Биринчи марта ташкил этилган форумда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ва Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган касбий таълим ташкилотлари, вазирлик ва корхоналар мутасаддилари иштирок этди.
Форум иштирокчилари дастлаб касбий таълим ташкилотларида дуал таълимни йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг натижалари бўйича ташкил этилган кўргазма билан танишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларнинг касблар ва мутахассисликларни эгаллашга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш учун кенг имкониятлар яратиш, шу билан бирга, касбий таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди.
Дуал таълим – иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга истиқболли йўналиш ҳисобланиб, ўқувчи-ёшларга таълимни ўз йўналишига мос келадиган ташкилотда ишлаш билан биргаликда олиб бориш имконини берувчи тизим ҳисобланади. Бунда ёшлар 2-3 кун таълим муассасасида назарий билимларни эгалласа, 3-4 кун давомида корхона ва ташкилотларда ҳақиқий иш жараёнида амалий кўникмаларга эга бўлади. Аҳамиятлиси, дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчилар корхона ва ташкилотларга ишга қабул қилинган вақтда уларга корхона томонидан устоз бириктирилади ва иш ҳақи тўланади.
Айни пайтда ушбу тизим Германия, Австрия, Швейсария ва Корея Республикаси каби давлатларда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Форумда маърузачилар республикамизда дуал таълимни ривожлантириш истиқболлари, бу борада Германия давлатининг тажрибаси, дуал таълимда ўқувчи, корхона, таълим муассасаси ва мамлакатнинг ҳамкорликдаги ишлари ҳақида маълумотлар берди.
Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон Республикасида бугунги кунда 31 та касбий таълим ташкилотида 745 та корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда дуал таълим йўлга қўйилган бўлиб, уларда 1716 нафар ўқувчи касб ва мутахассислик сирларини ўрганмоқда.
Бу борадаги самарадорликни ошириш мақсадида келгусида Амударё, Қораўзак, Қўнғирот туманлари ва Нукус шаҳридаги техникумларда 10 дан ортиқ касб ва мутахассислик турлари бўйича дуал таълимни йўлга қўйиш, шунингдек, бу орқали дуал таълимга қамров даражасини 3000 нафар ўқувчига, уларда ўргатиладиган касблар сонини 20 га, ҳамкор корхона ва ташкилотлар сонини 1000 га етказиш режалаштирилганлиги таъкидланди.
Форум доирасида касбий таълим ташкилотлари билан вазирлик ва корхоналар ўртасида дуал таълимни йўлга қўйиш борасида ҳамкорлик бўйича тегишли шартномалар имзоланди.
Минажатдин Қутлымуратов,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.