Таниқли мусаввир, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти (ўша пайтларда) ўқитувчиси Абдували Мўминов билан бир маҳаллада яшардик (ҳозир кўчиб кетган.) Болаликда майкачан юрган кезларимиз менинг ва анчагина тенгдошларимнинг суратини чизган ижодкор. Кейинчалик бу санъат асарлари рассомнинг шахсий кўргазмаларида ҳам намойиш этилган. Лекин гап бу ҳақда эмас.

Хуллас, 2001 йили бўлса керак, хизмат сафари билан биринчи марта Қорақалпоғистонга бордим. Менга Нукус давлат университетида янги очилган журналистика факультети фаолияти билан танишиб, мақола ёзиш ва бўлғуси ҳамкасблар таълим олаётган маскан ҳамда таҳририятимиз ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш вазифаси юклатилганди. Муддат қисқа бўлгани боис, ишларни тез-тез битириб, Тошкентга қайтдим.

— Нукусга бордингми? — деб сўради кўчада мени тўхтатиб Абдували ака. Ўғли менинг тенгдошим, синфдошим. Ўшандан эшитган шекилли.

— Ҳа, топшириқ бўлиб қолганди, кеча келдим.

— Музейга ҳам кирдингми, томоша қилдингми?

— Вақт тиғиз эди, ишларимга зўрға улгурдим. Қайси музей ҳақида сўраяпсиз? — дея англамай, саволига савол билан жавоб бердим.

— Нукусга бориб, Савицкий музейига кирмай қайтдингми? Аттанг, демак, Қорақалпоғистонга бормабсан ҳисоб...

— Нега ўз ишим қолиб, музейга киришим керак? Бораман десам, Тошкентда ҳам музей кўп-ку!

— Тўғри, рассом эмассан, аммо журналистсан, ижодкорсан. Кимлар атайин қаёқлардан келиб, у ердаги санъат дурдоналарини томоша қилиб кетади. Олти йил аввал институтдаги ҳамкасб ва 2-3 шогирдим билан борганман. Ҳозир ҳам кўнгил ўша тарафларга тортади. Яна бир борсам, суратларни бошқача нигоҳ билан кўрсам дейман, аммо имкон бўлмаяпти. Сенинг ўрнингда ўз ҳисобимдан яна бир кун қолиб бўлса ҳам Савицкий музейига борган бўлардим. Яна йўлинг тушиб қолса, музейга, албатта, киргин.

Игорь Савицкий номини эшитган бўлсам-да, ҳаёти ва ижодидан етарли хабардор эмасдим. Абдували аканинг менга қарата “журналистсан, ижодкорсан” деган танбеҳи таъсир қилдими, ҳар ҳолда бу ном билан қизиқа бошладим. Қачондир Нукусга борсам, музейга киришни дилимга тугдим. Аммо иккинчи марта ҳам насиб қилмади — музей таъмир учун ёпилган экан.

Сўнг 2010 йили обуна мавсуми баҳонасида яна Қорақалпоғистондаги шаҳар ва туманларни кездим. Бу аслида Нукусга учинчи, аммо Абдували Мўминов таъбири билан айтганда, биринчи боришим бўлди. Чунки аввалги икки боришимда ҳам музейга кирмагандим. Музей остонасидан ҳатлашим билан Абдували аканинг ўғлига қўнғироқ қилдим. Бир-икки санъат ихлосмандлари менга бошқача қараб қўйди. Билдимки, бу ерда телефонда гаплашиш одобдан эмас. Бир чеккага ўтиб, қўшнимга музейда эканимни паст овозда билдириб қўйдим. Абдували ака ҳаяжонланиб кетди, хурсанд бўлди. Келаётган ҳафта музейга ижодий сафар режалаштирилгани ҳақида тўлқинланиб гапирди.

“Қорақум ва Қизилқум оралиғидаги Лувр”, “Саҳродаги дурдона” номлари билан дунёга машҳур музейдаги асар ва экспонатлар билан танишиш асносида ҳаяжон ва тўлқинланиш энди менга кўчди. Игорь Савицкий нима учун дунёни ўз ижод оламига оҳанрабодек тортиб келгани сабабларини тафаккурим даражасида англагандек бўлдим.

У ҳақида одамлар билиши керак

Ижодкор ҳақида Ўзбекистон миллий энциклопедиясида бундай маълумот келтирилган: “Савицкий Игорь Витальевич (1915.4.8, Киев — 1984.27.7, Нукус) — график рассом, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат ­арбоби (1964), Қорақалпоғистон халқ рассоми (1974). Москва рассомлик институтини тугатган (1946). Савицкий ижоди бадиий тасвир услубининг дадиллиги, бўёқ қатламининг дағал ётқизилиши билан ажралиб туради, оқиш ранглар уйғунлигини афзал кўрган рассом асарларида жануб табиати, Қорақалпоғистон манзаралари ўзининг ёрқин аксини топган.

“Оқ қалъа. Умумий кўриниш” (1954); “Қорақумда”, “Чимбой оқшоми”, “Кегейли канали” (1956); “Қайрағочлар” (1959) ва бошқа санъат асарлари Ўзбекистон санъат музейи, Ўзбекистон халқлари тарихи музейи, Қорақалпоғистон санъат музейида сақланади.

Рассомнинг саъй-ҳаракатлари натижасида ташкил топган Қорақалпоғистон санъат музейига Савицкий номи берилган. Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат мукофоти лауреати (1983), “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган (2002)”.

Бир неча йил аввал Мариника Бабаназарованинг “Игорь Савицкий: рассом, коллектор, музей асосчиси” номли китоби кенг оммага тақдим қилинган эди. Унда қатағонга учраган ва отилган рассомларнинг минглаб асарларини Нукусдаги музей ертўласида яширинча сақлаган ижодкорнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилинган.

Манбага кўра, асли асилзодалардан бўлган Игорь Савицкий Иккинчи жаҳон урушидан аввал Ўзбекистонга кўчиб келган ва ўз коллекторлик фаолиятини қорақалпоқ осори атиқаларини йиғишдан бошлаган. Сўнг Россия ва Ўзбекистонда совет тарғиботи ва совет реализмига тўғри келмайдиган авангард асарларни тўплашга киришган. Совет ҳукумати қора рўйхатига тушган ижодкорларнинг кўргазмаларини уюштирган. Ўзи ҳам қатағонга учраган одамларнинг авлодига мансуб бўлган. Бобоси отилган, совет ташқи ишлар вазирлигида нуфузли лавозимда ишлаган тоғаси ҳам 1934 йилда қатағон қилинган.

Игорь Савицкий 1941 йили Москва тасвирий санъат институтига ўқишга киради. Ўша йили бошланган уруш “ҳамма нарса фронт учун” деган давр даъватини юзага келтирди. Бироқ соғлиғидаги муаммолар туфайли Игорь урушга жўнатилмади. У таҳсил олаётган институт 1942-1944 йиллари Самарқандга кўчирилди. Бу азим кентдаги таҳсил даврида Савицкий юртимизнинг ўзига хос муҳитини, ўзгарувчан ва жозибали қуёши, табиатнинг бетакрор рангларини кашф қилди. Ўзи айтганидек, айнан шу ерда у ҳақиқий рассом сифатида шаклланди, қолаверса, Ўзбекистонда яшаш тарзи Савицкийни Шарқнинг мафтунига айлантирди.

1944 йили Москвага қайтган рассом ўқишни давом эттираркан, ҳамиша Самарқандга талпиниб яшади. Чунки у Марказий Осиёнинг бетакрор, бой маданий ёдгорликларига кўнгил қўйиб улгурганди. 1950 йилдан у Хоразм тарих ва этнография экспедицияси таркибида қатнаша бошлади ва бу Игорнинг ҳаётида ўзгариш ясади. Савицкий мусаввир сифатида археологларнинг қадимий Хоразм сарҳадларидан топган буюмларини чизиш билан машғул бўларди. Ноёб топилмаларда у мозий сирлари яшириниб ётганини англаб, халқ амалий санъати намуналарини тўплаш билан мустақил шуғуллана бошлади.

Дастлаб 1956 йили Қорақалпоғистон илмий-тадқиқот институти мажмуасида, кейинчалик тарихий ўлкашунослик музейида ишлаб, рассом сифатида қорақалпоқ халқи ҳаётини турфа рангларда тасвирлади, амалий санъат дурдоналарини тадқиқ қилиш, тўплаш билан шуғулланди. Ана шу асарлар жойлаштириладиган санъат музейини очиш ташаббуси билан чиқди. Таклифни Нукусдаги раҳбарлар мамнуният билан қабул қилди.

