Мамлакатимизда юз бераётган иқтисодий, сиёсий ва маънавий-маданий соҳалардаги ўзгаришлар барча тизимларда янгиланишларни, янгича ёндашув асосида белгиланган вазифаларни амалга оширишни тақозо этмоқда.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциациясининг асосий мақсади, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш, жамият ҳаётида иштирокига кўмаклашиш, ташкилий механизмларини амалга оширишни мустаҳкамлаш, обрўсини, салоҳиятини оширишга қаратилгандир.
Бугунги кунда, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари ривожланишидаги муаммоларни ҳал этиш йўлларини кўрсатиб берувчи ва уларни бартараф этишда кўмаклашувчи ташкилотга айланмоқда.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси нодавлат ташкилотларининг эркин фаолият олиб бориши учун зарурий ҳуқуқий маълумотлар билан таъминлаш, ўқув дастурлари жорий этиш, турли йўналишларда грант лойиҳалари танловларини эълон қилиш имкониятига эга.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўзини ўзи бошқариш органлари сифатида фуқароларнинг турли ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилади. Фуқаролар ўз қизиқиш ва манфаатларини индивидуал ҳолда эмас, балки фуқаролик институтлари – ННТлар орқали амалга оширади. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти жамиятда, ижтимоий муносабатларда қанчалик юқори даражада бўлса, ННТларда фуқаролар иштироки қанчалар фаоллашса, фуқаролик жамияти тамойиллари шунчалик даражада амал қилади.
Шу маънода, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз иш фаолиятларини самарали олиб боришлари учун уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини яратиш ҳам муҳим аҳамиятга эгалиги, Республикада фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларнинг янги Ўзбекистон тараққиётидаги ўрни муҳим эканлиги инобатга олиниб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан уларга бир қанча имкониятлар яратилди. Мазкур йўналиш бўйича нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган, замонавий демократик талабларга ва халқаро стандартларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий база янада такомиллаштирилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги «Нодавлат нотижорат ташкилотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5012-сон Қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги «2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони имзоланди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг қонуний жиҳатдан мустаҳкамланганлиги, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси имконияти яратилганлиги, фуқаролар ўзларининг ижтимоий манфаатлари ҳамда имкониятларини эмин-эркин рўёбга чиқара олишлари – жамият ҳаётида ўзини ўзи бошқариш тамойилининг амал қилишини таъминлайди.
Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қароридан келиб чиқиб, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси таркибий тузилмасида «Нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими» ташкил этилди. Мазкур бўлим Ассоциация фаолияти билан боғлиқ бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этиб, соҳани тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар беради.
Бўлимнинг асосий вазифаларидан яна бири, Ассоциацияга аъзо бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини давлат органларида, судларда, халқаро, хорижий, шунингдек, бошқа ташкилотларда ифода этиш ва ҳимоя қилишдан иборат.
Бундан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, етказилган моддий зарарларни қопланиши ва бошқа ҳуқуқий масалаларда қўллаб-қувватлайди, бир сўз билан айтганда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлайди. Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ишчанлик фаолиятига таъсир кўрсатувчи ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларга ҳуқуқий ва услубий маслаҳатлар бериб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди, Ассоциацияга аъзо бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий ва услубий маслаҳатлар бериш, ҳар томонлама қўллаб қувватлаш, фаолиятлари билан боғлиқ бўлган қизиқтирган саволларга зудлик билан жавоб бериш борасидаги ишларни янада яхшилаш мақсадида телеграм тармоғида (t.me/UzNNTMA_huquq) ҳуқуқий мурожаатлар гуруҳи очилиб, ишга туширилди.
Хулоса қилиб айтганда, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси уларнинг самарали ва ҳеч қандай тўсиқларсиз иш олиб бориш, ривожланиш кафолатидир.
Нормурод Шодмонов,
Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси,
ННТлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи