Сўнгги йилларда мамлакатимизда бу борадаги вазифаларни амалга ошириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилиб,  бу йўналишда тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш учун ҳуқуқий асослар тубдан такомиллаштирилмоқда. Қолаверса, Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойил асосида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Бунинг натижасида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича замонавий тизим шаклланди. Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада ислоҳотларнинг энг муҳим босқичларидан бири – 2018 йилда қабул қилинган “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор бўлди. 2020 йилдан бошлаб Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ахборотлар батафсил баён этилган, илғор халқаро стандартларга мувофиқ тайёрланган қонун билан тасдиқланиши йўлга қўйилди. “Очиқ бюджет” ахборот портали ишга туширилди. “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди.

Президентимизнинг куни-кеча қабул қилинган “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазкур йўналишдаги ишларни изчил давом эттириш ва янги босқичга кўтаришда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Мазкур фармон асосида соҳада ўз ечимини кутаётган кўплаб долзарб масалалар ечими юзасидан янги ва самарали амалиётлар жорий этилмоқда.

 Масалан, сўнгги вақтларда кўп муҳокама бўлаётган давлат харидлари соҳасини олайлик. Тўғри, бу борада охирги вақтларда Очиқ маълумотлар порталида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан статистик маълумотлар онлайн режимда жойлаштириб борилмоқда. Бироқ давлат харидлари соҳасида тўлиқ шаффофликни таъминлашга эришиш учун ҳали амалга ошириладиган ишлар кўп. Мазкур фармон билан жорий йил 1 июлдан эътиборан ҳар бир давлат органлари ва ташкилотлари Очиқ маълумотлар порталида давлат харидлари бўйича барча маълумотларни жойлаштиради. Хусусан, порталда тендер асосидаги харидлардан ташқари, тўғридан тўғри тузилган шартномалар ҳақидаги маълумотлар ҳам ўз аксини топади. Масалан, бирор давлат органи машина ёки компьютер сотиб олмоқчи. Илгари бундай харидлар тўғрисида тузилган шартнома олди-сотди қилган икки ташкилотдан бошқа ҳеч қаерда қайд этилмас эди. Энди шундай маълумотлар ҳам очиқланади.

Яна бир муҳим масала. Барчамиз биламизки, қатор давлат органлари раҳбарлари ва ходимлари тижорат ташкилотларининг кузатув кенгашларига аъзо ҳисобланади. Лекин ҳозирча бизда бу ҳақда ҳеч қандай очиқ маълумот йўқ. Энди бундай маълумотлар ҳам очиқланади ва бу манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини бартараф этишга хизмат қилади.

Бир қатор давлат идоралари томонидан давлат органлари ва тадбиркорлик субъеклари фаолияти текширувлардан ўтказилади. Масалан, бюджет маблағларининг сарфланиши бўйича молиявий таҳлиллар, солиқ, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа йўналишлардаги текширувларни мисол келтириш мумкин. Шу пайтгача ўтказилган бундай текширувлар ҳеч қаерда очиқланмас эди. Эндиликда бу ҳақдаги маълумотлар ҳам Очиқ маълумотлар портали орқали жамоатчиликка тақдим этилади.

Фармон билан очиқ маълумот сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланди. Бу рўйхат узлуксиз янгиланиб борилади. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Адлия вазирлиги бу рўйхатни янада кенгайтириш бўйича доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритиб боради.

Эндиликда давлат органлари ва ташкилотлари ҳар йили 1 мартга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни расмий веб-сайтларига жойлаштиради, 10 мартга қадар уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар беради. 1 апрелга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказади. Бу давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятидан кенг жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишда муҳим қадам бўлади.

Хабарингиз бор, тегишли расмий ҳужжатлар асосида тижорат ташкилотларига, ишлаб чиқарувчиларга солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар берилади. Аммо бугунги кунгача бундай маълумотлар ошкор қилинмас эди. Энди бу борада қабул қилинган расмий ҳужжатлар Очиқ маълумотлар порталига жойлаштириб борилади.

Фармонда бундай янгиликлар жуда кўп ва улар ҳаётимизда учраб турадиган барча долзарб масалаларни ўз ичига олгани билан аҳамиятлидир. Масалан, олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш учун тест ва ижодий (касбий) имтиҳонлар, магистратура (клиник ординатура) босқичига қабул имтиҳонлари, ўқишни кўчириш истагини билдирган талабалардан, хорижий ОТМ дипломини тан олишда талабгорлардан олинадиган тест синовларини онлайн кузатиш имконияти яратилади.

Сўнгги пайтларда жамоатчилик ўртасида қизғин муҳокама бўлаётган яна бир масала – овчилик фаолияти. Фармонга мувофиқ Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси 2021 йил 1 августга қадар доимий равишда янгилаб туриладиган Ов қилиш ва овчилик хўжаликлари тўғрисидаги ахборот базасини ўз расмий веб-сайти ҳамда порталга жойлаштиради. Унда “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 36-моддасида кўрсатилган маълумотлар, овчилик хўжалигини юритиш учун жой бериш тўғрисида тузилган барча шартномалар, овчилик хўжалигини юритиш ҳуқуқи тугатилган ҳолатлар, ундирилган ҳақ миқдорлари юзасидан маълумотлар бериб борилади. Ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатнома берилган барча шахслар ва рухсатномадаги маълумотлар ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари каби масалалар ҳам ёритиб борилиши таъминланади.

Фармонда соҳадаги ишларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари ҳам кўзда тутилган. Жумладан, Давлат хавфсизлик хизмати Адлия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Бундан ташқари, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Бу чора-тадбирларнинг барчаси, аввало, инсон манфаатини муҳофазалаш, халқимиз ҳаёти фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Қолаверса, мамлакатимизнинг халқаро рейтинг ва индексларда нуфузини юксалтириш, жамиятимиздаги демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда муҳим қадам бўлади.

Азиз ДЕҲҚОНОВ,

Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси