Ушбу институт фуқароларнинг одил судловни амалга оширишда бевосита иштирокини таъминлаб, ҳуқуқий тизимни жамият стандартлари ва ахлоқий қарашлари билан боғлайди.
Халқ вакиллари иштирокидаги суд тизимининг илдизлари қадимги даврларга бориб тақалади. Баъзи тадқиқотчилар қадимги Грециядаги “галиэя” судини замонавий халқ вакиллари судининг илк кўриниши деб ҳисоблайдилар. Бу судга хос бўлган коллегиаллик ва ошкоралик тамойиллари бугунги кунда ҳам ушбу институтнинг асосини ташкил этади.
Бироқ халқ вакиллари ҳайъати институтининг чинакам ватани Англия ҳисобланади. Унинг ривожланишида бир нечта муҳим тарихий босқичлар мавжуд. Хусусан, “Эркинликлар Буюк Хартияси” (Magna Carta) нинг 39-моддасида ҳар бир озод инсон фақат “ўз тенгдошларининг қонуний ҳукми” асосида жазоланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган эди.
Замонавий дунёда ушбу институтнинг асосан иккита: классик ва гибрид модели фарқланади. Классик моделда қатнашчилар одатда 12 нафардан иборат бўлиб, улар алоҳида ҳонада мустақил қарор чиқаради. Вакилларнинг ваколат доираси фақат шахснинг айбдор ёки айбдор эмаслигини ҳал қилади. Гибрид моделда эса Судья ва вакиллар биргаликда маслаҳатлашади ҳамда ваколат доираси нафақат далиллар бўйича айбдорликни белгилаш балки жазо тайинлаш масалаларини ҳам ҳал қилиши мумкин.
Халқ вакиллари ҳайъати шунчаки суд тартиботи эмас, балки кучли демократик воситадир. Унинг ижобий жиҳатлари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
- фуқароларнинг бевосита иштироки суд ҳокимиятининг халққа яқин ва тушунарли бўлишини таъминлайди;
- халқ вакиллари жамиятдаги адолат ва маънавият мезонларини суд залига олиб кирадилар. Бу баъзида эскирган ёки ҳаддан ташқари қаттиқ қонун нормаларини ҳаётий ҳақиқат билан юмшатишга имкон беради;
- кўп сонли ва тасодифий танланган фуқаролардан иборат ҳайъатга таъсир ўтказиш бир нафар профессионал судьяга таъсир қилишдан кўра анча мураккаб;
- кундалик иш фаолияти давомида профессионал судьяларда пайдо бўладиган бир ёқлама қарашларни оддий фуқароларнинг ҳаётий тажрибаси мувозанатлаштиради.
Хорижий мамлакатлар тажрибасига назар ташланадиган бўлса, бугунги кунда халқ вакиллари нафақат жиноят ишларида, балки мураккаб фуқаролик ва маъмурий низоларда ҳам иштирок этмоқда. Масалан: АҚШда 20 доллардан ортиқ бўлган фуқаролик даъволарида ҳайъат судини талаб қилиш ҳуқуқи мавжуд. Хитойда халқ вакиллари ҳайъати жамият манфаатларига дахлдор бўлган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ёки озиқ-овқат хавфсизлиги ишларида қатнашадилар. Буюк Британия ва Канадада туҳмат, ноқонуний ҳибсга олиш ёки фирибгарликка оид фуқаролик ишлари халқ вакиллари томонидан кўриб чиқилиши мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатида энди жиноят процессига инглиз ҳуқуқидаги давлатларда ижобий натижа берган “халқ вакиллари ҳайъати” институти босқичма-босқич жорий этилиши қайд этиб ўтилди.
Мамлакатимизда жиноят процессида халқ вакиллари ҳайъати институти жорий этиладиган бўлса қатор ижобий ўзгаришларга эришиш мумкин бўлади. Жумладан, давлат тизимидан мустақил бўлган ҳакамлар ҳайъати далиллар етарли бўлмаганда оқлов ҳукмини чиқариш эҳтимоли юқори бўлиб, айбсизлик презумпциясини нафақат назарияда, балки амалда ҳам таъминлайди. Фуқароларнинг бевосита одил судловни амалга оширишга жалб этилиши уларни пассив кузатувчидан фаол иштирокчига айлантиради. Бу ҳуқуқий тизимга нисбатан фуқаролик масъулиятини шакллантиради. Тергов органлари далилларни тўплаш стандартларини оширишга мажбур бўлади. Мажбурий иқрорлар ёки кучсиз билвосита далиллар кўпинча ҳакамлар ҳайъатини ишонтира олмайди, гарчи улар иш материалларига кўниккан судья томонидан қабул қилиниши мумкин бўлса-да.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда низоли масалаларни жамоавий ҳал этиш анъанаси мавжуд ҳисобланади. Халқ вакиллари ҳайъати институти жамоавий мушоҳада ва адолатнинг ушбу маданий қадрияти билан уйғунлашиб, уни расмий ҳуқуқий тизим доирасида замонавийлаштиришга хизмат қилади. Бу эса дунёвий ҳуқуқни халқнинг адолат ҳақидаги анъанавий тасаввурлари билан уйғунлаштириш имконини беради. Президентимиз таъбири билан айтганда “ўта оғир ва жамиятда шов-шувга сабаб бўлаётган жиноятлар жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши суд ҳукмининг янада адолатли бўлишига хизмат қилади”.
Халқ вакиллари ҳайъати институти – бу шунчаки ҳуқуқий механизм эмас, балки жамиятнинг адолатга бўлган эҳтиёжини қондирувчи юксак маънавий-ҳуқуқий тузилмадир. Унинг ривожланиши одил судловнинг шаффофлигини, инсон ҳуқуқларининг ҳимоясини ва энг муҳими, халқнинг ўз давлатига бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Маҳмуд МАХАМАТОВ,
Тошкент давлат юридик университети
Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари кафедраси доценти