Бу ҳақда Israel Hayom газетаси манбага таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, режада кунига 2,5 минг кишигача “уюшган ҳолда жўнаб кетиш” кўзда тутилган.
Нашр таъкидлаганидек, ҳозирда гап икки йўналиш – ҳаво ва денгиз ҳақида кетмоқда. Биринчи ҳолда, уларни ўтказиш Исроил жанубидаги Эйлат шаҳри яқинидаги Рамон аэропорти орқали, иккинчисида – Ғазо сектори билан чегарадан 25 километр шимолда жойлашган Ўрта ер денгизи бўйидаги Ашдод шаҳри бандаргоҳи орқали амалга оширилади.
Ушбу тайёргарлик чоралари АҚШ Президенти Дональд Трампнинг кенг кўламли қурилиш ишларини амалга ошириш учун Ғазо аҳолисини кўчириш таклифига асосланади.
“Иложи борича кўпроқ одамнинг кетишига имкон бериш биз учун манфаатли. Исроил қўллаб-қувватлаган Трамп режасининг моҳияти шундан иборат. Биз уни амалга оширишга ҳаракат қилмоқдамиз”, деди хавфсизлик манбаси.
Фаластин анклавида яшовчилар қайси давлатларга бориши ҳозирча аниқ эмас. Israel Hayomга кўра, камида бир давлат аллақачон фаластинликларни қабул қилиш истагини билдирган, бироқ анклав атрофидаги халқаро шов-шув туфайли ҳали бу ташаббус олдинга силжимаяпти, деб хабар беради report.az.