“Обод” сўзини эшитганимизда кўз ўнгимизда ораста кўчалар, тўкину тўкис ҳаёт, саранжом-саришта масканлар, лўндагина айтганда, ўзбекона қадриятларимиз бирма-бир намоён бўлади. Ободлик руҳи, айниқса, кўклам чоғи қўр олади. Ҳовлимиздаги саришталик маҳалла бўйлаб кенг қулоч ёзиб, халқ ҳашарига айланиб кетади.

Бир ёқадан бош чиқариб...

Обод маҳалла, шубҳасиз, саришта кўча ва хонадондан бошланади. Давлатимиз раҳбарининг ушбу масалага кўп бора тўхталаётгани ­боиси ҳам шунда. Зеро, осойишта, аҳил оилалар обод жамиятни барпо этганидек, обод маҳалла озод ва ҳур диёрни гуллатиб-яшнатади.

Азалдан маҳалла институти юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни асраш, миллатлараро дўстлик ва ҳамкорликни таъминлаш, ёшларни катталарга ҳурмат, одамларга ғамхўрлик қилиш, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, қадриятларимизни эъзоз­лашга ўргатиш жараёнида муҳим ўрин тутади.

Бугунги кунда “ободонлаштириш”, “кўкаламзорлаштириш”, “тозалик” сўзлари кундалик ҳаё­тий эҳтиёжимизга айланмоқда. Бу хайрли ва эзгу ишлар мавсум танламайди. Кайвониларимиз айтганидек, саранжом-саришта жойда қут-барака, файзу тароват бўлади.

Айни пайтда юртимизнинг барча шаҳар, қишлоқ, маҳалла ва меҳнат жамоаларида теварак-атрофни тартибга келтириш, саранжом-саришта қилиш, тозалаш кўлами янада кенгайган. Ободонлаштириш жараёнида боғ ва сайилгоҳлар, маҳаллалар, кўп қаватли уйлар, корхона ва ташкилотлар ҳудудларини тартибга келтириш, чиқиндиларни белгиланган жойга чиқариб ташлаш ва кўчаларни таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Манас қишлоғидан бошланган “Обод қиш­лоқ”, “Обод маҳалла” дастури бугун умуммиллий ҳаракатга айлангани ҳам айни ҳақиқат. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2018 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дас­турлари қабул қилинган бўлиб, бунинг учун ҳар йили катта-катта маблағлар йўналтирилмоқда.

“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилгани, маҳалла институти моддий-техник базаси тубдан янгилангани маҳаллалар қиёфасини тубдан ўзгартишга ҳам ҳуқуқий, ҳам молиявий асос бўлди.

Бошқа давлат органлари ва ташкилотларига тегишли 50 дан зиёд вазифа ва функция фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан олиб ташланди. Маҳалла фақат ўзига юкланган вазифалар билан банд бўлди. Натижада жойларда муаммоларни ҳал қилишнинг яхлит ва таъсирчан вертикал тизими яратилди.

Янгича ёндашувлар

Ободлик дастурлари янги ёндашувлар асосида шакллантирилгани боис, аҳоли талаб­ларидан келиб чиқиб, 206 та туман ва шаҳар ҳокимлиги, йўл, электр таъминоти, коммунал хизмат ва тадбиркорликка масъул раҳбарлар билан бирма-бир гаплашилиб, 8 мингта маҳаллада бажарилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига қайси маҳалла ёки қишлоқ киришини маҳаллий кенгашлар белгиламоқда. Ҳокимлик­лар зарур маблағ ва бажариладиган ишларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб, маҳалла раиси билан бирга ҳудудий кенгашларда ҳимоя қилмоқда. Шу билан бирга, маҳаллий кенгашлар ҳар бир маҳалла кесимида ижтимоий соҳа, ичимлик сув, йўл-транспорт ва инфратузилма объектлари манзилли дастурини ҳам тасдиқлаши амалиёти шаклланди.

Натижада 2021 йилнинг ўзида ижтимоий-­иқтисодий аҳволи оғир 325 та қишлоқ ва 71 та маҳаллани комплекс ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек,
2 минг 721 та маҳалладаги 10 минг километрдан ортиқ ички йўлни таъмирлашга 2 триллион, 500 та маҳаллага 4 минг километрдан ортиқ ичимлик сув тармоғи тортиш учун 1 триллион сўм ажратилди.

