Молибден, вольфрам, индий, рений, палладий, платина, галлий, таллий... Бу ер қатламида жуда кам учрайдиган элементларнинг шартли номи. Улар 70 дан ортиқ металлдан иборат. Деярли барчаси таркиби мураккаб маъданларда учрайди, юқори қиймати билан ажралиб туради. Масалан, калифорний -252 металлининг атиги бир грамми миллион долларга баҳоланган. Унинг бу даражада қимматлиги ноёблиги билан изоҳланади. Бутун дунёда атиги 5 грамм атрофидаги калифорний -252 ни топиш мумкин экан. Қолаверса, бу металл сунъий равишда бир мартагина 1958 йили яратилган. У радиоактивлиги билан ажралиб туради. Парчаланиш даврида жуда катта миқдорда энергия ажралиб чиқади.

Анча мураккаб жараёнлар натижасида олинувчи осмий метали етти изотопдан иборат. Ҳар бири турли масса рақамларига эга – 184 дан 192 гача, 185 ва 191 бундан мустасно. Энг оғир 192 изотоп табиий осмий умумий ҳажмининг 41 фоизини, 187 изотоп эса, атиги 1,6 фоизини ташкил этади. Нархлари ҳам шунга яраша. Ҳар бир грамми 200 минг долларгача етиб боради.

Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Ноёб металларнинг аксарияти тоғ жинсларида мураккаб бирикма сифатида учрайди. Шу боис уларни ажратиб олиш учун замонавий технологиялар, кучли билим ҳамда юксак малака талаб этилади. Бугунги кунда “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖнинг 7 та нодир ва камёб маҳсулот бўйича ишлаб чиқариш технологиясига оид муаллифлик ҳуқуқига эгалиги унинг илмий-муҳандислик салоҳиятидан далолат беради.

Бугунги кунда техноген чиқиндиларни қайта ишлаш муаммоси бутун дунёни ташвишга солмоқда. Мамлакатимиз ҳам бундан мустасно эмас. Жумладан, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ҳам мутахассислар узоқ вақтдан бери чиқиндилардан фойдаланиш йўлини излаб келишган. Фақат кейинги йилларга келиб бу борада муқобили бўлмаган тажрибага эга бўлишди.

2020 йил июнь ойида комбинатда илк бор софлиги 99,4 фоиздан кам бўлмаган палладий кукуни олинди. Бунинг учун 17 та технологик жараённи бажаришга тўғри келди. Ўтказилган тадқиқотлар асосида паст концентрацияли электролит эритмаларидан юқори тозаликка эга бўлган соф палладий кукунини ажратиб олишнинг янги технологияси ишлаб чиқилди. Самарадорлик ҳам чакки эмас, 80 фоизни ташкил этди.

— Дунё миқёсида палладийга бўлган талаб жуда юқори, — дейди Инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш технологик маркази бўлими бошлиғи Зулфизар Мирзанова. — Лекин у ҳар доим ҳам маъданларда етарли даражада учрамайди. Олим-мутахассисларимиз томонидан мис ишлаб чиқариш чиқинди шлам маҳсулотларининг қайта ишланган электролит эритмаларидан қимматбаҳо металлни тўлиқ ва соф ҳолда ажратиб олиш янги технологиясининг яратилиши бунга имкон яратди. Аслида илмий тадқиқотлар 2018 йилнинг ноябрь ойида бошланган эди. Асосий мақсад техноген чиқинди – электролит эритмаларида, у гарчи 1 литрда 50 миллиграмм бўлган тақдирда ҳам соф палладий кукунини ажратиб олиш усулини ишлаб чиқишга қаратилди. Вазифа ошириб бажарилди. Айни пайтда ҳатто 40 миллиграмм палладий бир литр эритмада қолганда ҳам чўкмага тушириб олинмоқда. Чунки, комплекс чўктириш ва тозалашнинг янги усули ана шундай самара беряпти.

Бугунги кунда Япония, Хитой, Европа ва Шимолий Америка давлатлари саноат бозорида палладийдан унумли фойдаланиб келинади. Улар сафига мамлакатимиз ҳам қўшилаётгани импорт ўрнини босиш ва экспортни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Дунё бозорида 1 грамми 60 доллардан ортиқ  баҳоланадиган мазкур нодир металлни ишлаб чиқариш саноати йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Платинадан ҳам қиммат юрадиган бу нодир металл асосан тиббиёт, электроника, машинасозлик ва кимёвий ишлаб чиқариш тармоқларида кенг қўлланилади.

Жамият олим ва мутахассисларининг узоқ йиллик изланишлари, илмий тадқиқотлари туфайли ўтган йили платина ишлаб чиқариш технологияси бўйича ҳам муаллифлик ҳуқуқи қўлга киритилди. Натижада комбинатда олтинга нисбатан ер юзида уч баробар камроқ учрайдиган ноёб металлни тайёрлаш технологиясини жорий этишга йўл очилди. Шу пайтгача дунёда 5 та платина ишлаб чиқарувчи давлат бўлса, Ўзбекистон олтинчи мамлакат сифатида улар сафига қўшилди.

Бугун жаҳон бозорида платинанинг 1 грамми 31 долларга баҳоланади ва нархи тобора ошиб боряпти. У қўрғошиндан 2 баробар зич бўлгани ҳолда,  ўтга чидамлилиги, электр ўтказувчанлиги, зангламаслиги туфайли космос, тиббиёт, электротехника, шишасозлик, авиасозлик, кемасозлик, автомобилсозлик учун ўта зарур хомашё сифатида ишлатилади. Заргарлар эса, бири-биридан нафис буюмларни тайёрлашда унинг оловга бардошли, қаттиқ ҳамда ўта эгилувчанлиги учун “Рангли металлар маликаси”, дея қадрлайди.

Янги лойиҳалар ва хорижий бозорларга йўл

“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖнинг Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар бўйича илмий ишлаб-чиқариш бирлашмаси мутахассислари томонидан олиб борилаётган янги изланишлар ҳам эътиборни тортади. Бу ерда 2016 йилдан буён амалга оширилаётган илмий изланишлар, лаборатория синовлари ўз самарасини бермоқда. Жумладан, бу ерда беш йиллик тадқиқот ва машаққатли меҳнат эвазига 2021 йилга келиб 99,9 фоиз соф ҳолдаги рений метали олишга муваффақ бўлинди. Ушбу ноёб маҳсулот кукунининг ажратилишига аслида Мис эритиш заводининг нодир металлар ишлаб чиқариш цехида тайёрланадиган перренат аммоний асос бўлди.

Менделеев даврий жадвалининг 75-ўрнида жойлашган бу металл ўзига хос ноёб физик-кимёвий хусусиятларга эга. Масалан, нефтни қайта ишлаш корхоналарида ундан катализатор тайёрлашда асосий компонент сифатида фойдаланилади. Авиасозлик ва электротехника соҳаларида эса деталлар учун асосий элемент ҳисобланади. Рений ўзининг ноёблиги туфайли ҳаттоки, ядро саноатида ҳам асқатади. Унга инсон саломатлигини тиклашда ҳам эҳтиёж борлигини инобатга оладиган бўлсак, комбинат меҳнат жамоаси эришган ютуқнинг аҳамияти нақадар беқиёс экани янада ойдинлашади.

— Асосий фаолиятимиз вольфрам ва молибден каби ноёб металлар, шунингдек, қаттиқ қотишма маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан иборат, — дейди бирлашманинг ишлаб чиқариш бўйича директор ўринбосари Улуғбек Рўзиев. — Тайёрланаётган вольфрам ва молибден маҳсулотларининг 95 фоизи Европа мамлакатларига экспорт қилинмоқда Биз маҳаллий корхоналар учун ҳам ўтга чидамли маҳсулотлар бўйича инвестиция лойиҳасини амалга оширишга катта эътибор қаратяпмиз. Маҳсулотлар асосан пўлат ишлаб чиқариш, машинасозликда ва ҳарбий саноатда қўлланилади.

Маҳаллий бозор учун метални қайта ишлаш саноатида ишлатиладиган қаттиқ қотишмаларга эҳтиёж катта. Масалан, 2019 йилда маҳаллийлаштириш бўйича учта лойиҳа амалга оширилган бўлса, 2020 йилда 32 турдаги маҳсулот, хусусан, машинасозлик учун кесувчи асбоб-ускуналар, ўтга чидамли маҳсулотлар, зирхли дисклар ўзлаштирилди. 2021 йилда яна 30 та лойиҳа, жумладан, Ўзбек-корейс илмий-технологик маркази билан биргаликда ўтга чидамли маҳсулотлар, янги қаттиқ қотишмаларни ишлаб чиқариш ишлари амалга оширилди.

Илмий асосланган режа амалий ишлар билан уйғунлашган тақдирда кўзланган самарани беради. “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ томонидан 2022—2024 йилларга мўлжалланган Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар илмий ишлаб чиқариш бирлашмасини ривожлантириш ҳамда янги маҳсулотларни ўзлаштириш дастури ижроси бунинг ҳаётий тасдиғи. Дастурга мувофиқ, корхонада умумий қиймати 61,52 миллион долларлик 30 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бу туфайли 2024 йилга бориб маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 3,9 триллион сўмга етади. Ўсиш суръати эса 10,4 мартага ошади. 164,2 миллион долларлик экспорт амалга оширилиб, бу борада 5,4 баробар ўсишга эришилади.

Маҳаллийлаштириш дастури бўйича 132 лойиҳа ўзлаштирилади ва ўсиш 4,1 баробарга тенг бўлади. Умуман олганда, 1 минг 300 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Бирлашмада 2022 йил ва 2023 йилнинг дастлабки чорагида амалга оширилган лойиҳаларга эътибор қаратадиган бўлсак, молибден ишлаб чиқариш ҳажми 800 тоннадан 1 минг 200 тоннага етказилди. Натижада 17,2 миллион доллар қийматда қўшимча маҳсулот ишлаб чиқарилди, соф фойда 5 миллион долларни ташкил этди. Бундай ютуққа эришишда ўтган йилнинг май ойида пирометаллургия цехи таркибида молибден металини олиш бўйича янги участка фаолиятининг ҳиссаси катта. Ушбу участкада олиб борилган самарали тадқиқот ишлари натижасида соф ҳолдаги, яъни 99,97 фоизли молибден метали олинди ва ишлаб чиқаришга жорий этилди. Унга қадар бирлашмада 96,4 фоизли молибден ишлаб чиқарилиб келинган. Аҳамиятлиси, унинг софлик даражаси қанча ошса, нархи ҳам шунча кўтарилиб бораверади. Жаҳон бозорида ўтган йил июнь ойида 1 килограмм 99,97 фоизли молибденнинг нархи 46,85 долларни ташкил этган эди. Жорий йилдаги нархлар ҳам шу атрофида. Бу корхонада молибден экспортининг ўсиш суръати 2,43 фоизга ошиши, йилига 5 миллиард сўмлик фойда келтиришини кўрсатади.

Яна бир эътиборли жиҳати, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси натижасида янги турдаги композит қотишма, яъни металл керамика ўзлаштирилди. Ундан сирпанма подшипниклар тайёрлаш мумкин. Бунинг учун темир кукуни ва молибден карбиди асосидаги композит қотишмалар ишлаб чиқариш участкаси ҳам ташкил этилди. Подшипникларнинг афзаллиги шундаки, улар узоқ муддат хизмат қилади ва шу ернинг ўзида ишлаб чиқариляпти.

Масалан, доимо ишлатиладиган шарикли подшипникнинг хизмат муддати бир ойдан ошмаса, таклиф қилинаётган молибден карбиди асосидаги сирпанма подшипник ундан икки баробар ва ундан ортиқ ҳам хизмат қилади. Унга бир йилда ўртача 1 минг 500 дона эҳтиёж бўлиб, биттасининг нархи 639 минг сўм туради. Авваллари ишлатиладиган бир дона шарикли подшипник нархи 954 минг 500 сўм эканини инобатга олсак, комбинат бир йилда ўртача 473 миллион сўмни тежашга эришади.

