Кеча ўтказилган 4-турда ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандха билан муроса йўлини танлашди. Эътиборли жиҳати, ушбу турда ўтказилган барча учрашувлар, яъни 5 та қарама-қаршилик дуранг билан поёнига етди.
Соврин жамғармаси 140 минг еврони ташкил этган нуфузли турнирнинг 4-тур якунларига кўра, Ливон Аронян 3 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларда 2,5 очкога эга Уэсли Со ва Гукеш бормоқда. Нодирбек Абдусатторов, Аниш Гири, Ян Непомняший ва Андрей Есипенко 2 очко жамғарган ҳолда улардан кейинги қатордан жой олган.
Бугун, 20 февраль куни “WR Chess Masters” турнирида дам олиш куни этиб белгиланган. Турнирнинг 5-тур ўйинлари эртага бўлиб ўтади ва унда Нодирбекнинг рақиби германиялик Винсент Кеймер ҳисобланади. Мусобақа пешқадами Ливон Аронян Нидерландия вакили Аниш Гири билан ўзаро рўбарў келади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур мусобақа 9 турдан иборат бўлиб, якуний тур баҳслари 25 февралда ўтказилади.
Кутилаётган 6, 7, 8, ва 9-турларда Нодирбек Абдусатторов ҳиндистонлик Гукеш, польшалик Ян-Кшиштоф Дуда, нидерландиялик Аниш Гири ва АҚШлик Уэсли Сога қарши дона суради. Истеъдодли шахматчимизнинг кутилаётган рақиблари нечоғли салоҳиятга эга эканлигини назарда тутсак, демак, “WR Chess Masters” турнирининг шиддатли жанглари ҳали олдинда.