Бу нуфузли даргоҳда ўқиш болаликдаги орзум эди. Яқин йилларгача кимдир бу ниятинг амалга ошади, деса ишонмасдим. Чунки бу ерда ўқиш не-не инсонларга насиб этганини яхши билардим. Ўтган йили “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендияси танловида қатнашиб, иккинчи уринишда ниятимга етдим. Ўшандаги қувончимни сўз билан таърифлай олмайман.
Мутахассислигим ҳуқуқшунос. Бу ерга келишдан аввал юртимиздаги Адлия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлигида ишлаганман. Ҳозирги ўқишим ҳам ишлаган соҳам билан боғлиқ — давлат сиёсати ва бошқаруви йўналишида ўқияпман. Ушбу йўналишни танлашимдан асосий мақсад мамлакатимиздаги қизғин ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшишдир. Яқинда давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида “Мана, сафимизга юртимиздаги, чет элдаги нуфузли олийгоҳларда ўқиган, йирик компанияларда ишлаган қанча-қанча салоҳиятли ёшлар кириб келмоқда. Мен уларнинг тимсолида, аввало, эртанги кунимизнинг янги раҳбарларини, ҳудуд, тармоқ ва соҳаларнинг моҳир бошқарувчиларини кўраман”, деган гапини эшитиб, ниятим янада қатъийлашди. Бу қанотли сўзлар чет элда таълим олаётган мен каби юзлаб ватандошларимизни руҳлантиргани шубҳасиз. Юрагимизда бор билим ва тажрибамизни ватанимиз равнақи учун сарфлаш иштиёқи аланга олди.
Айни пайтда маъмурий ислоҳотлар, коррупцияга қарши курашиш, давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича ўзим билмаган янги-янги маълумотлар ўрганяпман. Хусусан, давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни самарали амалга ошириш бўйича билимимни оширяпман.
Оксфорд ўқув ҳудудида талабалар учун маъруза заллари, лабораториялар, илмий марказлар, ўқув, IТ ва медиа, мустақил ўқиш ва дам олиш хоналари мавжуд. Турар жойларда яшаш учун барча шароит яратилган. Парк ҳудудида ҳордиқ чиқариш учун қулай муҳит бор.
Педагоглар жамоаси жуда салоҳиятли. Ўқитувчилар ҳам амалиёт, ҳам назария борасида етарли билим ва тажрибага эга. Ўқишга кирганимдан буён фақат назария ёки амалиёт билан чекланган, бирёқлама ўқитувчини кўрганим йўқ. Аксарияти анча йиллар соҳаси бўйича ишлаб, кейин педагоглик қилаётган ёки ҳам амалиётда ишлаб, ҳам дарс бераётган мутахассислардир. Мисол учун, илмий раҳбарим — профессор Кристофер Стоун Гарвард ва Кембриж университетлари битирувчиси. У Вашингтонда жиноят ишлари бўйича суд жамоат ҳимоячиси. АҚШ, Буюк Британия, Чили, Хитой, Ҳиндистон, Нигерия, Жанубий Африка, Туркия ва бошқа турли мамлакатларда адлия соҳасини ислоҳ қилишда эксперт сифатида иштирок этган. Ҳозир профессор Стоун Жанубий Африкадаги Миллий прокуратура органини ислоҳ қилишда экспертлик хизмати кўрсатмоқда.
Университетга ташқаридан жуда кўплаб маърузачилар жалб қилинади. Улар одатда таниқли инсонлар бўлади. Масалан, яқинда Колумбия собиқ президенти Иван Дьюк маъруза ўқиди. Бизда унинг президентлик давридаги ислоҳотлари, ютуқ ва камчиликлари ҳақида эшитиш, савол-жавоб қилиш имконияти пайдо бўлди.
ОТМда ҳар бир талабага алоҳида тьютор бириктирилади. У талаба ўқиётган йўналиш бўйича мутахассислардан танланади. Ўқиш давомида талабага тўлиқ ёрдам бериб боради.
Коррупцияга қарши янги лойиҳа
Бу ерда бошқа давлатдан келган кўплаб талабалар ўқийди. Аксарияти мен каби ўз юртидаги давлат ташкилотларида ишлаган. Семинарларда ватанидаги ўзига хос иш тажрибаси ҳақида гапириб беради. Бундан ташқари, давлат бошқарувини рақамлаштириш, коррупция омилини минималлаштириш, давлат хизматини самарали ташкил этиш, аҳоли алоқани йўлга қўйиш каби масалаларида ўрганса арзигулик бой тажриба мавжуд. Жараёнда халқаро ҳужжатлар, стандартлар, бошқа давлатлар тажрибасини ўрганяпман. Ўзбекистонга қайтгач, шу йўналишлар бўйича таклифлар тайёрлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этишни режалаштирганман.
Масалан, ҳозир ўқув дастури доирасида Transparency International глобал халқаро нодавлат ташкилот билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмагида янги тадқиқот лойиҳасини бошладим. Айни пайт Transparency International мутахассислари билан ҳамкорликда тадқиқот лойиҳасини яратяпмиз. Шу ой охирида тадқиқот ишим учун маълумот йиғиш мақсадида юртимизга қайтаман. Бу жараёнда соғлиқни сақлаш тизимида коррупцияни минималлаштириш бўйича тавсиялар ҳам ишлаб чиқилади.
“Хонадаги фил” нима?
Университетда ҳар бир маърузадан кейин профессор “Ушбу лекциядан ўзингиз билан олиб кетадиган жиҳатлар нима?” дея хулоса қилишга икки дақиқа беради. “Elephant in the room”, яъни “Хонадаги фил” — эътиборга олинмайдиган ҳақиқат ҳақида инглизча метафора. Ҳеч ким муҳокама қилишни истамайдиган аниқ муаммо ёки хавфни муҳокама қиламиз. Уни эътиборсиз қолдирмаслик, далилларга таянган ҳолда имкон қадар шу муаммога тегишли тузилмалар диққатини жалб этиш зарурлиги хусусида фикр алмашамиз.
Университетда Жалолиддин Румийнинг “Қоронғи хонадаги фил” фалсафасининг чуқур метафорик маъносини англадим. Аллома масалида бир неча одам қоронғи хонада ўзи пайпаслаб кўрган филни тасвирлайди. Уларнинг ҳар бири филнинг фақат бир қисмини ушлаб кўриб ҳис қилади ва ҳис-туйғуларига асосланиб, фил нима экани ҳақида хулоса чиқаради.
Ҳар биримиз ўзимизнинг чекланган билим ва тажрибамизга эгамиз. Дунё ҳақидаги тушунчамиз субъектив идрокимиз билан чекланиши мумкин. Биз ҳақиқатнинг фақат бир қисмини кўришимиз ва шу асосда ҳақиқат ҳақидаги ғоямизни шакллантиришимиз мумкин. Румий бизни ушбу чекловдан хабардор бўлиш ва бошқаларнинг турли нуқтаи назари ҳамда тажрибаси учун очиқ бўлишга ундайди. Оксфордаги таълим муҳити ҳам бизни шунга ўргатяпти.
Ҳар бир инсоннинг ўзига хос тажрибаси ва дунёни идрок этишини англаб, камтар бўлишга ҳаракат қилишимиз зарурлиги, янада уйғун ва тушунадиган жамият яратиш учун ҳамкорлик қилиш ва бошқа нуқтаи назарларни ҳурмат қилишни ўргандим. Семинарлардаги машғулотлар масаланинг туб моҳиятига етиш, тўғри ечим бериш кўникмасини шакллантиради. Масалан, яқинда Ганага Халқаро валюта жамғармаси томонидан қарз бериш жараёнини бевосита кузатдик. Гана молия вазири, Халқаро валюта жамғармаси вакилларига аудиториямизда саволлар бердик. Бу барчамиз учун жуда катта тажриба бўлди.
