Ҳар бир инсон бахтли бўлишга ҳақли, у бахтни орзу қилади, бахтга интилади. Инсонлар бахтли бўлса, оилалар бахтли бўлади. Оилалар  бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади.

Оилани мустаҳкамлаш нафақат мамлакат, балки дунё миқёсидаги аҳамиятли масала ҳисобланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 1993 йил 20сентябрда 15 майни Халқаро оила куни сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Мазкур ҳужжатнинг қабул қилинишидан кўзда тутилган асосий мақсадлардан бири ҳам оилалар аҳиллиги ва мустаҳкамлигига эришишдир.

Жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси саналмиш мамлакатимизда ҳам халқаро меъёрларни жамиятимиз ҳаётига тўлиқ татбиқ этилиши йўлга қўйилган. Бунда оила тушунчаси, унинг мазмун-моҳияти, жамиятда тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, жорий йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг: «Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони; «Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори; «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Албатта, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бир қатор ижобий жиҳатларни қамраб олганки, унинг негизида оилаларни мустаҳкамлаш, қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар билан ишлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатининг асосий йўналишлари акс этган.

Бугунги кунда Сирдарё вилоятининг 871 мингдан зиёд аҳолиси 221 мингдан ортиқ оилаларда истиқомат қилади. Бу ёруғ оламда ҳаёт бор экан, оила бор, фарзанд неъмати бор. Шундай бебаҳо неъматлар билан сийлаганига шукрона қилиш баробарида азиз дилбандларимиз бахти-камолини кўришни ният қиламиз, дунёдаги барча яхшиликларни уларга тилаймиз. Зеро, улар сабаб ота-оналик бахтига эришдик.

Оила деб аталувчи мустаҳкам қўрғоннинг устуни ота бўлса, унга файз киритувчи онадир. Она меҳрининг чексизлиги асрлар мобайнида ўз исботини топган. Дунёда она меҳрининг, аёл муҳаббатининг баҳосини ўлчайдиган мезон, тенглаштирадиган бойлик йўқ. Бу хилқатда нозик таъб, буюк қалб, назокатли кўнгил, бетакрор фидоийлик, оналик жасорати, рафиқалик масъулияти мужассам. Ҳар бир аёл ўз оиласи, қўрғони, кўнгли тинч, юрти ва фарзанди омон, бошида турган бош паноҳи-турмуш ўртоғи соғ бўлса, ҳамиша ўзида яшашга, турмушда катта ўзгаришлар ясашга куч топа олади.

Ҳаётимизга мазмун бағишлайдиган, бизни ҳамиша ўз бағрига чорлайдиган оиламиз мустаҳкам бўлсин. Ўз оиласини, фарзандлари тарбиясини ўрнига қўйиш баробарида жамият ҳаётида, фан, таълим, маданият, санъат, борингки, барча соҳаларида фидокорона меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг бахт масканларида тинчлик ва тотувлик ҳукм сурсин.

Наргиза Тожибоева,
Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари

 вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи.