Кейинги пайтда таълим-тарбия соҳасида замонавий ва оқилона тизим яратиш, ўқитиш методлари, таълим стандартлари, дарслик ва ўқув қўлланмаларини янгилаш, билим беришда илғор тажрибалардан фойдаланиш баробарида миллий анъана ва қадриятларга суяниш масаласи бирламчи вазифалар қаторидан жой олди. Зеро, давлатимиз раҳбари ҳам “Маълумки, ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда”, деган фикрни илгари сурганида тарбия ғоят нозик масала эканига яна бир карра ишора қилгани бежиз эмас.

Ўзбекона тарбия шарофати

Аслида ўзбек тарбияси дунёдаги энг гўзал тарбиялардан, десак хато бўлмайди. Ўзбекона муносабат акс этган  “Ўткан кунлар” асарини чет элликлар эътироф этаётганини бунинг мисоли сифатида айтишимиз мумкин. Аввало, ота ва онанинг бир-бирига, фарзандларнинг ота-онага, шунингдек, келиннинг қайнота-қайнонага қандай муносабатда бўлиши, умуман, рисоладаги ўзбек оиласи асарда аниқ-тиниқ тасвирланган. Ана шундай ибратли оилавий муносабатларимизни сақлаб туриш, фарзандларимизни чинакам ўзбекона тарбия асосида камолга етказиш билан айримлар ўйлаётганидек, замондан ортда қолмаймиз. Аксинча, замонавийлик гўзал тарбия билан уйғунлашганида, шахсни янада баркамол этади. Негаки, оммавий маданиятга эргашмай, замонавий илмларни пухта эгаллаш, дунё тилларини билиш орқали жамиятда муносиб ўрин топишнинг ўзи шахснинг замон билан ҳамқадамлигини ифодалайди. Шу маънода, бугун мактабларимизда 4 та фанни уйғунлаштирган “Тарбия” фани ўқитила бошлагани, мавзуларга миллий қадриятларимиз, гўзал одатларимиз сингдирилгани айни муддао бўлди.

Бироқ, бугунги ахборот хуружи шиддат билан ўсаётган даврда айрим ёшлар тарбияси, маънавияти билан боғлиқ оғриқли масалаларни ота-она, ўқитувчиларнинг ўзигагина ташлаб қўйиб бўлмайди. Бу борада астойдил, тизимли ишлаш талаб қилинмоқда.

Қоғозда эмас, амалда!

Жорий йил 19 январь куни Президентимиз томонидан имзоланган “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳар бир маҳаллада “Бир нуронийга ўн нафар ёш”, “Кекса авлод учрашувлари” лойиҳаларини амалга ошириши белгилаб қўйилди.

Зеро, ўтган йилнинг март ойидан ҳаётимизга татбиқ этилган “Ҳар бир нуроний — беш нафар ёшга маънавий ҳомий” лойиҳаси доирасида кўплаб  ёшларнинг дунёқараши, ҳаёт йўли, оилавий турмуш тарзи ижобий томонга ўзгарди.

2021 йилнинг 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида Президентимиз ёшлар маънавиятини ошириш масаласига алоҳида тўхталиб, “Биз “Нуроний” жамғармасининг Тошкент шаҳридаги тажрибаси асосида “Ҳар бир нуроний – беш нафар ёшга мураббий” тамойили бўйича муҳтарам оқсоқолларимиз, кайвони онахонларимизни тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож, уюшмаган, ишсиз ёшларга бириктириб қўйишга қаратилган ибратли ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз. Албатта, катта тажрибага эга бўлган нуронийларимиз ўзларининг ҳаётий ўгитлари билан ёшларимизга тўғри йўл кўрсатса, бунинг фойдаси катта бўлади. Ана шу ишларни амалга ошириш учун “Маънавий-аҳлоқий тарбия дастури”ни ишлаб чиқиб, унда таълим тизими, маҳалла, нуроний, хотин-қизлар, ёшлар ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотларининг вазифасини аниқ белгилаб қўйиш зарур”, дея таъкидлаган эди.

Шу куни давлатимиз раҳбари пойтахт тажрибасидан келиб чиқиб, барча ҳудудларда “Ҳар бир нуроний беш нафар ёшга мураббий” тамойили асосида янги тизим жорий этиш вазифасини юклади. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида “Маҳаллаларда аҳоли орасида обрўли, катта ҳаётий тажрибаси бор бўлган нуронийларни ёшларга бириктириш ва улар билан олиб бориладиган маънавий-маърифий ишлар дастури ҳамда янги тизимни жорий этиш юзасидан йўриқнома” ишлаб чиқилиб, ҳудудий бошқармаларга юборилди.

2021 йилнинг декабрь ойи ҳолатига тайёрланган ҳисоботлар таҳлили шуни кўрсатдики, жойларда олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида янги тизим доирасида сезиларли натижага эришилган. Хусусан, Наманганда 11640  нафар нуронийга бириктирилган 58200 нафар ёшнинг 57435 нафари (98,7 фоиз), Фарғонада 2582 нафар нуронийга бириктирилган 15 278 нафар ёшнинг 15 245 нафари (99,8 фоиз), Қашқадарёда эса 6611 нафар нуроний ҳомийликка олган 29 217 нафар ёшнинг 28 920 нафари (98,9 фоиз) рўйхатдан чиқишга муваффақ бўлган. Ўйлаймизки, ёшлар билан ишлашнинг эндиги босқичида Хоразм, Сурхондарё, Тошкент вилоятларида ҳам самарадорлик яхшиланади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Кексалар ва фахрийларнинг ижтимоий фаоллигини ривожлантириш бўлими тақдим этган маълумотларга кўра, ўтган вақт мобайнида янги тизимда олиб борилган ишлар натижасида республика бўйича жами 9260 та МФЙ, ОФЙ, ШФЙларда 30 603 нафар мураббийга бириктирилган 146 578 нафар ёшдан 136 766 нафари рўйхатдан чиқарилди.

Юқорида қайд этилганидек, рақамлардаги ўзгаришлар олиб борилган саъй-ҳаракатлар самараси, албатта. Барча ҳудудларда янги тизимни самарали ташкил этиш юзасидан семинарлар ташкил этилиб, тизим фаолиятини тўғри йўлга қўйиш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Хусусан, Тайлоқ туманидаги шундай семинар аҳолисининг 40 мингдан зиёдини ёшлар ташкил қилувчи ҳудуд ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамият касб этди. Туманда 250 нафар нуронийга бириктирилган 750 нафар ёшнинг кўпи ишли, ҳунарли бўлгани баробарида, аксарияти тўғри йўлга қайтиб, рўйхатдан чиқарилган. Яна уч мингдан зиёд ёшлар нуронийларга бириктирилган.

Навоий вилоятида ўтказилган тадбирларда 200 дан зиёд ёш тадбиркорликка жалб этилган. 500 дан ортиғи жойлардаги тўгаракларга жалб қилиниб, 85 та нотинч оила муаммолари ҳал этилган.

Республика Маънавият ва маърифат марказининг Қуйи Чирчиқ тумани бўлинмаси ҳамда туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими билан ҳамкорликда ҳудуддаги 37 та маҳалла раислари иштирокида танқидий-таҳлилий муҳокама йиғилиши ўтказилди. Қибрай туманидаги “Бунёдкор” маҳалласида ўтказилган семинарда вазирлик вакиллари, туман ҳокими ўринбосари, туман “Нуроний” жамоатчилик кенгаши раиси ҳамда маҳалла раислари ва уларнинг кексалар бўйича маслаҳатчилари иштирок этгани эса тизим фаолияти қатъий назоратда эканидан далолат беради.

Аниқ мисолларга тўхталганда, Наманган вилояти Уйчи тумани “Мустақиллик” МФЙда яшовчи Нўъмонжон Раҳимжоновнинг фикрларини алоҳида тилга олишни истардик:

– 1997 йилда туғилганман. Ёшлик қилиб, каттагина бир жанжалга аралашиб қолдим ва жамиятдаги ўрнимни йўқотиб қўйгандек бўлдим. Маҳалладан 5 нафар ёшга бириктирилган нуроний Турсунбой Худойбердиев менга ота-онамдек жон койитди. Қайси ташкилотга бўлмасин, мен билан бирга бориб, масалани ижобий ҳал қилди. Бир нарсага амин бўлдимки, моддиятни инсон ўз кучи билан топиши мумкин экан. Аммо маънавий далда, руҳий кўтаринкиликни баъзан пулга ҳам топа олмаймиз. Отахоннинг панд-насиҳатларидан қаттиқ таъсирландим. Ўзимни ўнглаш йўлига кирдим. Энг қувончлиси, куни кеча жорий этилган янги лавозим — маҳалладаги ёшлар етакчиси бўлиб фаолият бошлаяпман. Эндиликда ёшлар билан ишлаётганимдан ҳурсандман. Уларга ҳеч қачон адашмаслик, катталарнинг насиҳатига қулоқ тутиш, кексалар йўриғига амал қилишни тавсия қиламан. Ёшлар етакчиларига имтиёзлар берилгани учун Президентимизга раҳмат айтаман.

