Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида шахмат бўйича нуфузли WR Chess Masters турнири ўтказилмоқда.

Бугун гроссмейстерлар 6-турда ўзаро муносабатларига ойдинлик киритиб олади. Ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов (2734) тур доирасида ҳиндистонлик Доммарджу Гукеш (2718)га қарши қора доналарда ўйнайди. Абдусатторов кеча 5-турда германиялик Винсент Каймерга имкониятни бой бериб қўйганди. 

Бугунги 6-тур олдидан Нодирбек 5 имкониятдан 2 очко жамғариб, турнир жадвалида қўшимча имкониятларга кўра 9-ўринни эгаллаб турибди. Олтинчи поғонадаги Кеймерда ҳам 2 очко бор. АҚШ вакили Левон Аронян 4 очко билан мусобақада пешқадамликни давом эттирмоқда. Кучли учликни якунлаб турган Уэсли Со ва Гукеш 3 очкодан жамғаришган.

WR Chess Masters. 6-тур жуфтликлари:

Доммараджу Гукеш (Ҳиндистон, 2718) - Нодирбек Абдусатторов (Ўзбекистон, 2734),

Ян-Кшиштоф Дуда (Польша, 2729) - Винсент Кеймер (Германия, 2690),

Аниш Гири (Нидерландия, 2780) - Рамешбабу Прагнанандха (Ҳиндистон, 2690),      

Уэсли Со (АҚШ, 2766) - Левон Аронян (АҚШ, 2736),

Ян Непомнящий (Россия, 2793) - Андрей Есипенко (Россия, 2675).