Дарҳақиқат, чорвачилик — нарх-наво барқарорлигида муҳим соҳа. Энг кўп турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари шу тармоқда етиштирилади.
Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш учун Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳам катта имконият ва салоҳиятга эга. Қулай географик ўрни, кенг яйловлар ва қир-адирликларда жойлашгани туфайли туманда чорвачилик яхши ривожланган. Шунга қарамай, ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплиги боис, 2019 йилнинг 23 октябрида Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент вилояти Оҳангарон туманида чорвачиликни ривожлантириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Мазкур ҳужжатда тумандаги мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ҳисобига соҳани янада ривожлантириш, замонавий технологиялар асосида чорвачилик комплексларини қуриш ҳамда аҳоли истеъмоли учун сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш вазифалари белгиланган.
Хўш, ушбу қарор асосида туманда чорвачиликни ривожлантириш борасида ишлар қандай йўлга қўйилди? Белгиланган вазифалар ижроси қай даражада самара бермоқда?
Авваллари Оҳангарон туманида 70 минг бошгача жундор меринос қўйлар, ангор зотли эчкилар боқилган. Кейинчалик улар бошқа зотлар билан чатишиб, зоти бузилиб кетган. Шу боис, бундай қўй ва эчкиларни кўпайтиришга бугун яна алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қўйлар зотини яхшилаш учун 50 бош зотли меринос қўчқор, 320 бош қўй олиб келинган. Айни пайтда тумандаги меринос зотли қўйлар сони 4100 бошга, ангор зотли эчкилар сони 7800 бошга етди.
2021 йилнинг январь ойидан 2022 йилнинг май ойигача туманга четдан 5325 бош наслли йирик шохли қорамол, 276 бош йилқи олиб келинди. Ушбу зотдор сигирлар кунига 20-25 литр сут беряпти. Авваллари фақат сут йўналишидаги зотли моллар келтирилган бўлса, эндиликда, асосан, гўшт учун боқиладиган ангус ва лимузин зотли моллар ҳам олиб келиняпти. Ҳозирги кунда туманда 1080 бош ушбу зотли моллар боқиляпти.
Сут ва гўштни кўпайтириш, яъни чорва ҳайвонлари маҳсулдорлигини оширишда биринчи галда сифатли озуқа тайёрлаш, уларни тўғри озиқлантириб, парваришлашга боғлиқлиги илмий асосланган. Шундан келиб чиқиб, Оҳангарон туманида чорва молларини саноат усулида боқишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
— Давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи чоғида ҳудудни чорвачиликка ихтисослаштириш, бунинг учун чорва комплексларини ташкил этиш юзасидан топшириқлар берган эди, — дейди туман ҳокими Абдурасул Абдуллаев. — Шундан келиб чиқиб, қорамолчилик йўналишида қиймати 749 миллиард сўмлик 43 та лойиҳадан 32 таси — замонавий чорва комплекси ишга туширилди, қолган 11 тасида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Қўйчилик йўналишида қиймати 157,4 миллиард сўмлик 52 та лойиҳадан 39 тасида иш бошланди, 13 тасида қурилиш ишлари давом этмоқда.
— Етти гектар ерни эгаллаган чорва комплексимиз 2019 йилда қуриб битказилган, — дейди “Иса Ҳалол” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Афзал Қаюмов. — У ерда Словакиядан олиб келинган симменталь ва голштин зотли қорамоллар боқилмоқда. Корхонамиз барча замонавий воситалар билан таъминланган. Ўтган йили 60 тонна гўшт ва 300 тонна сут маҳсулоти тайёрлаб, пойтахт вилояти ва Тошкент шаҳри аҳолисига етказиб бердик. Чорва комплексимизда 21 кишининг бандлиги таъминланган. Бу йил ҳам 60 тонна гўшт етказиб беришни, сут миқдорини эса 3 тоннага оширишни режалаштирганмиз. Бугун соҳада эришилаётган ижобий натижалар Президентимиз томонидан тадбиркорликка, хусусан, чорвачиликка қаратилаётган катта эътибор, яратиб берилаётган имконият ва шарт-шароитлар маҳсулидир.
