Дунёга жадидлар қайтмоқда
Маънавият ва маърифатнинг сув ва ҳаводек зарурлигини Президентимиз илк бора ўз вазифасига киришган йиллардаёқ мамлакатнинг асосий таянчи, юксалиш асоси сифатида майдонга олиб чиқди.
ХХ асрда жадид маърифатпарварлари миллат дардида қалбларда ёндирган шамлар мустабид тузум томонидан аёвсиз ўчирилди. Тўқсонинчи йилларда жадидларга бир мурожаат қилдик, аммо кейин улардан йироқлашдик. Бу йироқлашиш миллатга қанчалар қимматга тушганини ҳозир ич-ичдан ҳис қилиб турибмиз. Аслида, жадидлардан йироқлашиш миллий ўзликдан, юксак мақсадлардан, миллий маърифат асосидаги миллий тараққиётдан, миллий бирликдан йироқлашиш эканлигини кўпам англамадик.
“...Бу тунда ёруғ шам ёнмас, чақмаса гугутни асл ўғуллар...”. Президент бошчилигида бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашинининг кенгайтирилган тарихий йиғилиши гўёки зиё таратиб, ҳақиқатни кўрсатгандек бўлди.
Назаримда, бу йиғилишда айтилган ҳар бир сўз жадидлар орзуси, жадидлар сўзи, нафасидек янгради, жадидлар яна қайта дунёга келгандек бўлди. Чунки бугун мамлакат ўз олдига қўйган энг юксак мақсадлар жадидлар яратмоқчи бўлган, бугун бунёд бўлаётган янги уйғониш даври орзусидир.
Мақсад қанча улкан бўлса, машшаққати, заҳмати ҳам шунга яраша бўлади. Аммо унга эришиш йўлидаги шиддат, самаралар ортидан келадиган руҳий ҳаловат олдида у заҳматлар ҳечдир. Чунки барчамиз кўриб турибмиз, дунё харитасида кучли марказлар ўзгаларга босим тазйиқ ўтказаётган бир пайтда ватанимиз миллий бирлик, инсон қадри, илм олиш ғояси билан истиқбол сари дадил қадам ташлаб бормоқда.
Ижтимоий тармоқлар орқали эркимиз, мустақиллигимизга нисбатан айтилаётган алжирашлар, маънавий таҳдидлар, ахборотлар кураши, ижтимоий-сиёсий қарашлар тизимидаги чуқур трансформация жараёнларининг барчаси бизга уйғоқ қалблар, жасоратли зиёлилар кераклигини яна бир бор эслатиб турибди.
Шу кунларда миллионлаб юракларда миллий бирлик олови ёнди. Ватан ва халқ келажаги ҳақида ким қандай йўсинда, қандай ўртаниш, катта журъат ва жасорат билан сўз айтар экан, барчасининг моҳиятида жадид маърифатпарварлари пешвоси Маҳмудҳўжа Беҳбудийнинг “Ҳақ олинур, лекин берилмас!” деган сўзлари ярқираб кетди.
Ҳа, биз буюк миллат, буюк эл бўлган, боболари қудратли давлатлар барпо этган, илму фазлда юксак мақомларга кўтарилган миллатмиз.
Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур”.
Бугун мендан “йиғилиш қандай ўтди?” деб сўраганларга битта жавоб беришни истардим: “Бу йиғилишдан кейин жадидлар қайта туғилади!”
Негаки, бугунги таҳликали дунёда бизга ижтимоий ахлоқ, маънавият, маърифат нури, фидойилик ва юксак ватанпарварлик руҳи, ҳар қачонгидан ҳам зарур. Ҳар қандай юксак иқтисодий ва маърифатли жамият асосида аввало инсон камолоти, фикрий юксалиши туради. Унинг ўқ илдизида эса ахлоқ ва руҳ тарбияси турган. Зеро, ахлоқсиз мукаммалликка эришиб бўлмайди.