Электр таъминотини яхшилаш долзарб масала эканини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Шу боис, 5 минг 377 та маҳалладаги 15 минг километр электр узатиш тармоқлари, 4 мингдан ортиқ трансформатор таъмирланди ҳамда янгиланди. Бу юртимиздаги маҳаллаларнинг ­60 ­фоизи демакдир. Ушбу чора-тадбирларга қарийб 2 триллион 100 миллиард сўм йўналтирилди.

Бундан ташқари, Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан бирга “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги 21 та туман, 60 та қишлоқда қиймати 485 миллиард сўмлик лойиҳалар бошланди. “Обод қиш­лоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида инсон қадрини тиклаш, унинг ҳақ-ҳуқуқлари масаласида адолат мезонини ўрнатиш мақсадида янги механизмлар, институтлар жорий қилинди.

Ободлик кўнгилни олишдан бошланади

Маҳалладаги ҳар бир фуқаронинг ҳолатини аниқ ўрганишда “маҳаллабай”, “хонадонбай” ишлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, хотин-қизлар ва ёшларга мақсадли ёрдам кўрсатишда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”нинг йўлга қўйилиши муҳим қадам бўлди.

Президентимиз таъкидлаганидек, “Обод қиш­лоқ” ва “Обод маҳалла” деганда, нафақат уларнинг йўли ёки қиёфаси яхшиланиши, балки у ерда яшовчи аҳолининг даромади кўпайиши, ижтимоий объектлар тўлиқ ишлаши керак. Энг асосийси, ҳақиқий обод маҳаллада “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” бўлмаслиги лозим. Бунинг учун тадбиркорлар билан маслаҳатлашиб, ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш зарур. Сарфланган ҳар бир сўм инвестиция одамларимизга уч баробар кўп фойда келтириши, уларнинг даромадини оширишга хизмат қилиши керак”.

Ҳа, ободлик кўнгилдан, кўнгилни олишдан, қилган ишларимиз натижаси ва халқ розилигидан бошланади. Шу боис, тадбиркорлик ва
бандлик дастурларини маҳаллага боғлаб, 500 минг ёш ва 200 минг аёлни иш билан таъминлаш, “Темир дафтар”га киритилган 300 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш энг асосий мақсад қилиб қўйилди.

Шу мақсадда ўтган йили “Оилавий тадбиркорлик” дастури учун 9 триллион сўм ресурс йўналтирилди ва 1 триллион сўм эвазига ­128 та
маҳаллада кичик саноат зоналари ташкил ­этилди.

Ижтимоий соҳаларни ривожлантириш мақсадида “Обод қишлоқ” дастури доирасида 379 та мактаб, 171 та мактабгача таълим ҳамда 161 та тиббиёт муассасасини, “Обод маҳалла” дастури доирасида 57 та мактаб, 37 та боғча ва 15 та тиббиёт масканида қуриш-таъмирлаш ишлари бажарилди.

Натижада юртимизнинг ҳар бир ҳудудида обод ва кўркам гўшалар, мафтункор масканлар, намунавий хонадон ва кўчалар сони ортди. Халқимизнинг ҳаётга ишончи юксалиб, яшашга, келажакка интилиши янада кучайди. Бир сўз билан айтганда, ободлик бор жойда файзу барака, ривожланиш, тинчлик ва тўкинлик бўлади.

Яна бир янги тизим

Ривожланиш сари қўйилган ҳар бир қадам, шубҳасиз, юртимиз тараққиёти, инсонлар қадри улуғланишига олиб келади. Айнан шу мақсадда Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан оширишга қаратилган, аниқ молиявий маблағлари бўладиган яна бир янги тизим шакллантирилди.

Эндиликда ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси — камбағалликни қисқартириш ва янги иш ўринлари яратишга, ёшлар етакчиси — ёшлар сиёсати ва ёшлар балансига, хотин-қизлар фаоли — аёллар масаласи ва уларнинг дарду ташвиши билан ишлашга жавоб беради.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизни барқарор ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш, фуқароларимиз ҳаётдан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш бўйича олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларни изчил амалга оширишда жамиятнинг энг муҳим бўғини ҳисобланган маҳалла инс­титутининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Шундай экан, юртимизда кечаётган ислоҳотлар самараси, ўзгаришлар ва бунга аҳолининг муносабати, уларнинг кайфияти, аввало, маҳаллада акс этиши, маҳаллада сезилиши, маҳалла ёруғ юзимиз ва виждонимиз кўзгусига айланиши лозим.

Гулруҳ АЪЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати