Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев томонидан умумтаълим мактабларида мусиқа ва санъатни ривожлантириш учун ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармасига 300 млн. сўм пул мукофоти берилди.

Маҳаллаларда кутубхона очиш учун ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 500 млн. сўм маблағлар ажратилди. Туман-шаҳарлар ўртасида энг намунали фаолият юритиб келаётган маҳалла ёшлар етакчиларидан 1-ўринни эгаллаганларни рағбатлантириш мақсадида пул мукофотлари топширилди. Иккинчи ўринни эгаллаган ёшлар етакчиларига Хоразм вилоятига саёҳат қилишлари учун йўлланмалар тақдим этилди.

Вилоят ҳокими тадбирни томоша қилаётган имконияти чекланган ёшларимиз билан ҳам самимий суҳбат қуриб, совғалар улашди.

Фестивалда эстрадамизнинг ёрқин юлдузлари иштирокида гўзал, шўх-шодон тароналар ёшларга юқори кайфият бағишлади, деб хабар беради Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.