Ўзбекистонда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида турли тадбир ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида “3-декабрь — Халқаро ногиронлар куни”га бағишланган “Маданият ҳафталиги” хайрия тадбирлари бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳридаги 100-, 101-, 102-, 103-, 106-сонли мактаб-интернатларида таҳсил олувчи имконияти чекланган болалар иштирок этдилар.
Мазкур тадбир доирасида болалар учун махсус сурдо таржимон билан экскурсиялар, маҳорат дарслари, кўргазмалар, юртимиз ардоқлаган машҳур эстрада вакиллари билан ижодий учрашувлар ташкиллаштирилиб, болаларга ўзлари учун қизиқарли бўлган санъат асарларининг суратини чизиш, пластилин билан ишлаш каби турли кўнгилочар ўйинлар ўйнаш имконияти яратилди. Шунингдек, Элмурод Зиёев, Aли Отажонов, истеъдодли хонанда Шоҳжахон Эргашев, актриса Ситора Фармонова иштирокчилар билан яқиндан суҳбат қурди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлиги, Яккасарой туман “Юнус Ражабий” маҳалла қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилди. Тадбир сўнггида фаол қатнашган болаларга музей томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда ҳомий ташкилотлар “Шарқ” нашриёти, “Tower group” компанияси “MAVIS GLOBAL” қандолатчилик корхонаси томонидан эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Бу каби хайрия тадбирлари болажонларни моддий-маънавий, бой маданий-тарихий меросимиз акс этган амалий санъат намуналари билан яқиндан таништириш асносида нафис санъат олами билан ҳамнафас этишга, имконияти чекланган бўлса-да, шижоатли ва иқтидорли ёш авлод вакилларининг ижодий салоҳиятларини янада сайқаллашга, яширин қобилият қирраларини кашф этишга туртки бўлса ажаб эмас.
Исмат Юсупов,
Чарос Билолова