Рассом халқ амалий санъати дурдоналарини тўплаш ва ўрганиш учун Кегейли, Чимбой, Қўнғирот, Мўйноқ, Тахтакўпир, Элликқалъа, Беруний, Тўрткўл туманларини, бутун Қорақалпоқ диёрини, Хоразм вилоятини кезиб чиқди. Сафар давомида тўплаган дурдоналарини эса Тошкент, Москва шаҳарларидаги кўргазмаларда намойиш қилиб, қорақалпоқ халқини жаҳонга танитиш йўлида фидокорона хизмат қилди.

— Савицкий ўзи тўплаган манбалар ҳақида 1965 йилда “Фан” нашриётида “Қорақалпоқ халқ амалий санъати: ёғоч ўймакорлиги” номли китобини нашр эттириб, бу борада яна бир янгиликка қўл уради, — дейди таниқли тарихчи, ўлкашунос Умид Бекмуҳаммад. — Шундан кейин Қорақалпоғистонда давлат санъат музейини очиш ҳаракати амалий тус олиб, унга илк раҳбарлик Игорь Савицкий зиммасига тушди. 1966 йил 5 февралда ташкил қилинган музейда қисқа муддатда ҳассос рассом ва санъатшунос Савицкий бошчилигида тўпланган экспонатлар сони 50 мингдан ошиб кетди. Бу ҳақда хориж матбуотида ўша кезлари катта-катта мақолалар чоп этилди.

Савицкийнинг қадимги Хоразмга оид санъат асарларини тўплаш фаолияти туфайли кўплаб дурдоналар йўқолиб кетишининг олди олинди ва қорақалпоқ халқ амалий ҳамда тасвирий санъати ривожланиб, юқори босқичга чиқди. Нукусдаги музейда авангард, поставангард йўналишларга доир ноёб асарлар мажмуи тўпланган бўлиб, Москва, Киев каби катта шаҳарларда пол тагига, қазноқларга яширилган, уни чизган рассомлар эса қамоқ, сургунда азоб тортиб ётган пайтда шўро мафкураси инкор қилган эллик мингдан зиёд суратнинг Савицкий томонидан Нукусга келтирилганининг ўзи жасорат эди.

Айнан бир инсоннинг фидойилиги билан дунё санъатсеварларини ҳайратлантираётган ноёб асарлар сақланибгина қолмай, дунёга машҳур музейга асос солинди. Нукус санъат музейининг афсонавий асосчиси ҳақида юзлаб мақолалар ёзилди, саноқсиз интервьюлар, ҳужжатли фильмлар ва телерепортажлар тайёрланди. У раҳбарлик қилган музей жаҳон миқёсида катта шуҳрат қозонди.

Савицкийнинг ўша давр учун мутлақо янгича музей ярата олган нодир шахс бўлгани сабаби шунда эдики, у стандарт қоидалар ва қолипларни бир четга сурди, расмий идоралар тавсия қилган “кичик Третьяковка” моделидан воз кечди ва музейни ўз тушунчасига биноан яратди. Унинг келажакни олдиндан кўриш қобилияти, янги номлар ва йўналишларни танлашдаги жасорати, музей ишининг ­қолипланган ­қоидаларидан воз кечиши — буларнинг барчаси самара берди. Савицкий Россия ва Тошкентдаги санъатшуносларга ҳам номаълум бўлган юзлаб рассомларни топиб, уларнинг меросини сақлаб қолди.

* * *

Абдували Мўминов ҳозир 80 ёшдан ошган. Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида ундан ҳол-аҳвол сўрагим келиб, ўғлига яна қўнғироқ қилдим.

— Абдували аканинг соғлиғи яхшими?

— Ҳа, раҳмат, дуруст. Қувват, шижоат аввалгидек бўлмаса ҳам истак ва интилиш ўша-ўша. Яна Нукусга боришни мўлжаллаб турибмиз. Баҳор ойлари ота-бола бориб келсак керак.

— Балки мен ҳам борарман.

— Майли, бирга борсак, яхши бўларди.

— Насиб...

Нодир МАҲМУДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири