«Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти томонидан республикамизнинг 6 та ҳудудида, хусусан Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида жамиятда хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳолати самарадорлиги масаласига доир тадқиқот ўтказилди. Тадқиқотдан кўзланган асосий мақсад хотин-қизларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти даражаси, мавжуд ҳолат, муаммоларни тадқиқ этиш орқали уларнинг ҳуқуқий маданиятини янада ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Танланган ҳудудлардаги социологик ўрганишларга аҳолининг умумий сонидан келиб чиқиб, 18-50 ёш оралиғидаги жами 800 нафар хотин-қизлар жалб этилди ва улар орасида сўров ўтказилди.

Хотин-қизлар ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари қуйидагиларни кўрсатмоқда:

Биринчидан, аксарият аёлларнинг ҳаётида қонун ва диний меъёрлар устунлик қилмоқда.

Иккинчидан, респондентларнинг қонун, ҳуқуқ ва бурч борасидаги тасаввурларини ва бунга муносабатини аниқлаш мақсадида уларга тегишли саволлар билан мурожаат қилинди. Унга кўра, аёллар учун қонун бу энг аввало, тартиб, адолат ва ҳимоядир .

Учинчидан, хотин-қизлар учун оила, умуминсоний қадриятлар ва ахлоқ меъёрлари муҳим ўрин тутади.

Тўртинчидан, сўровда иштирок этган 89% фарзандли аёллар ўз болаларининг тарбиясида ҳуқуқий билимларга алоҳида эътибор қаратишлари маълум бўлди. Бешинчидан, сўровда иштирок этган респондентларнинг 75 фоиздан кўпроғи маълум бир вазиятларда ҳуқуқий билимларининг етарли эмаслигини ҳис қилишади.

Олтинчидан, ўрганиш натижалари, ўзбек оилаларида жисмоний куч ёки ҳақоратли сўзлар билан камситилиш ҳолатлари тез-тез учраб тураётганлигини ҳам кўрсатмоқда. Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, бундай салбий ҳолат кўпроқ 66,0%Сирдарё ва 50,0% Самарқанд вилоятларига тўғри келмоқда.

Еттинчидан, аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини текшириш мақсадида берилган саволларга олинган жавобларнинг умумий тўғрилик даражаси 43,7 фоизни ташкил этмоқда. Бу ҳолат аёллар орасида ҳуқуқий саводхонлик даражаси ўрта даражадан анча паст эканлигини кўрсатмоқда.

Бундан келиб чиққан ҳолда келгусида айнан хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини янада кўтариш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга тўсқинлик қиладиган омилларни тўлақонли ўрганиш ва уларнинг ечимига оид чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.