Айни туманда истиқомат қилаётган Гавҳар опа Нормирзаева фарзанди Мусожон Эргашевга бириктирилган нуроний Маъруф ота Йўлдошевнинг беминнат кўмагидан хурсанд эканини айтади. Зеро, 8 ой озодликдан маҳрум этилиб, афв орқали оиласига қайтган Мусожон ҳозирги кунда пойтахтда яхши корхонада ишлаяпти, оиласини ўзи тебратяпти. Турмуш ўртоғи бундан беш йил аввал касалликдан вафот этган бу аёлнинг ўзи “Темир дафтар”да, ўғли эса “Ёшлар дафтари”да рўйхатда. Нуроний мураббийнинг ёрдами билан Мусожон руҳан ҳам анча тетиклашган, дунёқараши бутунлай ўзгарган.

Фарғоналик Муҳаммадали ота Боймирзаев “Ғайрат” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. У 28 йилдан бери маҳалла оқсоқоли, йиғиннинг нуронийлар маслаҳатчиси сифатида эл ҳурматига сазовор бўлган. Унинг саъй-ҳаракати билан ёшлар учун кутубхона ва маҳалла музейи ташкил этилди. Ушбу маҳалла кутубхонаси ёшларнинг севимли маскани бўлиб, 2000 дан зиёд китоб фондига эга.

Нуроний ҳимояга муҳтож ёш оила Равшанбек Мирзааҳмедов хонадонига беминнат ёрдам кўрсатиб келмоқда. Нотинч оилалардан ҳисобланган Неьматжон Рўзалиев оиласида ҳам мунтазам тарбиявий суҳбат ўтказиб келинади. Бу меҳнатлари эвазига Жаҳонгир Мелибоевнинг оиласи  маҳалладаги намунали оилалардан бирига айланди.

Дарҳақиқат, бугун ҳар қандай вазифани қоғозда эмас, амалда ташкил этишни даврнинг ўзи тақозо этяпти. Президентимиз қўллаб-қувватлашга бел боғлаган янги тизимдан кўзланаётган мақсад миллий қадриятларга садоқатли, ватанга муҳаббатли, маънан баркамол инсонларни камолга етказишдир. Бунинг учун ҳар бир ёш қалбига йўл топиш, уларни турли таъсирлардан асраш талаб қилинади.

Кимлар ҳомийликка олинади?

Кўпни кўрган, халқ тили билан айтганда, бошидан иссиқ-совуқни кўп ўтказган кекса мураббийлар маҳаллалардаги муаммоли ёшларга бириктирилади. Улар ҳеч қаерда ишламайдиган ёки ишли бўлса-да, оиласи нотинч, ташқи таъсирларга берилиб қолган, умуман, катталарнинг маслаҳатига мухтож бўлган ёшлар. Энг муҳими, профилактик рўйхатда турганлар ҳам маънавий хомийга бириктирилмоқда. Бундай ёшлар билан нафақат тарбиявий тадбирлар, балки касбга йўналтириш, ўқишини тиклаш ишлари ҳам олиб бориляпти. Бу каби ишлар улар ҳаётида кескин ўзгаришлар ясаётгани билан аҳамиятли, аммо акс ҳолатлар ҳам бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Айниқса, таълим муассасалари раҳбарларига ўз назоратига олишга ваъда бериб, ота-онаси ҳам  йўлга сола олмаётган ёшларни ўқишга қайтариш чинакам фидойиликни талаб қилади. Шу маънода, мураббийларга осон эмас.

Ахир ўзингиз ўйланг, вақти келса, энг кичик ватанимиз — оиламизда соф муҳит яратиш, фарзандларимизни нотўғри йўллардан қайтаришга қанчалар қийналамиз? Шунинг учун ҳам йўлини тополмай тентираб юрган ўғил-қизларнинг тайин бир ишга йўналтирилгани ёки уста-шогирдлик асосида бир ҳунарни ўрганаётгани, ўқишига қайта тиклангани каби ишларнинг ўз-ўзидан бўлмаётгани, бунинг учун тизимли бир механизм яратилаётганини чуқур ҳис қилиш лозим.

Қари билганни пари билмас...

Аслида, кўр-кўрона ишлаш билан кимни алдашимизни ўйлаб кўришнинг ўзи кифоя. Ҳар бир ишга виждонан ёндашадиган одамлар бугун халқ томонидан ўз баҳосини оладиган вақт келди. Нафақат маънавий кўмакка муҳтож, балки ҳар бир ёш йигит-қиз қари билганни пари билмаслигини чуқур ҳис қилса, гўзал тарбиямиз, бой маънавиятимиз, миллийлигимизга ҳеч қачон путур етмайди. Зеро, биз маҳалласида бир бола йўлидан адашса, лоақал “кимнинг боласисан, отанг яхши одам эди-ку”, дея танбеҳ берган аждодларнинг авлодларимиз...

 Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири