Сўнгги йилларда улуғ саркарда Жалолиддин Мангубердининг ҳарбий маҳорати, жанг санъати ва тарихининг очилмаган саҳифаларини ўрганиш том маънода янги босқичга кўтарилди.

Бу тарихий шахснинг ҳаёт йўлини ўрганиш шунчаки олим кишининг бурчи эмас, ҳар бир авлоднинг келажаги учун жуда катта эҳтиёждир. Зеро, Туркия ва Ўзбекистон халқи тарбия қилишни истаган келажак авлоднинг қалбида Жалолиддиннинг мардлиги, жасорати, матонати, муҳаббати акс этмоғи жоиз ва шартдир.

Туркиянинг Дижле университети адабиёт факультети тарих кафедраси мудири, доктор Ўқтай БЎЗАН икки қардош мамлакат олимларининг сўнгги изланишлари ҳақида сўзлаб берди:

 — Яқинда Туркияда бўлиб ўтган халқаро конференцияда бир гуруҳ ўзбек тарихчи ва тадқиқотчи ҳамкасбларимиз билан буюк саркарда дафн этилган жойга оид ноёб манбалар топилганини маълум қилдик. Мазкур манбаларда Султон Жалолиддин Диёрбакир вилояти Силван шаҳридаги Маяфориқин қалъасининг шимоли-шарқидаги Буржи Малик минораси тагига дафн этилгани тўғрисидаги қимматли маълумотлар келтирилган. Уларнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлигини ўрганиш жараёнида яна бир қанча янги фактлар аниқланди.

Жалолиддин Мангуберди фонди раҳбари, Урганч давлат университети тадқиқотчиси Бекзод Абдиримов бошчилигидаги бир гуруҳ изланувчиларнинг Туркияга қилган ижодий сафари нафақат ўзбек ҳамкорларимиз, балки ўзимиз учун ҳам жуда самарали бўлди.

 Мен ва Дижле университети тадқиқотчиси, доктор Арафат Яз ва бир қанча олимларимиз Жалолиддин Мангубердига оид маълумотларни ўрганиш борасида ўзбекистонлик тадқиқотчилар билан сўнгги уч йилда яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз.

Шу ўринда фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Президентига ва Жалолиддин Мангуберди фонди раҳбарига, тадқиқотчиларига, олимларига ижодий изланишлари ва ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдирмоқчиман.

Турк ва ўзбек тадқиқотчилари ҳамкорликда буюк саркарданинг ҳалокати билан боғлиқ жараёнларни ўрта асрда форс ва араб тилларида ижод қилган Шиҳобиддин ан-Насавий, Сибт ибн ал-Жавзий, Ибн Ҳанбалий, Ибн ал-Асир, Жузжоний сингари тарихчиларнинг
40 дан ортиқ тарихий манбаларидан изладик.

Бизга Шиҳобиддин ан-Насавийнинг асаридан маълум эдики, Жалолиддин Мангуберди 1231 йил Диёрбакир (Амид) яқинида қўшинидан ажралганидан сўнг ёлғиз қолган. Унинг ортидан қувиб, етиб олган бир нечта мўғул аскарини йўқ қилган. Бироқ саркарда Айн-Дар қишлоғида қароқчилар томонидан ўлдирилган. Саркарданинг ҳалокати тўғрисидаги хабар Маяфориқин шаҳри ҳокими Малик Шаҳобиддин Ғозийга етказилади. Ҳоким Мангуберди жасадини Маяфориқинга олиб келиб, ҳурмат-иззат билан, мусулмончилик қоидалари асосида дафн қилади.

Аммо бугунги кунгача Айн-Дар номли қишлоқ ёки аҳоли манзилгоҳи Туркия ҳудудида учрамасди. Мазкур қишлоқнинг қаердалигини аниқлаш бўйича ўзбек тарихчи дўстларимиз билан изланишлар олиб бордик ва янги маълумотлар қўлга киритишга муваффақ бўлдик. Усмонли даври архивларида мавжуд 1842 йилги аҳолини рўйхатга олиш китобида Силван шимолидаги тоғли ҳудудда Айн-Дар номли қишлоқ борлиги қайд қилинган.

 Мен тадқиқотчи ҳамкасбим Арафат Яз билан бу ҳақиқатми ёки йўқми, аниқ билиш учун ўрганиш олиб бордик. Энг аввало, Усмонли даври ҳужжатлари ва аҳолини рўйхатга олиш дафтарларини синчиклаб тадқиқ қилдик. Ўзбекистондан келган Бекзод Абдиримов бошчилигидаги гуруҳ билан биргаликда 1842 йилдаги Усмонли ҳужжатларида қайд этилган Айн-Дар номли қишлоққа бордик. Қишлоқ жойлашуви, тоғлари ҳақидаги маълумотларни қайта кўриб чиқиш ва ўрганиш учун бир ҳафта ўша жой оқсоқоли ва аҳли билан суҳбатлашиб, улардаги бор маълумотларни ҳам қўлга киритдик.

Қишлоқнинг ҳозирги номи Каваклибўғоздир. Бу жой Туркиянинг энг қадимий гўшаси. Изланишларимиз доирасида амин бўлдикки, ушбу қишлоқ азалдан қароқчилар учун бошпана бўла оладиган ниҳоятда қулай жой ва табиий ҳудуд саналган.

Қишлоқ Диёрбакирдан 84, Силвандан 32 ва Ҳазродан 16 километр олисда жойлашган. Ушбу маълумотларни қўлга киритар эканмиз, уларнинг тарихий манбаларга мос келаётганига яна бир бор амин бўлдик. Баъзи манбаларда Айн-Дар қишлоғи курдлар ва арманлар яшайдиган жой сифатида тилга олинади. Муҳим жиҳати шундаки, қишлоқда 1842 йилда 80 та мусулмон ва 5 та арман хонадони бўлган. Шундан келиб чиқиб, бу ерда мусулмонлар ва арманлар бирга яшаган, деб айта оламиз!

Шиҳобиддин ан-Насавий айтганидек,
“...разил кимса ўз қилмиши билан энг катта бахтсизлик келтириб чиқарди, оламни Жалолиддинсиз қолдирди...”.

Бугун кунда Ўзбекистон Президенти буюк аждодлар тарихи ва бой маънавий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш учун барча имконият ва шарт-шароитларни яратиб бераётгани ­эътиборлидир. Келажак авлодни миллий тарих билан қуроллантириш борасидаги ташаббус ғоят таҳсинга сазовор.

Бунинг замирида ўзбек ёшлари қалбига Жалолиддиннинг мардлигини сингдириш ҳам назарда тутилгани қувонарли. Бунинг учун ўзбекистонлик ҳамкорларимизга ташаккур билдириб қоламан.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Гуличеҳра ДУРДИЕВА ёзиб олди.