Ана шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбари маънавий-маърифий соҳада ўткир ва кўндаланг бўлиб турган энг муҳим масалаларга эътибор қаратди. “Ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: биз ҳозирги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими? Булар оддий саволлар эмас. Одамни жиддий ўйлантирадиган, ташвишга соладиган саволлар. Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади.”
Кўриниб турибдики, бугунги кун нафақат иқтисодий, балки тарбиявий, маънавий-маърифий, мафкуравий соҳаларда ҳам шиддатли рақобатга тайёр бўлишимизни талаб этмоқда. Демак, кечиктирмай бу борадаги тарбиявий, маънавий-маърифий ёндашувларимиз, дастурларимиз, тизимларимиз, бурч ва масъулиятимизни тубдан танқидий кўриб чиқишимиз лозим.
Давлатимиз раҳбари бежиз: “Бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши керак, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши шарт!” деб айтмади. Бу битта, иккита шу соҳага алоқадор ташкилотнинг эмас, бутун жамиятнинг ҳаракатига айланиши кутилмоқда. Бу ишлардан бирорта соҳа, бирорта вазирлик ва идоранинг четда туриши мумкин эмас.
Чунки миллат ва халқ, Ватан қисматига дахлдор энг юксак ғоялар, миллатпарварлик руҳи маънавий заминда вояга етади. Тарихимиздаги икки буюк Уйғониш замирида ҳам аввало маънавий жасорат ётади. Жадид боболаримиз миллий ҳуррият йўлидаги курашда бежиз маънавият ва маърифат йўлини танламади.
Биргина Чўлпоннинг оташин сўзларини эслайлик:
Ол байроғингни, қалбинг уйғонсин,
Қур янги давлат, ёвлар ўртансин!
Янги Ўзбекистонда дув-дув гап
Халқимизда “Яхши сўз ҳам омонат, уни ўзгаларга етказиш керак”, деган ибора бор. Президент раислигида ўтган мазкур йиғилишнинг овозаси бугун мамлакатимизнинг ҳар тарафида: зиёлилар қалбидан тортиб маҳаллалар, хонадонларгача етиб бормоқда.
Ўша куни Президент томонидан маҳаллаларда кенг кўламли ислоҳотларни баландпарвоз гаплар билан эмас, аниқ ҳаётий мисоллар билан содда, тушунарли, янги усулда етказиш лозимлиги таъкидланган эди. Мазкур анжуманда иштирок этган “Маънавият карвони”нинг эш пешқадам вакиллари бўлган таниқли олимларимиз, шоир ва ёзувчиларимиз, санъат ва маданият намояндалари халқ ичига, қалбига отланди. Республика Маънавият ва маърифат маркази, Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида Тошкент шаҳри бўйлаб кенг кўламда янги куч, янги ғоялар билан аҳолига юқори кайфият, руҳлантирувчи куч берадиган “Маҳаллада дув-дув гап” маънавий-маърифий тадбирлари бошланди.
Таниқли олимлар Оқил Салимов, Жамила Шермуҳаммедова, Шавкат Аюпов, Қаҳрамон Аллаев, Нарзулла Жўраев, Садриддин Туропжонов, Ойниса Мусурмонова, Мансур Бемуродов, Қўнғиротбой Шарипов, Дилором Бобожонова, шоир ва ёзувчилар Сирожиддин Саййид, Зулфия Мўминова, Маҳмуд Тоир, маданият ва санъат вакиллари Озодбек Назарбеков, Муножот Йўлчиева, Ёдгор Саъдиев, Гавҳар Зокирова, Эркин Комилов, Ғуломжон Ёқубов, Шуҳрат Дадажонов, Миродил Қиличев каби фидойиларимиз маънавий тадбирларнинг қалбига айланди. Тадбирлар халқимиз юрагида жаранглаётган “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остида бўлиб пойтахтимиздаги маҳаллаларни тўлиқ қамраб олиниши режалаштирилди.
