Бундан икки ой аввал дунёнинг баъзи мамлакатларида тарқала бошлаган номаълум инфекция болаларнинг жигарига зиён етказиб, оғир ҳолатларни келтириб чиқармоқда.  

“Ҳозирча инфекция аниқланган мамлакатлар сони 34 тани ташкил этмоқда. Яна 112 нафар кичик ёшли беморда текширувлар ўтказиляпти”, дейди Тедрос Гебрейесус сўнгги баёнотида.

Энг ёмони, мазкур хавфли хасталик оғир асоратларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, 10 нафар бола инфекция оқибатида ҳаётдан кўз юмган, 8 нафари эса жигар трансплантациясига муҳтож. ЖССТ бош директорининг таъкидлашича, касаллик бундан ҳам кенгроқ кўламда тарқалиб улгурган бўлиши мумкин. 

Маълумот ўрнида: Бу номаълум хасталик сарғайиш, диарея ва қорин оғриғи каби умумий белгилар билан намоён бўлмоқда. Қолаверса, баъзи ҳолларда иситма, томоқ оғриғи, йўтал ҳамда ошқозон ва ичаклар яллиғланиши каби асоратларни ҳам келтириб чиқаряпти. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.