Тадбир доирасида мактаб ўқувчилари учун «Турон Қоплони Жалолиддин Мангуберди» ва «Буюк Соҳибқирон Амир Темур» каби буюк бобокалонларимизнинг қаҳрамонликлари, жанг санъати, жасорати ва ватанпарварлиги акс эттирилган ҳамда замонавий тарғибот воситалари ва ўша даврга хос анжом-аслаҳалар билан жиҳозланган тематик синфлар фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, кун давомида «Қўмондон ва ёшлар» учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Учрашув давомида қўшинлар қўмондони ёшлар билан ҳаётий тажрибаларини ўртоқлашиб, ёшларимиз келажакда ватанимиз тараққиёти учун муносиб ҳиссаларини қўшишларига ишонч билдирди. Эртамиз эгалари эса ўзларининг қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олди.
Ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган ҳарбий оркестрнинг куйлари, фахрий қоровулнинг саф элементлари, ҳарбий хизматчиларнинг қўл-жанги бўйича кўргазмали чиқишлари барчада илиқ таассурот қолдирди.
Фестиваль якунида беш муҳим ташаббус доирасида ўтказилган танлов ғолиблари, фаол ёшлар ҳамда фахрий устоз мураббийларга қўмондон ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди, деб хабар беради Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.