“Қаеринг оғриса, жонинг ўша ерда”, дейди доно халқимиз. Одамларнинг дарду ташвишини енгиллатишнинг савоби улуғ. Наманган вилояти, Мингбулоқ туманида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат кўлами даражаси кундан-кунга, йилдан-йилга янги босқичга кўтарилмоқда. Тинимсиз саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, туман тиббиёт бирлашмаси тарихида янги саҳифа очилди.
Мамлакатимизнинг таниқли шифокорлари билан биргаликда янги турдаги юқори технологик жарроҳлик амалиёти кўнгилдагидек ўтказилди.
Гигант пахта пунктида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб нафақага чиққан Назлифа Бектемирова пандемия даврида ўзига коронавирус юқтирганди. Оғир хасталик асоратлари бошқа касалликларда ўзини намоён эта бошлади. Кейинги йилларда таянч ҳаракат аъзоларида кузатилаётган муаммо секин-аста катталашиб, уни қийин аҳволга солиб қўйди.
Кузда Республика ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказида ўнг оёғида ўтказилган тотал эндопротезлаш жарроҳлик амалиётидан сўнг дарди бироз аригандек бўлганди. Аммо кейинроқ чап оёғига ҳам қаттиқ оғриқ кирди. Опанинг туман тиббиёт бирлашмасига мурожаати тезкорлик билан ижобий ечим топди. ТТБ бошлиғи Обиджон Қўлдошевнинг ташаббуси билан Тошкентда олиб борилган жарроҳлик амалиётининг давоми туман маркази Жомашўйда бажариладиган бўлди.
Республика ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази протезлаш бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, моҳир ортопед-травматолог Умарали Ханапияев шогирди Икромиддин Бозоров билан Мингбулоққа келди. Тажрибали шифокорлар бемор ҳолатини чуқур ўрганиб, Назлифа опанинг чап оёғида ҳам эндопротезлаш амалиётини ўтказиш зарур, деган фикрга келишди.
Моҳир, тажрибали доктор раҳбарлигида нозик ва мураккаб жарроҳлик амалга оширилди. Умарали Баротовичга туман тиббиёт бирлашмаси режали жарроҳлик бўлими мудири Азимжон Раҳимов, шошилинч тиббий ёрдам бўлими мудири Мухторжон Тожибоев ва анестезиолог Маҳмуджон Қодировлар ёрдамлашиб туришди ва амалиётчи олимдан “маҳорат сабоғи”ни ўзлаштиришди.
— Онам коронавирус пандемияси пайтида анча дард чеккан эди. Ўшанда оқ ҳалатли фидойиларнинг беминнат хизматлари туфайли ҳаёти сақлаб қолинганди. Бугун яна даволаниш учун яна шифохонада. Давлатимиз томонидан яратилган кенг имкониятлар боис, жонкуяр халоскорларнинг чин кўмаги билан саломатликларини қайта тиклаш учун жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Ҳозир юртимизда кенг қулоч ёзган “Инсон қадри учун!» шиори остидаги хайрли юмушларнинг амалдаги исботига оиламиз мисолида гувоҳ бўлдик. Қўли енгил мададкорларга минг раҳмат, барчангиздан бир умр миннатдормиз ва дуодамиз, — дейди онахоннинг қизи Шаҳноза Бектемирова.
66 ёшли аёлнинг чап чаноқ сон бўғимида Ўзбекистоннинг номдор докторлари ва маҳаллий шифокорлар ҳамкорлигида амалга оширилган юқори технологик жарроҳлик амалиёти муваффақиятли уддаланди. Энди Назлифа опанинг соғайиб, тез орада шахдам қадам ташлашига шубҳа йўқ.
Абдулла ҒОЗИЕВ,
журналист