Туманда қорамол зотларини тез ва арзон усулда яхшилаш учун сигирларга эмбрион кўчириб ўтказишни йўлга қўйиш борасида ҳам самарали ишлар қилинаётганини таъкидлаш лозим. Табиийки, бу жуда қийин ва илм талаб этадиган иш. Ҳозирги кунда мазкур йўналишда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Аргентина давлатининг “Werthein Agro” компанияси билан ҳамкорликда иш олиб бориляпти.
— Аргентина делегацияси туманга келиб, жойлар билан танишиб, лойиҳа учун 150-200 миллион доллар пул ажратадиган бўлди, — дейди туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Алимардон Жумабоев. — Бунинг аҳамиятли томони шундаки, битта авлодда зотли бузоқ олинади ва бу арзонга тушади. Энг асосийси, мазкур жараён ўзимизда амалга оширилади. Яна бир афзал томони, маҳсулдорлиги камайиб қолган сигирлар ҳамда ўзимизнинг маҳаллий сигирлардан ҳам эмбрион ўтказиш ҳисобига 100 фоиз наслли бузоқ олинади.
Оҳангарон туманидаги ерлар қир-адирлардан иборат бўлгани боис, тез-тез сув танқислиги кузатилади. Бу эса сифатли озуқа тайёрлашга салбий таъсир кўрсатмоқда. Ушбу муаммони ҳал этиш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда Туркия давлатидан қудуқ қазийдиган машина олиб келинди. Ушбу машинанинг афзаллиги шундаки, у 5 кунда 1200 метргача қудуқ қазийди. Тик қудуқ қазиб, сув чиқаргандан кейин, сувдан самарали фойдаланиш мақсадида томчилатиб, ёмғирлатиб суғоришга алоҳида эътибор бериляпти.
2021-2022 йилларда 37 та фермер хўжалиги томонидан 547 гектар майдонда ёмғирлатиб ва 823 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинди. Мисол учун, Австриянинг “BAUER” компанияси томонидан “Абдураҳим ота” МЧЖга қарашли 312 гектар, “Шерзод-Бекзод фахри” фермер хўжалигининг 200 гектар майдонида ёмғирлатиб суғориш технологияси ўрнатилди. Натижада ҳар бир гектар ердан олинадиган ҳосил уч баробаргача ошиши кутиляпти.
Тумандаги “Мирзали ота” фермер хўжалигининг 5 гектар майдонида маккажўхорининг амарант, вигна ва эверест хорижий навлари экилиб, янги турдаги силос қадоқлаш ускуналари олиб келинди. Бунда кичик ҳажмларда қадоқланган силоснинг сифати таъминланади. Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда туманда лавлагининг озуқабоп “Ўзбекистон-83” навининг уруғчилик ишларини ташкил этиш йўлга қўйилди.
Жорий йилда ёғингарчиликнинг кўп бўлганлиги боис, яйлов ва лалми майдонлардан олинадиган пичанлар миқдори камида 40-50 фоиз кўп бўлиши кутилмоқда. Бундан ташқари, ҳозирги кунда 1 литр сут учун 400 сўм, 1 килограмм гўшт учун 4 минг сўм, бир дона тухум учун 100 сўм, четдан олиб келинган наслли қўй учун 400 минг сўм ва қорамол учун 2 миллион сўм субсидия берилмоқда. Бу фермерларга ўз фаолиятини янада кенгайтиришга туртки бўляпти.
Юқоридаги ишларни самарали амалга ошириш натижасида туманда йил охиригача сут ишлаб чиқариш 106,3 фоизга, гўшт ишлаб чиқариш 107,8 фоизга етади.
Туманда аҳоли талабидан ортиқча ишлаб чиқарилган 7159 тонна гўшт, 48112 тонна сут ва 54 миллион дона тухум вилоят ҳамда Тошкент шаҳри аҳолиси эҳтиёжи учун йўналтирилмоқда.
Мухтасар айтганда, бугунги кунда Оҳангарон туманида чорвачиликни ривожлантириш борасида салмоқли натижаларга эришиляпти. Буни чорва комплекслари ташкил этилаётгани, чорва сони ошиб, сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўпаяётганида яққол кўриш мумкин. Бу эса тармоқ ривожланиши, бандликни таъминлаш ва энг асосийси, аҳоли фаровонлиги ошишига хизмат қилмоқда.
Шаҳзод Ғаффоров,
“Янги Ўзбекистон” мухбири