Хусусан, комбинат технологик ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлаётган кислотали ва ишқорли оқова сувларни тозалаш бўйича Ўзбекистонда биринчи бор Финляндия тажрибаси қўлланилмоқда.
2024 йилда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамда Финляндиянинг “EPSE OY” компанияси Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг оқова сувларини тозалаш бўйича тажриба лойиҳасини қўллаш бўйича 3 томонлама шартнома имзоланган эди.
Айни кунларда Финляндиянинг “EPSE OY” компанияси кислотали ва ишқорли оқова сувларини тозалаш бўйича пилот лойиҳасини комбинатда жорий этишга киришди. Тажриба тариқасида пилот қурилма Ангрен кон бошқармасининг “Кўч-булоқ“ конининг тозалаш иншоотларига ўрнатилди ва синов ишлари олиб борилмоқда.
Эътиборлиси, компания пилот лойиҳа даврида махсус реагентни қўшиш эвазига оҳак сарфи 60% га қисқартирилади.
Шунингдек, тозалаш жараёнидаги сув талаб даражасига етказилади. Тозалаш жараёнида ҳосил бўлаётган қуйқа таркибидан эса рангли металларни ҳам ажратиб олиш имконияти яратилади.
Синовлар якунида, Финляндиялик мутахассислар лойиҳанинг тежамкорлиги ва самарадорлигини исботлаши ва ушбу занжирни саноат миқёсида қўллаш ҳамда кимёвий сув тозалаш иншоотлари ишлаш самарадорлигини 99,5 % га етказиш бўйича хулоса бериши керак. Бу хулоса комбинатнинг Ангрен кон бошқармаси ҳамда Рух ва Мис эритиш заводларининг тозалаш иншоотлари учун олинади.
Синов таҳлилларининг дастлабки маълумотларига кўра, ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши саноат оқова сувларининг зарарли таъсирини юқори даражада камайтириш имконини беради. Келгусида эса бу тажриба Ўзбекистоннинг барча саноат корхоналарида қўлланилиши режаланган.
Ҳамкорлик материали