Ёшларнинг жаҳон андозалари даражасида билим олишига шарт-шароит яратиш, фанларни чет тилида чуқурлаштириб ўқитиш ва бу орқали таълим сифатини оширишда нодавлат таълим муассасаларининг ўрни алоҳида. Мамлакатимиздаги бу турдаги муассасалар учун қатор имтиёзлар берилган. НТМларга узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратиш ва аввал ажратилган кредитлар муддатини узайтириш, таълим ҳамда унга тегишли хизматлар бўйича барча солиқ тўловларидан озод бўлиш каби имтиёз ва имкониятлар нодавлат таълим муассасаси очиш истагидаги тадбиркорларга қувват бағишлайди.

Ўқув марказларига бўлган бундай эътибор жавобсиз қолмади. Аниқроқ айтганда, сўнгги йилларда ёшларнинг чет тилларни ўрганишга қизиқиши беқиёс даражада ўсди. Ўзбекистондаги ўқув марказлари сони бир неча баробар ошди ва самарадорлиги бўйича Марказий Осиёдаги бошқа давлатларни ортда қолдирди.

Охирги йилларда таълим сифати анча юқорилади, НТМлар сони Тошкентнинг ўзида уч мингтага етиб қолди. Бу ёшларнинг жаҳон андозалари даражасида билим олиб, меҳнат бозорида рақобатбардош ва юқори малакали мутахассислар бўлиб етишишига замин тайёрлаяпти.

Ҳозирги вақтда ўқув марказлари ёшларга нафақат яхши имкониятлар, тажриба ва бошқа давлатларда ўқиши учун етарли билим беряпти, балки улар учун ўсишга қулай бўлган иш ўринлари ҳам яратмоқда. Бунга ўқув марказларида ишлаётганларнинг ўртача ёши 30 ёшдан ошмаётгани, кўплаб йигит-қизлар шу соҳада банд экани яққол мисолдир.

2014 йилда 600 АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ва ижарага олинган 3 та хона билан иш бошлаган Cambridge ўқув марказининг бугунги кунда 5 та филиали мавжуд. Шу кунга қадар марказда 40 мингдан зиёд ўқувчи таҳсил олди ва қайсидир маънода ҳаётини ўзгартирди.

Ёшларнинг ўсиши учун фойдали лойиҳаларни йўлга қўйганмиз. Масалан, “Cambridge Internship” орқали билими бор 17-18 яшар йигит-қизлар иш тажрибасига эга бўлиши, меҳнат бозорига тайёрланиши, халқаро сертификат олиб, Cambridge жамоасига қўшилиши учун имконият берилади. Бу улар учун ўзига хос мотивация ва инглиз тилини сидқидилдан ўрганишига рағбатдир.