Шунингдек, театрлар, музейлар, сайлгоҳлар, янги Ўзбекистон даврида бунёд этилган диққатга сазовор жойларга ташрифлар, маҳаллаларда, таълим муассасаларида китоб ярмаркалари, китобхонлик ва адабий кечалар, “Заковат”, “Ибрат фарзандлари”, “Мутолаа” ва “Беш муҳим ташаббус” каби маънавий-маърифий ва спорт лойиҳалари ўтказилиб келинмоқда. Бунёдкорлик ишлари натижасида юртимиз қиёфасининг ўзгариб бораётгани, маҳаллаларнинг аввалги ва бугунги кўриниши ҳақида махсус видеороликлар намойиш этилаётир.
Ҳа, маънавият ва маърифат барча замонларда тенгсиз қудрат, бахт-саодат, тинчлик, бунёдкорлик, ҳамжиҳатлик мезони, руҳий покланиш ва қалбни юксалтирувчи неъмат бўлиб келган. Чунки у миллатни, халқни, демакки, инсонларни ҳамиша уйғонишга, эзгуликка, тараққиётга, бу оламни обод қилишга, гўзалликка буркашга чорлаган. Ҳазрат Алишер Навоий айтганидек:
Бу чаман ўлмоғида мавжуд анга,
Бор эди инсон гули мақсуд анга.
Кимки, мана шу эзгу мақсад йўлида инсонни бу оламни гулга буркайдиган, яъни уни фаровон қиладиган бунёдкор, яратувчи куч деб қадрлар экан, шаксиз ўша ерда ободлик бўлади.
Давлатимиз раҳбарининг “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони, руҳи маънавиятдир” деган сўзлари моҳияти бугун янада кенгроқ мазмун касб этмоқда. Чунки маънавий асосларсиз, маънавий негизларсиз, маънавий қадриятларсиз, миллий руҳсиз ҳеч бир давлат ўзининг юксак мақсадларига эриша олмайди. Шундай экан, ҳар бир соҳага руҳий-маърифий, ижтимоий ахлоқнинг мустаҳкам пойдевори сифатида маънавиятни олиб киришимиз лозим.
Умуман, нафақат иқтисодиёт, балки бошқа соҳаларни ҳам маънавиятсиз тасаввур қилиш қийин. Чунки маънавият тараққиётга куч ва руҳ беради. Маъриафатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек: “Кийимнинг юза қисми қанчалик ялтироқ бўлмасин, унинг ичи нобоп, айниқса, кир бўлса, бу иллат, албатта, юзага уради”.
Жамият ўзгараяпти, мактаб ўзгараяпти, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги масъулияти ҳам ўзгаряпти. Энди бу ўзгаришлар фаоллик, ташаббускорлик, юксалиш босқичларига кириши кутилмоқда.
Маҳаллаларда ўтаётган тадбирлар доирасида зиёлилар иштирокидаги учрашувларда аҳолиси томонидан: “Мен пенсия пулимдан неварамни “Ғунча” журналига обуна қиламан”, “Китобларим кўп, уйимда маҳалламдагилар учун кутубхона очаман”, “Жадид” газетаси чиқаркан, албатта унга оиламиз учун обуна бўламан”, “Маҳалламизни жиноятсиз, ажримсиз масканга айлантирамиз”, “Ҳар бир хонадонда кутубхона ташкил қиламиз”, “Тўйхоналаримизни ўқув марказларига айлантирамиз” деган фикрларни эшитиб, янги маънавий уйғониш насимларини ҳис этяпмиз.
Тилда, фикрда ва ишда бирлик
Янги Ўзбекистонда маънавий юксалиш сари янги давр, янги босқич бошланди. Маънавий-маърифий соҳадаги бу ўзгаришлар ва Президент ташаббусларидан сўнг жадидларнинг “Тилда, фикрда ва ишда бирлик” ғояси тилимда қайта-қайта янграйверди. Бу ғоя юқорида таъкидлаганимиздек, миллий бирлик, ҳамжихатлик асосида янада мустаҳкамланади, амалга айланади.
2021–2023 йилларда шаҳар ва туманларда 195 та “Маънавият ва маърифат маскани”ни барпо этишнинг манзилли рўйхати тасдиқланди.
Жорий йил якунига келиб, 173 та туман (шаҳар)да Маънавият ва маърифат масканлари барпо этилди. Андижон, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида режалаштирилган масканлар тўлиқ ишга туширилди.
Марказ ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилганидан буён 3 йил давомида 3117 нафар Марказ тизими, вазирлик, идора ва давлат ижро органларининг ушбу соҳага масъул ходимлари малакаси оширилди.
Жорий йилда 1 та халқаро анжуман, 2 та халқаро илмий-амалий конференция, 5 та республика анжумани, 7 та республика илмий-маърифий конференция ҳамда 242 та ўқув-семинари ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳрида Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигига бағишлаб “Абу Райҳон Беруний илмий меросининг жаҳон фани ривожидаги ўрни” мавзусида халқаро анжуман;
Андижон вилоятида “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Халқаро тадбирларда иштирок этиш мақсадида 45 та давлатдан 52 мутахассис олим ва эксперт юртимизга ташриф буюрди.
Маънавий-маърифий жараёнлардаги фаоллиги учун мамлакатимизнинг 179 фуқароси “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. “Маърифат” тарғиботчилар жамияти фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича янги электрон платформа ишга туширилди. Жамият ҳузурида 40 нафар иқтидорли ёшлардан иборат “Ёш тарғиботчилар ҳаракати” ташкил этилиб, жамият аъзолари сони 810 нафарга етказилди. “Ойина” маънавий-маърифий портали ишга туширилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда “Маънавият фестивали”, туркум тадбирларини ўтказиш катта анъанага айланди. Президентимизнинг “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган эзгу даъватлари асосида мамлакатимиз бўйлаб илк маротаба “Маънавият марафони” бўлиб ўтди. Миллий байрам тусини олган ушбу марафон бутун юртимиз бўйлаб катта акс-садо берди.
8 та ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Фарғона, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари)даги 48 та чегараолди маҳаллаларда яшовчи ёшлар турли ёт ғоялар гирдобига тушиб қолишининг олдини олиш, уларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадрият ҳамда анъаналарга ҳурмат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида “Ватан остонаси” фестивали ўтказилди.
Март, апрель, июнь ва август ойларида “Халқ Конституцияси билан халқчил давлат сари!”, “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!”, “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиорлари остида 14 та ҳудудда “Маънавият фестивали” ўтказилди.
Жорий йилда ўтказилган “Энг наъмунали туман ва шаҳар” танловида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тавсиясига кўра, маънавий-маърифий ишларни тизимли йўлга қўйган, бу борада юқори самарадорликка эришган ҳамда ўз ҳудудида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаган 14 та туман ва шаҳар; “Энг намунали вазирлик ва идора” танловида 23 та вазирлик ва идора иштирок этди. Ғолибларга Президент совғаси – “Дамас” автомобили, пул мукофотлари, китоблар тўплами, қимматбаҳо совғалар топширилди.
Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги ислоҳотларнинг энг муҳим стратегик йўналишлари мазмун-моҳиятини очиб беришга қаратилган 12 турдаги “Янги Ўзбекистон” плакатлар тўплами 11 000 нусхада нашр этилиб, 10 000 донаси умумтаълим мактабларига жиҳозлаш учун топширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида сўнгги 5 йил ичида амалга оширилган тарихий улкан бунёдкорлик ишлари, аҳоли турмуш тарзидаги ижобий ўзгаришларни ўзида акс эттирган “Янги Мўйноқ” китоб-альбоми тайёрланиб, ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида 3000 нусхада чоп этилди. Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда Мўйноқ туманида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида “Янги Мўйноқ” китоб-альбомининг тақдимотлари ўтказилди.
Албатта, бу кечаги кун, кечаги натижалар. Бизнинг Янги йилдаги фаолиятимиз юксак даъваталарга муносиб бўлиши лозим.
