Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Наманган вилоятида Норин дарёси ҳамда 5 та йирик каналга ёндош ҳудудни туристик марказга айлантириш ишлари бошланди. 

Шу йилнинг 21 июль куни Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Норин ГЭСлар каскади ҳудудидаги янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Лойиҳага кўра, каскаднинг Уйчи тумани ҳудудидаги 20 гектар ер майдонида туристик сайлгоҳ ташкил этилиши, кўп қаватли уйлар қурилиши кўзда тутилган. Хусусан, "Бўстон" МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Норин дарёси қирғоқларида туризм лойиҳаси амалга оширилади. Ундан спорт майдони, дам олиш маскани, чўмилиш ҳавзаси, кемпинг зонаси жой олади. 

Шунингдек, ҳоким тадбиркорлар билан мулоқот чоғида лойиҳаларга ўз таклифларини берди ва жадаллик билан ишга киришишни таъкидлади.

Хусусан, Учқўрғон туманидан 12 км масофада Норин дарёси ҳамда 5 та йирик канал ўтиши, табиий ландшафтнинг жозибадорлиги, тиниқ ва зилол сув захиралари ушбу ҳудудда туризмнинг барча йўналишларини ривожлантириш учун улкан имкониятлар яратиб беради.

Вилоят ҳокими 30 гектарлик майдонда барпо этиладиган туристик мега-лойиҳа тақдимоти билан танишди ва қурилиш ишларига старт берилди.

Лойиҳа доирасида аквапарк, капсула дам олиш хоналари, интерактив аттракционлар, гуллар боғи, амфитеатр,саломатлик йўлаклари, ресторанлар ва кўприкли сайлгоҳ қурилади. 450 дан зиёд янги иш ўринлари яратилади.