойиҳа Президент қарори асосида амалга оширилмоқда. Фойдаланишга топширилгандан кейин гимнастика спорт турларини ривожлантиришда улкан аҳамиятга эга иншоот бўлиши кутилмоқда.
Яқинда эса бокс маҳорати мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди. 3,1 миллиард сўм инвестиция асосида қурилган бино ёш спортчилар учун замонавий имкониятга эга.
Мамлакатимизда ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни соғлом ва баркамол этиб тарбиялашга қаратилган ислоҳотлар қаторида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳам устувор йўналишга айланмоқда.
Ўзига хос маданий иншоот
Шаҳар марказида қад ростлаган очиқ амфитеатр нафақат янги инфратузилма лойиҳаси саналади, балки нукусликлар, хусусан, ёшлар учун маданий ва ижтимоий фаолликнинг янги масканига айланмоқда. Бу ерда концертлар, театр томошалари, очиқ мулоқотлар, байрам тадбирларини ўтказиш мумкинлиги эса шаҳар аҳолиси учун яна бир замонавий имконият ҳисобланади.
Буни яққол исботлайдиган мисоллардан бири Нукус шаҳридаги “Оқ қуш” мажмуасида қад ростлаган, дунёдаги энг катта қора уй (ўтов) ҳисобланади. 40,5 метр диаметр ва 22 метр баландликка эга ушбу улкан иншоот 2024 йил 22 август куни Гиннесснинг рекордлар китобига расман киритилди. Бу нафақат Қорақалпоғистон, балки бутун Ўзбекистоннинг маданий салоҳияти ва меъморий имкониятларини дунёга танитган воқеа бўлди дейиш мумкин.
Халқ учун, келажак учун
Нукусда амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳа бу — халқ учун, унинг келажаги учун. Бу давлат раҳбарининг мамлакатимиз тараққиётига, одамлар ҳаётига қаратаётган эътиборининг амалдаги ифодаси. Айниқса, шаҳар кўчаларида замонавий бинолар, кўп қаватли уйлар қурилиб, кўзни қувонтирадиган даражада ўзгаришларга юз бурмоқда. Шаҳар аҳолиси сони ҳам йилдан йилга кўпайиб, давлатимиз раҳбарининг таърифи билан айтганда Ўзбекистоннинг иккинчи пойтахти кундан кунга чирой очиб, кенгайиб боряпти. Бугунги кунда шаҳримизда 350 мингдан зиёд аҳоли 71 та маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилади.
Барча масалалар аста-секинлик билан, босқичма-босқич ечим топяпти. Шаҳримизнинг деярли барча кўчаларига асфальт ётқизилмоқда. Илгари асфальт йўллар масаласи 10-15 йиллар давомида тўлиқ ҳал этилмай қолар эди. Ўша ечилмасдан қолган шаҳримиздаги йўл масаласидаги муаммолар сўнгги йилларда барҳам топяпти.
Бундан ташқари, ҳудудий дастур доирасида 2025 йилда жами қиймати 2,3 триллион сўм бўлган 107 та лойиҳа ишга туширилиши ва 2471 та янги иш ўрнини яратиш режалаштирилган. Шундан бугунги кунда қиймати 806,3 миллиард сўм бўлган 48 та лойиҳа ишга туширилди ва 561 та янги иш ўрни яратилди.
Бугунги кунда камбағалликдан чиқарилган оилалар 585 та, аҳоли сони 2052 нафар кишини ташкил этади. 2025 йилнинг 1 январигача камбағал оилалар 6,6 минг оила, камбағаллик даражаси 8,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра камбағал оилалар 5,4 минг, камбағаллик даражаси 6,1 фоизни ташкил этди.
Юртимизда ота-боболаримиз кўрмаган бугунгидек ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларидан халқимиз чексиз миннатдор. Сўнгги йиллар ичида амалга оширилган ўзгаришлар давлат раҳбарининг аҳолимизга, ҳудудга бўлган эътибори ва ишончи натижасидир. Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқ учун яратилаётган қулайликлар ва инсон манфаатини юксак қадрлаш сиёсати барча соҳаларда ўз самарасини бермоқда.
Абатбай ДАНИЯРОВ,
Нукус шаҳар ҳокими