Ҳозирда оилавий зўравонлик энг кўп учрайдиган жиноятлар сирасига кириб бормоқда, шундай бўлиши табиий, зотан. Чунки жамиятнинг ўзи оиладан ташкил топар экан, оилавий можаролар ҳам жамият эътиборининг қоқ марказида бўлади.

Аслида оилавий зўравонликлар энг қашшоқ ва аҳолиси саводсиз давлатларда юз беради. Уларнинг кўплаб аҳолиси рўйхатга ҳам олинмагани боис неча аёлнинг оилавий зўравонликка учрагани, нечовининг ҳаётдан кўз юмиб кетганининг ҳисобини ҳеч ким билмайди. Шунингдек, ривожланиб бораётган давлатларда ҳам аёлларнинг оилавий зўравонликка дуч келаётгани айтилмоқда. Айниқса, АҚШ ва Францияда аёлларнинг оилавий зўравонликка учрашининг сабаби кўпчилик тасаввур қилганидек, уларнинг ҳуқуқлари чеклангани боис эмас, аксинча, ҳуқуқларининг ҳатто одоб-ахлоқ доирасидан ҳам ўтиб, чексизлашиб кетгани сабаб бўлаётганини кузатиб келмоқдамиз.

БМТ Бош Ассамблеяси 2000 йилда қабул қилган резолюциясида ҳар йили 25 ноябрни Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўрaвонликларга барҳам бериш куни сифатида нишонланиб келади. Анъанага биноан ҳар йили 25 ноябрь куни «Гендер зўравонликларига қарши фаол 16 кун» деб номланган кампанияга старт берилади. Бу кампания Халқаро инсон ҳуқуқлари куни нишонланадиган 10 декабрда якунланади. Бош Ассамблея резолюциясида жаҳон мамлакатлари ҳукуматлари, БМТ тизимидаги ташкилотлар, халқаро ва ноҳукумат ташкилотларга мурожаат қилиб, шу куни хотин-қизларга қарши зўравонликлар билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратиш тавсия қилинади.

БМТнинг статистик маълумотларига кўра, дунёда ҳар учинчи аёл жисмоний зўравонликка учрайди. Ушбу кўз юмиб бўлмайдиган ижтимоий муаммо Ўзбекистонда ҳам мавжуд.

Аёлларга нисбатан зўравонликларда аралашмаслик, бунга «оила сири» деб қараш мазкур муаммонинг жамиятда кенг илдиз олиб кетишига олиб келади. Негаки эркак аёлга дўқ урса, шикаст етказса, дўппосласа ва бунга чора кўрилмаса, гап оиладан ташқарига чиқарилмаса, албатта бу ҳолат доимий тус олади.

Оиладаги зўравонлик нафақат жисмоний, психологик, балки бу жинсий ёки иқтисодий зўравонлик кўринишида намоён бўлиши мумкин

Аёлни Ислом дини эъзозлади, яъниким, уни меҳрибон она, муштипар опа-сингил, мушфиқа қиз деб билишни, уларга меҳрибончилик қилишни, жисмига оғирлик қиладиган ишларни буюрмасликни амр этди. Шунингдек, динимиз аёлнинг жамиятдаги ўрнини ҳам таъмин этди. Бунинг натижасида аёллар дала ишларидан, чўпон-чўлиқликдан ва бошқа оғир ишлардан озод қилиниб, мусулмонлар уйларининг маликаларига айланди.

Кишилик жамиятининг энг оғир дарди бўлиб турган ва ечимини топа олмаётган мураккаб муаммоси – оилавий зўравонликлардан халос бўлади. Аёллар хонадонларнинг чинакам маликасига, фарзандлар отасининг росмана дилбандларига айланади. Муаммонинг ечими жуда ҳам осон, фақат қалбдаги кибру ҳаволардан кечилса, шунинг ўзи кифоя.

Эркиин Умурзаков,

Фуқаролик ишлари бўйича Фориш туман судининг раиси.