Нуробод туманидаги Жарқудуқ қишлоғи ҳамда шу ҳудуддаги ”Нурли эл чорвадори” масъулияти чекланган жамияти фахрийлари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилди. Саёҳат давомида меҳнати билан кўпчиликка ибрат бўлган, бугун кексалик гаштини сураётган ҳамда мўл-кўлчилик яратиш мақсадида ғайрат кўрсатаётган чорвадорлар мамлакатимизда, хусусан, қадимий шҳардаги ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари билан танишди, тарихий ёдгорликларини зиёрат қилди.

Оқсоқоллар саёҳат мобайнида катта ўзгаришларнинг гувоҳи бўлдилар. Айниқса, янги барпо этилган “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказини, мажмуадаги замонавий меҳмонхоналар, Конгресс холл, амфитеатр ва бошқа кўплаб иншоотларни ҳайрат билан томоша қилишди. Уларни марказнинг номланиши ҳам қизиқтирди.

Унинг “Буюк ипак йўли”  халқаро туризм маркази деб аталишида чуқур маъно бор экан. Бу ерда ўша даврга оид тарихий манзаралар акс эттирилган. “Боқий шаҳар” мажмуаси безакларида қадимий Афросиёб деворларида сақланиб қолган Суғд давлати ҳукмдорининг Корея, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросими тасвирларидан фойдаланилган.

“Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказида ташкил этилган қадимий бозор, 40 та ҳунармандчилик устахонасида усталар ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, заргарлик, гилам тўқиш каби жараёнлар сайёҳларга намойиш этиляпти. Нуронийлар Регистон ансамбли, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси, Амир Темур мақбараси, “Афросиёб” тарихий музейи, Ҳазрати Хизр зиёратгоҳи ва яна кўплаб тарихий обидаларни ҳам зиёрат қилдилар.

Тўлқин Раҳимов,

Нуробод туманидаги Нурли эл чорвадори” масъулияти чекланган жамияти раиси