Комбинатнинг Мис эритиш заводи таркибидаги ноёб металлар ишлаб чиқариш цехи ҳам тобора кенгайиб боряпти. Бу ерда асосан таркибида миқдори 25 фоиздан кам бўлмаган молибден куйиндиси ҳамда таркибида камида 69,3 фоиз рений бўлган перренат аммоний олинади. Яқинда ушбу цехда мавжуд 4 та печ яна 2 тага кўпайди. Улар комбинатнинг ўзида ишлаб чиқарилган ва асосийси, қуввати хорижникига нисбатан 30 фоизга юқори. Печларни ўрнатиш ишлари ҳам комбинатнинг “Олмалиқметаллургқурилиш” трести ишчилари томонидан амалга оширилди. Шу тариқа, молибден куйиндисини комбинатнинг ўзида чуқур қайта ишлаш йўлга қўйилди, перренат аммоний эса тўлиқ экспортга жўнатиляпти. Келгусида янги қурилаётган 3-мис бойитиш фабрикасидан келадиган ярим тайёр маҳсулотлар ҳам ушбу цехда қайта ишланади.

Улкан захира, юқори салоҳият ва амалий ишлар уйғунлиги

Каттақўрғон шаҳридан жануби шарқдаги Зирабулоқ тоғларида жойлашган “Ингичка” кони ўтган йили “Олмалиқ КМК” АЖ тасарруфига ўтказилди. Фабриканинг биринчи босқичи йиллик ишлаб чиқариш қуввати 100 тонна вольфрам концентратини ташкил этади, 80 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Иккинчи босқич доирасида йилига 285 тонна вольфрам концентрати ишлаб чиқаришга эришилади.

Вольфрам — нодир металлар сирасига киради ва қаттиқ қотишмалар учун асос ҳисобланади. Ундан пўлатларни легирлашда, ейилишга чидамли ва иссиқбардош қаттиқ қотишмалар олишда фойдаланилади. Шунингдек, авиация, космонавтика ва электротехникада кенг қўлланилади. Зичлиги юқори бўлганлиги учун ундан зирҳлар ҳам тайёрланади. Ҳозирги кунда жаҳон бозорида 1 килограмм вольфрамнинг нархи — 40 доллар.

Бирлашманинг асосий минерал хомашё базаси Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳудудида жойлашган Ингичка вольфрам кони техноген чиқиндилари ҳисобланади. Бу ерда жами 7 минг 203 тонна вольфрам уч оксидининг захиралари мавжуд. Уларни қайта ишлаш ва вольфрам концентратини ажратиб олиш ҳисобига янги турдаги юқори қўшилган қийматли экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва илк вольфрам маҳсулоти олинди.

Жиззах вилояти Фориш туманидаги “Учқулоч” қўрғошин-рух конини саноат асосида ўзлаштириш ва Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатига маъдан етказиб бериш ишлари 1979 йилда бошланган. Конда рудани майдалаш цехи ва унда меҳнат қилувчи кончилар учун қисқа вақт ичида кичик саноат шаҳарчаси барпо этилган. Қўрғошин, руҳ рудаси очиқ усулда қазиб олиниб, вагонларда Олмалиқдаги комбинатга жўнатиб турилган. Аммо кейинчалик олиб борилган нотўғри бошқарув тизими ҳамда иқтисодиёт таназзулга юз тутиши оқибатида “Учқулоч” кони ёпилиб кетган, уларда меҳнат қилган фуқаролар ишсиз қолган...

Шу йил баҳорида конни қайта тиклаш лойиҳаси борасидаги саъй-ҳаракатларга старт берилди. Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳамда Туркиянинг “Esan Eczacibasi” компанияси ўртасида мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича уч томонлама шартнома тузилди. Шартномага кўра, конда разведка ишларини олиб бориш, рудани қазиб олиш ва қайта ишлаш каби вазифалар амалга оширилади. Бунинг учун 200 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилиши, камида 600 киши иш билан таъминланиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда жаҳон бозорида 1 тонна қўрғошин нархи 2 минг 128 доллар, рухнинг 1 тоннаси эса – 2 минг 810 доллардан зиёд туради. Қўрғошиндан асосан аккумулятор батареялари ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Шунингдек, бу маҳсулот радиоактив нурларни ютиши сабабли ундан радиоактив моддалар сақланадиган идишлар, рентген хоналари учун қурилмалар тайёрланади. Бундан ташқари, занглашдан ва механик таъсирдан ҳимоя қилиш учун ҳам электр кабеллар қўрғошин билан қопланади.

Рух асосидаги қотишмалар автомобиль салонининг ички қисмини безаш учун, эшик тутқичлари, қулфлар, нометалл ва корпусларини ишлаб чиқаришда ишлатилади. Рух оксиди автомобиль шиналарига қўшилади ва бу каучук сифатини сезиларли даражада яхшилашга хизмат қилади.

– Кондан йилига очиқ усулда 500 минг тонна ярим тайёр руда қазиб олиниб, лойиҳа доирасида яқин келажакда йилига 500 минг тонна маъданни қайта ишлашга мўлжалланган замонавий бойитиш фабрикаси қурилади, – дейди “Учқулоч” кони раҳбари Азиз Беркинов. – Фабрикада йилига 5 минг 400 тонна рух ҳамда 18 минг 400 тонна қўрғошин концентрати олинади.

“Олмалиқ КМК” АЖ бошқаруви раисининг иқтисодиёт, молия ва трансформация бўйича ўринбосари Феруза Ҳамидованинг маълум қилишича, мис ва рух ишлаб чиқаришдан ҳосил бўладиган ташланма эритмалардан қўшимча ноёб металлар ажратиб олиш бўйича илмий изланишлар натижаларини амалиётга жорий қилиш ҳам режалаштирилган. 2023 йилда  рух заводи жамоаси томонидан 92 минг тонна рух метали, 105,6 минг тонна сульфат кислотаси, 470 тонна кадмий метали ишлаб чиқариш назарда тутилган.

Мис асосида рангли металларни қайта ишлаш ҳамда янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича “Deutsche Innovatsion Texnologiyalar - AGMK” қўшма корхонаси ташкил этилди. Қўшма корхонада умумий қиймати 32 миллион доллар бўлган 7 лойиҳа амалга оширилмоқда. Ҳозирга қадар қиймати 3 миллион долларлик 1 та лойиҳа ишга туширилди ва 25 та янги иш ўрни ташкил этилиб, 37,8 миллиард сўм қўшимча маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Илмий ишланмалар асосида янги турдаги маҳсулотлар ва технологияларни жорий этиш бўйича умумий қиймати 90,5 миллион доллар бўлган 15 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бугунги кунга қадар 4 та лойиҳа бўйича маҳсулотларни (емирилишга бардошли қопламалар асосида қаттиқ қотишмалар, кобальт оксиди, юқори тозаликдаги индий ва молибден) ишлаб чиқариш технологиялари ўзлаштирилди. Илмий ишланмалар асосида ярим ўтказгичлар саноати учун асосий материал ҳисобланувчи юқори соф металларни ишлаб чиқариш босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда.

Корея Республикасининг “Nanostructured Materials Laboratory” лабораториясида емирилишга бардошли чўян, пўлат ва модификацияланган марганецли пўлат намуналари ишлаб чиқилиб, синовдан муваффақиятли ўтказилди. Янги қотишмаларнинг механик хусусиятлари бошқаларига нисбатан 70 фоизгача оширилди ва ишлаб чиқаришга жорий этилди.

Рух заводида икки хил усулда индий металини ажратиб олиш тажрибаси ижобий натижа берди. Эндиликда унинг саноат даражасида ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш чоралари кўриляпти. Юқори софликдаги теллур, селен ва рух ишлаб чиқариш бўйича лаборатория ишлари ҳам якунланиб, водород муҳитида қиздириш ҳамда дистилляция усулида 99,995 фоизли соф намуналар олинди.

Бу каби лойиҳаларнинг миллий саноатимиз ривожи ва экспорт салоҳиятини оширишга доир яна кўплаб маълумотларни келтириш мумкин. Бу ҳақда фикр юритар эканмиз, беихтиёр АҚШнинг Калифорния штати Сан-Франциско шаҳридан унча узоқ бўлмаган “Силикон водийси” (ёхуд “Кремний водийси”) номи билан машҳур ҳудуд ёдга келади. 

Калифорния иқтисодиётини ўрганиш маркази экспертлари берган маълумотларга кўра, айни пайтда бу ерда дунёнинг юқори технологиялар соҳасида фаолият юритадиган энг йирик 20 та компанияси, минглаб турли фирма ва ташкилотлар жойлашган. Бир пайтлар қишлоқ хўжалигига мослаштирилган мазкур ҳудуд Сан-Франциско кўрфазидан то Сан-Диэго шаҳарчасигача бўлган 40 километр масофага чўзилган. Водийнинг юраги эса Пало-Алтодаги Стенфорд илмий тадқиқотлар университети ҳисобланади. Унда 1940 йилларданоқ электроника соҳасида кўплаб изланишлар олиб борилганди. Электрон ҳисоблаш машиналарининг дастлабки йирик ишлаб чиқариш корхонаси ҳам айнан шу ерда IBM компанияси томонидан 1956 йилда қурилган. Бир сўз билан айтганда, Силикон водийси юқори технологик ишлаб чиқариш (жумладан, радиоэлектроника ва космик кемалар яратиш соҳалари) ва юксак даражадаги ҳаёт тарзининг уйғунлашувини ифода этувчи тушунчадир.

Ҳар бир ўхшатиш кўп жиҳатдан уйғун келавермаслиги мумкин. Олмалиқни ҳозирча Калифорния билан солиштириб бўлмас. Лекин бир умумийлик кўзга ташланади: юксак салоҳият ва технологиялар ўз самарасини беряпти. Режалар эса, ўта маҳобатли ва жуда улкан.

“Олмалиқ КМК” АЖ бошқаруви раиси Абдулла Хурсановнинг қайд этишича, 2026 йилга бориб мис саноати кластерини ташкил этиш орқали мис ва ундан бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 3 мартага кўпайтириш режалаштирилган. Ўзбекистоннинг ушбу соҳадан олган даромади айни пайтда 2,8 миллиард долларни ташкил этади. 2026 йилга бориб мис ишлаб чиқариш 400 минг тоннагача оширилиб, даромад турдош тармоқларни ҳисобга олган ҳолда, 8 миллиард долларга етказилади.

Халқаро экспертларнинг баҳолашича, 2030 йилга бориб дунё миқёсида транспорт воситалари, маиший техника ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ишлаб чиқаришнинг ўсиши туфайли мисга бўлган талаб 40 фоизга ўсади. Бу мамлакатимиз мис саноатининг истиқболи янада порлоқ эканини намоён этади.

Айни кунда Олмалиқ кон-металлургия комбинатида “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш ишлари жадал олиб бориляпти. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳаларнинг умумий қиймати 15 миллиард долларга тенг. 3-, кейинчалик 4- ва 5-мис бойитиш фабрикаларини, шунингдек, янги металлургия мажмуасини барпо этиш унинг узвий давоми ҳисобланади.

Мазкур мега лойиҳаларни амалга оширишда металлургия ва нодир металларни қайта ишлаш соҳасида дунёда катта нуфузга эга бўлган компаниялар билан ҳамкорлик қилиш, уларнинг инвестицияларини жалб қилиш ва технологияларини жорий этиш муҳим ўрин тутади.

Мавзуга қайтадиган бўлсак, таҳлиллар “Олмалиқ КМК” АЖда техноген чиқиндилардан нодир маҳсулотлар ишлаб чиқариш қамрови ва экспорти тобора кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда. Мазкур комбинат раҳбарияти, олим ва мутахассисларнинг юқори илмий салоҳияти, юксак технологияларни жорий этишга қаратилган инновацион ёндашувлари дунёда ҳозирча муқобили бўлмаган ноёб металлар “водийси”нинг янада барқ уришига замин яратмоқда.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

иқтисодий шарҳловчи