Очиқ мулоқот ва янги билим олиш имкони
Оксфорддаги миллий хилма-хиллик ҳар куни турли миллат вакиллари билан мулоқот қилиш ва янги билимлар олиш имконини беради. Битта парадокс: баъзида курсдошлардан профессорлардан, маърузалардан кўра кўпроқ билим ўрганиш мумкин. Бунинг сабаби шуки, мен ўқийдиган факультетда 55 (энг ривожланган ва энг камбағал) давлатдан келган 144 курсдошим илмий баҳс пайтида муайян мавзу бўйича 55 хил фикрни шакллантиради ва барча фикрлар илмий ёки тажрибада асосланган бўлади.
Бошқа мамлакатлар маданиятини ҳам ўргандим. Сабаби, бу ерда жуда кўплаб миллий байрамлар ташкил қилинади. Албатта, иштирок этиб, уларнинг фарқли жиҳатини қизиқиб ўрганиш имкони бўлади. Нега айнан урф-одатларни ўрганамиз, деган савол туғилади. Турли миллат вакилларининг қадрияти, урф-одатларини яхши билган сиёсатчи ҳам ташқи, ҳам ички сиёсатда глобал сиёсий ғояларни ишлаб чиқа олади, деган фундаментал қараш бор. Шунинг учун талабалар бир-бирининг урф-одатларини, қадриятларини ўрганишга ҳаракат қилади. Масалан Африка, Америка, Осиё давлатидан келган талабаларнинг урф-одатларига бағишланган байрамлар ўтказилди. Ўзим ҳам Наврўз байрамини ташкиллаштирдим. Маданиятимиз ҳақида тушунча беришга ҳаракат қилдим. Қадриятларимиз билан университетдагиларни яқиндан таништирдим.
Мендан режаларим ҳақида сўрашса, биринчи навбатда, юртимга қайтиш, дейман. Чунки Оксфордга келган кўплаб талабалар шу ерда қолишга интилади, мен эса юртимни соғинаман. Бу ўқишим давлат томонидан молиялаштирилгани учун эмас, балки ота-онам, яқинларим ёнида бўлишни, элимизга хизмат килишни хоҳлайман. Хорижлик тенгдошларим “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатларини, умуман, чет элда билим олиб, тажриба орттираётган ўзбекистонликларни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” самолётларидаги ҳумо қушига ўхшатади. Қушнинг назари орқада. Биз ҳам ривожланган давлатларда таълим олишга интилсак-да, нигоҳимиз, қалбимиз орқада — Ўзбекистонда. Шу сабаб юртимизга қайтиб, давлат секторида фаолиятимни давом эттириш — энг катта мақсадим.
Курсдошларимда биз, ўзбекистонлик талабалар учун яратилган шароит, давлатнинг молиявий ва маънавий кўмаги ҳавас уйғотди. Наҳотки давлат ҳамма харажатларни қопласа, деб ҳайрон қолишади. Шу сабаб келгусида элимиз билдирган ишончни оқлаш ва давлат секторида ишлаш, хусусан, коррупцияга қарши курашиш, ҳалолликни таъминлашга интилиш асосий мақсадларимдан. Бунинг учун тадқиқотлар ўтказиш мақсад қиляпман. Чуқур изланишлар олиб бориш, фикрларни ўрганиш орқали маълумотлар йиғиб, далилларга асосланган таклифларни ишлаб чиқишни истайман. Шу амалиёт орқали давлат секторида ҳалоллик, очиқлик ва самарали бошқарувни таъминлашдаги ислоҳотларга ҳиссамни қўшаман.
Муштарий МАДРАҲИМОВА,
Буюк Британиядаги
Оксфорд университети магистранти,
“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати