Фирибгарлик жинояти бу ўзгалар мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқига тажовуз қилиш. Бу тажовуз ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда ўзлаштириш мақсадида жабрланувчини алдаш ёки унинг ишончини суиистеъмол қилиш орқали амалга оширилади.  

Бу жиноят кўпинча, алдов йўли билан содир этилади. Бу мулкдорга ёлғон маълумотларни хабар қилиш ёки ҳақиқий фактларни яшириш, масалан, юридик факт ва воқеалар бўйича, мулкнинг сифати нархи ҳақида, шахси бўйича ёлғон маълумотларни хабар қилиш - масалан, ўзини мансабдор шахс ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида кўрсатади.

Бундан ташқари ишончни суиистеъмол қилиш йили билан ҳам амалга оширилади. Бу ҳолатларга, масалан, фирибгарнинг хизмат мавқеи ёки унинг жабрланувчи билан шахсий ёки қариндош-уруғлик муносабатлари сабаб бўлади.

Ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ўзлаштириш жиноятини молиявий пирамида мисолида кўриш мумкин. Молиявий пирамидага учраган фуқаролар нақд пулларини ёки бошқа қимматбаҳо нарсаларини ўз хохишлари билан фирибгарга топширади. Ушбу фуқароларни жабрланувчи дейиш ҳам нотўғри, чунки улар тез орада бойиб кетишни истайди,  пулларни икки баровар қилиб қайтаришга ваъда берган шахс ғайриқонуний ҳаракатларни амалга ошираётганлигидан хабардордор бўлсада унга рози бўлади. Бироқ ҳалқ орасида шундай гап бор – текин сир фақат қопқонда. Пирамида  қулаганда барча пуллар йўқ бўлиб кетади, уларни топширган одамлар зарар кўради. Молиявий пирамида моделининг шу кунга қадар мавжуд бўлганлиги, ва эҳтимол, ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмаслигининг сабабини одамларнинг тезроқ бойиб кетишни исташи, осон пул топишни мақсад қилиши билан изоҳлаш мумкин.

Терговчи ва судьяларнинг фикри бўйича бундай жиноятчи ўзини тутиши, ақл фаросати, дунёқараши, фикрлаш доираси ва хулқ-атвори билан бошқа турдаги ғаразли жиноятларни содир этувчи (ўғри, талончи, безори) шахслардан фарқ қилади. Фирибгар жиноятни содир этишда барча қобилиятини ишлатиб одамларни ўзига жалб қилади, уларда ўзларига нисбатан ишонч ва қизиқиш уйғотади ва одамларни ўзига тортишга, қизиқтиришга, ўзини яхши кўрсатишга уста бўлади.

Суд амалиёти шуни кўрсатадики, фирибгарлик жинояти аксарият ҳолларда фуқароларнинг ноўрин истаклари натижасида содир этилади. Жабрланувчи шахс фирибгарга нисбатан ўта ишонч ва очиқ кўнгиллик билдиради, истаган мақсадларига айланма, ноқонуний йўл орқали эришишни хохлашади ва натижада ўзларини алданиб қолганини сезмай қолади.

Шу сабабли 2017 йил 11 октябрдаги  Олий суди Пленумининг “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти” тўғрисидаги қарорида қатор ҳолларда муайян мақсадларига қонунчиликда белгиланган тартибга риоя этмаган ҳолда эришишни истаган жабрланувчиларнинг хулқ-атвори фирибгарлик содир этилишига шарт-шароит яратиб бераётганлигини эътиборга олган ҳолда, суриштирув, дастлабки тергов органлари ва судлар бундай ғайриқонуний ҳаракатларга нисбатан тегишли ҳуқуқий баҳо беришлари, шунингдек, келажакда фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун бундай ҳаракатлардан келиб чиққан оқибатларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишлари лозимлигини тўғри кўрсатган.

Қайд қилинган  Олий суд Пленум Қарори судларнинг эътиборини яна бир муҳим ҳолатга  қаратган. У ҳам бўлса амалиётчиларни ўйлантирадиган масала икки тараф ўртасида тузилган келишувидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармасликда фирибгарлик жинояти мавжудми, мавжуд эмасми?

Мисол учун, иккита шахс ўртасида оғзаки келишув бўлган ёки қарз шартномаси қонуний расмийлаштирилган, аммо қарз олувчи келишилган муддатда қарзни қайтаришдан бош тортган ёки айрим объектив сабабларга кўра (оғир касаллиги, шароитлар ўзгариши ва бошқа) мажбуриятини бажараолалмаган.

Бундай ҳолда Пленум тушунтириб бергандек ўзгалар мулкини эгаллашда қонунга хилофлилик белгиси бўлмаганлиги туфайли фирибгарлик деб баҳоланиши мумкин эмас, чунки қарз келишув ёки қонуний расмийлаштирилган шартнома асосида берилган, ўзганинг мулкини эгаллашга нисбатан қасд мавжуд эмас. Шу сабабли шартномадан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаслик низо сифатида баҳоланиб улар фақат фуқаролик ёки иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.

Албатта судланганликнинг ушбу кўрсаткичлари мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизими ходимлари, кенг жамоатчилик томонидан олиб борилаётган  тарғибот-тушунтириш ишлари натижасида камайган деб тушуниш керак, шу билан бирга фирибгарлик жинояти умумий жиноятларнинг салмоқли қисмини ташкил этади. Шу сабабли ушбу жиноят келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган ишларимизни янада кучайтиришимиз керак.

Лекин ҳаёт ҳам давом этмоқда, ўзганинг мулкини алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзлаштиришнинг турли усуллари пайдо бўлмоқда.

Фирибгарликнинг ҳар бир ҳолати ноёбдир. Шу билан бирга, одатда, ҳар бир фирибгарликнинг ҳолати – бу бир дақиқа ёки ўзоқ вақтга чузиладиган ва бир неча актерлар иштироқида ўтказилаетган спектакль бўлиши мумкин.

Ана шундай спектаклларга бизларнинг ҳалқимиз тушиб қолмаслиги, ва зарар кўрмаслиги учун барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа ташкилотлар, аввалом бор фуқароларнинг ўзлари эътиборли бўлишлари керак.

 Дилбар СУЮНОВА,

 Ўзбекистон Республикаси

Жамоат хавфсизлиги университети

Жиноий-ҳуқуқий фанлар кафедраси

профессори, ю.ф.д.