Унда қайд этилганидек, мамлакатимиз ҳукуматининг демократик ғояларга содиқлиги ва дунёвий тараққиёт йўлини танлаши Ўзбекистонда барча динларнинг фаолияти учун тенг шароитлар яратишга имкон берди. Дин соҳасидаги ишлар давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилади ва фуқароларга конституциявий кафолатланган виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ҳамда диний плюрализм, бағрикенглик ва динлараро мулоқотни мустаҳкамлашга йўналтирилган.
2018 йил декабр ойида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ташаббусининг амалий ижроси бўлган таълим ва диний бағрикенглик тўғрисидаги махсус резолюциянинг қабул қилингани, шубҳасиз, бу борадаги ишларнинг салмоқли натижаларидан бири ҳисобланади.
Муаллифнинг ёзишича, Ўзбекистонда миллий ва диний қадриятларни тиклаш, буюк аждодларнинг бой илмий ва маънавий меросини ўрганиш механизмлари яратилган. Шу мақсадда Қуръон тафсири, Ислом ҳуқуқи, диннинг бошқа йўналишлари бўйича малакали кадрлар тайёрлашга ихтисослашган Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси ташкил этилди.
Бундан ташқари, Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, Имом Бухорий, Термизий ва Мотуридий халқаро тадқиқот марказлари ташкил қилинди. Бухородаги Мири Араб Олий мадрасаси ва Самарқанддаги ҳадис мактаби иш бошлади.
«Ўзбекистонда виждон ва дин эркинлигининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолатлари мавжуд. Конституция ҳамма учун дин эркинлиги тўғрисидаги қоидани ўз ичига олади. Миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва либераллаштириш бўйича ишлар давом этмоқда», деб ёзади нашр.
Мақолада, шунингдек, мамлакатимизда диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш ва фаолият юритиш тартиби соддалаштирилгани, қатор диний ташкилотлар эмин-эркин фаолият кўрсатаётгани ҳамда соҳага оид бошқа муҳим маълумот ва далиллар ҳам ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.