Маънавият — мунавварлик
Бугун замон олдимизга қўяётган талаблар олдида маънавият деб аталмиш янги куч ва ҳаракатнинг бир бўлаги, деб билгувчи ватандошларимиизнинг қадами шаҳдам бўлиши, улар ҳаммадан илдам юриши зарур. Зеро, давлатимиз раҳбари “Маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши керак, бугун маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак!” деб бежиз айтмади.
Мен зиёли умрини шамга ўхшатар эдим, у ўзи ёниб эриса ҳам, таралган нури атрофни нурафшон қилади, дердим. Лекин ҳозир энди зиёлиларимизни тарихдаги буюк қаҳрамонларимизга ўхшатгим келади. Зеро, зиёлилар, илм аҳли бугун янги куч сифатида маънавий жасорат майдонига чиқиши ҳар доимгидан ҳам муҳим, сув ва ҳаводек зарур.
Президент томонидан илгари сурилган ташаббуслар асосида “Сурхондарё тажрибаси” мисолида мамлакатимизда илк маротаба Маънавият сектори ташкил этилди. Мазкур сектор юртимизда илк бор маънавият соҳасида янги қон, янги юрак бўлиб уриши учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Муҳими, бу борадаги ишларимизни янада жадаллаштириш учун 2024 йилдан бошлаб ҳар йили 100 миллиард сўмдан маблағ ажратиладиган бўлди.
Кенгашда ўша куни яна бир хушхабар айтилди. ЮНЕСКО Бош конференцияси сессиялари қарийб 40 йилдан буён фақат Парижда ўтказилар эди. 2025 йилда эса бу конференциянинг сессиясини Самарқандда ўтказиш белгиланди. Ушбу нуфузли анжуманга Ташкилотга аъзо барча давлатлардан вакиллар ташриф буюради.
Бу нимани англатади? Бу асрлар давомида дунё тамаддунига ўз сўзи, ўз илми, ўз зеҳнини чироқ қилган миллат бугун яна ўз ўрнини ҳам топаётганини, бу миллатнинг буюклигини тан олиш, уларга юксак ҳурмат, ҳайрат билан қараш лозимлигини яна бир бор кўрсатиб қўймоқда. Воқеликка “Самарқанд руҳи” қайтмоқда.
Яна бир хушхабар, Янги йил арафасида Янги Ўзбекистон ҳаётида улкан тарихий воқеа содир бўлди. Президентимиз махсус тугмани босиб, умумий қуввати 2,4 гигаваттлик 6 та ҳудудида “яшил” электр станцияларига оқ фотиҳа берди. Улкан қурилмалардан адоқсиз симлар орқали 2 миллион хонадонга янги нур оқими-узлуксиз ва кафолатли электр энергияси кириб борди.
Мазкур тантанали маросимда иштирок этарканман, дилимдан шундай ўйлар ўтди: “Ажаб, агар электр қуввати бўлмаса, уйларимизга тафт кирмайди, тунлар хонадонларимиз мунаввар, йўлларимиз нурафшон бўлмайди. Иш жойларимизда дастгоҳларимиз “жонсиз” қурилмага айланади, меҳнатда унум бўлмайди. Бизни яқинлар, дунё билан боғлаётган телефонларимиз бир парча матоҳга айланади. Бу кўзга кўринмас неъмат моҳиятида “мунаввар нур”— маънавият яширин. Бугун бу нурсиз тараққиёт йўқ, бу нурсиз фаровонлик бўлмайди. Маънавият — туганмас руҳий қувват, у билан кўнгил чироқлари, тафаккур қандиллари ёнади. У бор жой одамийлик зиёси чароғон бўлади.
Наздимда 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Янги куч” деб аталмиш тугмани босиб бетимсол мунавварлик манбаи бўлган “Маънавият нури”ни 36 миллиондан ортиқ фуқароларимиз қалбига йўналтирди. Оллоҳ насиб этса, кириб келган янги 2024 йилдан бошлаб ҳар бир қалб чароғон бўлгусидир.
Минҳожиддин Мирзо,
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари